Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
14 Август, 2026   |   1 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:02
Қуёш
05:31
Пешин
12:28
Аср
17:21
Шом
19:28
Хуфтон
20:54
Bismillah
14 Август, 2026, 1 Рабиъул аввал, 1448
Мақолалар

Онасини хизматини қилиш учун ҳажга бормаган саҳоба

12.11.2024   6352   5 min.
Онасини хизматини қилиш учун ҳажга бормаган саҳоба

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

عَنِ الْحَسَنِ، فِي الرَّجُلِ يَكُونُ لَهُ وَالِدَانِ، أَيَخْرُجُ لِلتِّجَارَةِ؟ قَالَ: إِنْ كَانَتْ لَهُ مِنْهَا مَنْدُوحَةٌ فَلَا يَخْرُجُ.

Ҳасандан ривоят қилинади: «Бир одамнинг ота-онаси бор. У тижоратга чиқадими?» (деб сўрашди). У: «Агар ўшани қилмаслик имкони бўлса, чиқмасин», деди».

Шарҳ: Ўша вақтларда одамлар ойлаб тижорат сафарида юришган. Карвонларга молларини ортиб, Шомга олиб бориб сотар, у ердан яна бошқа нарсаларни олиб қайтишар эди.

«Ота-онаси бор одам уларни ташлаб, тижоратга кетса бўладими?» деган саволга имом Ҳасан Басрий шундай жавоб айтибдилар: «Агар ўша тижоратни қилмаса ҳам куни ўтадиган бўлса, бормагани яхши».

Тижорат ортиқча зебу зийнат учун мол ишлаш мақсадида бўладиган бўлса, унга бормай қўяверсин. Ота-онасининг хизматини қилсин, дуосини олсин. Ана шунинг ўзи зиёда мол топишдан кўра яхши.

عَنِ الزُّهْرِيِّ قَالَ: بَلَغَنَا أَنَّ أَبَا هُرَيْرَةَ لَمْ يَكُنْ يَحُجُّ حَتَّى مَاتَتْ أُمُّهُ لِصُحْبَتِهَا.

Зуҳрийдан ривоят қилинади: «Бизга айтилишича, Абу Ҳурайра онасининг суҳбати учун у вафот этгунича ҳаж қилмаган».

Шарҳ: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу оналарини беҳад ҳурмат қилиб, «Онажонимнинг суҳбатларини топай, хизматларини қилай», деб ҳаж ҳам қилмаганлар. Оналари вафот этганидан кейингина ҳаж қилганлар. Бу улуғ саҳобийнинг онага бўлган ҳурмати. Ҳаттоки ҳажни ҳам кейинроққа қолдириб, онажонимнинг хизматидан қолмай, у кишининг суҳбатидан маҳрум бўлмай деб, фидойилик қилганлар.

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرٍو قَالَ: جَاءَ رَجُلٌ إِلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ، جِئْتُ أُبَايِعُكَ عَلَى الْهِجْرَةِ، وَقَدْ تَرَكْتُ أَبَوَايَ يَبْكِيَانِ. قَالَ: «فَارْجِعْ إِلَيْهِمَا، فَأَضْحِكْهُمَا كَمَا أَبْكَيْتَهُمَا».

Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинади: «Бир одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, «Эй Аллоҳнинг Расули, ҳузурингизга ҳижратга байъат қилгани келдим. Ота-онамни йиғлаган ҳолларида ташлаб келдим», деди.

«Икковларининг ҳузурига қайт! Уларни қандай йиғлатган бўлсанг, шундай кулдир», дедилар».

Шарҳ: Демак, ҳижратга чиқиш маъносида ҳам ота-онанинг рухсати зарур экан. Уларни норози қилиб, ҳижратга кетишга фарзанднинг ҳаққи йўқ экан. Шунинг учун Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаттоки ҳижратга отланган саҳобаларининг ҳам ота-оналари норози бўлганларининг хабарини эшитганларидан сўнг уларни тезда орқага қайтишга, ота-онасини хурсанд қилишга, уларга итоат этишга буюрган эканлар.

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرٍو قَالَ: جَاءَ رَجُلٌ إِلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يُبَايِعُهُ عَلَى الْهِجْرَةِ، فَقَالَ: مَا جِئْتُ حَتَّى أَبْكَيْتُ أَبَوَايَ. قَالَ: «فَارْجِعْ إِلَيْهِمَا فَأَضْحِكْهِمَا».

Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинади: «Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига ҳижрат учун байъат қилгани келди ва: «Ота-онамни йиғлаганича қолдириб келдим», деди.

«Уларнинг олдига қайт! Уларни кулдир!» дедилар».

Шарҳ: Бу ҳадиси шариф ҳам аввалги ривоятга ўхшар экан. «Бир одам келиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳижрат ҳақида байъат қилмоқчи бўлди», дейдилар ровий. Лекин гапининг ичида: «Мен келаётиб, ота-онамни йиғлатиб келдим», деди. «Йўқ, орқангга қайт, бориб, уларни кулдиргин», дедилар Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам.

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرٍو قَالَ: أَتَى النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ رَجُلٌ فَقَالَ: جِئْتُكَ لِأُبَايِعَكَ عَلَى الْهِجْرَةِ، وَقَدْ تَرَكْتُ أَبَوَايَ يَبْكِيَانِ. قَالَ: «ارْجِعْ إِلَيْهِمَا، فَأَضْحِكْهُمَا كَمَا أَبْكَيْتَهُمَا».

Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинади: «Бир одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, «Эй Аллоҳнинг Расули, ҳузурингизга ҳижратга байъат қилгани келдим. Ота-онамни йиғлаган ҳолларида ташлаб келдим», деди.

«Уларга қайт! Уларни қандай йиғлатган бўлсанг, шундай қилиб кулдир», дедилар».

Шарҳ: Бу ҳадиси шариф аввал ҳам келган. Лекин таъкид учун яна келтириляпти. Чунки уни бошқа одамлар ҳам ривоят қилишган.

Бир одам келиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Мен сизга ҳижрат учун байъат қилгани келдим. Лекин ота-онам йиғлаб қолдилар», деди. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур саҳобага: «Ота-онангнинг олдига бор, уларни кулдиргин», деб фармон бердилар.

«Яхшилик ва силаи раҳм» китоби 1-жуз.

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Регистон майдонини Имом ал-Мотуридий мақбараси билан боғлайдиган кўча реконструкция қилинмоқда

14.08.2026   7001   1 min.
Регистон майдонини Имом ал-Мотуридий мақбараси билан боғлайдиган кўча реконструкция қилинмоқда

Самарқанднинг тарихий қисмида туризм инфратузилмасини кенг кўламли янгилаш ишлари давом этмоқда. Амалга оширилаётган лойиҳаларнинг асосий мақсади хорижий сайёҳларнинг қолиш муддатини узайтириш, қулай шаҳар муҳитини яратиш ва бир вақтнинг ўзида маҳаллий аҳолининг ҳаёт сифатини оширишдан иборат.

“Самаркандский вестник” нашрига кўра, туризмни ривожлантириш дастури доирасида эски шаҳарнинг 13 та кўчаси босқичма-босқич замонавий пиёдалар йўлагига айлантирилмоқда. Бу ерда янги хизмат кўрсатиш объектлари барпо этилмоқда, жамоат жойлари ободонлаштирилмоқда, миллий меъморчилик анъаналарини сақлаб қолган ҳолда муҳандислик коммуникациялари ва бино фасадлари янгиланмоқда.

Энг йирик лойиҳалардан бири Регистон майдонини Имом ал-Мотуридий мақбараси билан боғлайдиган Бухоро кўчасини реконструкция қилиш бўлди. Кўчанинг 850 метр қисми тўлиқ пиёдалар ҳудудига айлантирилади. Лойиҳани ишлаб чиқувчилардан бири, Самарқанд давлат техника университети ўқитувчиси Жасур Бердиқуловнинг таъкидлашича, илгари бу ерда қатнов қисмининг торлиги туфайли мунтазам равишда тирбандликлар юзага келган, қулай пиёдалар йўлакларининг йўқлиги эса пиёдалар учун жиддий ноқулайликлар туғдирган. Ишлар якунлангач, кўча хавфсиз жамоат майдонига айланади. Аҳоли учун алоҳида тўхташ жойи ажратилган бўлиб, транспорт воситаларининг киришига фақат зарурат туғилганда махсус хизматларга рухсат берилади. Шу билан бирга, сув, газ, электр ва бошқа муҳандислик тармоқлари тўлиқ модернизация қилинмоқда.

Олтин аср маҳалласида жойлашган Бағдод кўчасида ҳам ишлар давом этмоқда. Бу ерда 600 метрлик ҳудуд ободонлаштирилмоқда. Лойиҳа доирасида замонавий туризм ва хизмат кўрсатиш инфратузилмасини яратиш, кичик бизнес ва хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш кўзда тутилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари