Шу йил 9 ноябрь куни Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Баҳрамиддин Разовнинг бошчилигидаги қозиёт ходимлари, туманлар бош имомлари ва ҳожилардан иборат гуруҳ Нукус шаҳридаги “Имом эшон Муҳаммад”, “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф”, “Салмен эшон”, “Аллаҳберди Азиз”, “Муҳамммад Бахий эшон” ва “Ережеп бий” масжидларининг иш фаолиятини ўрганиш, имом-хатиблар билан тажриба алмашиш, уларга амалий кўрсатмалар бериш мақсадида тадбир ташкил қилинди.
Тадбирда масжидлар атрофидаги маҳаллаларда истиқомат қилувчи нотинч, ёрдамга муҳтож оилалар, ногиронлиги бўлган фуқаролар ҳолидан ҳам хабар олиниб, уларга моддий ёрдамлар бериш ҳам белгиланган.
Бош имомлар масжидларда амалга оширилган тозалаш, ободонлаштириш, куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари, масжидларда иш юритиш ҳужжатлари билан танишди. Мазкур масжидларда пешин намозидан сўнг “Масжид одоби”, “Тинчлик ва хотиржамлик – олий неъмат”, “Шукроналик» мавзуларида марузалар қилинди.
Д.Беканов,
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти ходими
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси таниқли уламо Абдуқаҳҳор Ғаффоров (Шоший)нинг вафоти муносабати билан чуқур таъзия изҳор этади.
Аллоҳ таоло марҳум уламони Ўз мағфиратига олсин, имонларини саломат қилсин, солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ этсин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!
Маълумот ўрнида Абдуқаҳҳор Шоший 1939 йили Тошкент шаҳридаги "Ҳазрати Имом" даҳасида туғилганлар. 1956-1960 йиллари Бухородаги “Мир Араб” мадрасасида, 1965-1969 йиллари Мисрдаги “Ал-Азҳар” дорилфунунида ўқиганлар. Сўнг Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси халқаро бўлими мудири, “Мир Араб” мадрасаси директори, Тошкент Ислом олий маъҳади ректори вазифаларида ишлаганлар. “Ислом ақидаси”, “Ислом арконлари”, “Қуръоний ҳикоялар” каби ўнлаб китоблар муаллифи ва таржимонлари саналади.
Ҳақ таоло марҳум олимнинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин. Биз Буюк Парвардигордан дуо қилиб сўраймизки, марҳум олимни ўзининг чексиз раҳматига олсин, жаннат боғларига дохил этсин.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси