Иккинчи фасл
Бану Умайя халифалари
Муовия ибн Абу Суфён халифалиги
(ҳижрий 41–60; милодий 661–680)
Абдурраҳмон ибн Абу Умайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади (у киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан эдилар):
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Муовия ҳақида: «Аллоҳим, уни ҳидоят қилувчилардан, ҳидоят топганлардан қилгин ва у ила ҳидоят қилгин», дедилар». Имом Термизий ривоят қилган.
Ушбу ҳадиси шариф Муовия ибн Абу Суфён учун катта фазлдир. Расулуллоҳ, соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари ижобат бўлишида шубҳа йўқ.
Муовия ибн Абу Суфённинг насаби
Муовия ибн Абу Суфён ибн Ҳарб ибн Умайя ибн Абдушшамс. У кишининг кунялари Абу Абдурраҳмон бўлган.
Муовия ибн Абу Суфённинг оталари Абу Суфён ибн Ҳарб бўлган. Қурайшнинг бошлиғи бўлишидан олдин Абу Суфён Исломнинг ашаддий душмани бўлгани маълум ва машҳур.
Муовия ибн Абу Суфённинг онаси Ҳинд бинт Утба ибн Рабиъадир. Бу аёлнинг ҳам Макка фатҳидан сўнг Исломга келгани, ундан олдин Аллоҳнинг динининг энг ашаддий душманларидан бири бўлгани кўпчиликка маълум. Уҳуд уруши куни ҳазрати Ҳамза розияллоҳу анҳунинг ўлимларига ва қиймаланишларига айнан Ҳинд бинт Утба бош бўлгани ҳам сир эмас.
Муовия ибн Абу Суфён мазкур ота ва онадан Маккаи мукаррамада ҳижратдан ўн беш йил олдин таваллуд топди.
У киши новча, оппоқ, келишган ва ҳайбатли одам бўлган.
Муовия ибн Абу Суфённинг ҳаёти
Ана шундай ота-онанинг тарбиясини олган, шундай оилада униб-ўсган фарзанднинг дарҳол мусулмон бўлиши қийин эди.
Муовия ибн Абу Суфён Хандақ ғазотида мушриклар сафида бўлган, қаттиқ шамолдан қўрқиб, улар билан бирга қочиб кетган.
Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу Худайбия йили – ҳижрий 6 (милодий 627) йилда мусулмон бўлган, лекин буни махфий сақлаган. Фатҳ йили – ҳижрий 8 (милодий 629) йилда Қурайш қабиласи Исломга кирган пайтда мусулмонлигини эълон қилган. Ўшанда у кишининг ёши йигирма учда эди.
Кейинчалик Муовия ибн Абу Суфён Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Ҳунайн ва Тоиф ғазотларида иштирок этган. Расулуллоҳ, соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига жуда кўп ўлжалар берганлар. Ўша куни қалби улфат қилинган шахслардан ҳисобланган ва исломи гўзал бўлган.
Муовия ибн Абу Суфён Мадинаи мунавварада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ваҳий котибларидан бўлган.
Муовия розияллоҳу анҳу ҳаммаси бўлиб 163 та ҳадис ривоят қилган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишидан рози бўлган ҳолларида вафот этганлар. Муовия розияллоҳу анҳу Ярмук жангида иштирок этган, шунингдек, Дамашқни фатҳ қилишда акаси Язиднинг аскарлари ичида бўлган, Қаёсира шаҳри ва Шомнинг денгиз бўйида жойлашган баъзи юртларини фатҳ қилишда қатнашган.
Амвосдаги вабода кўпгина саҳобаи киромлар, жумладан, Дамашқнинг амири Язид ибн Абу Суфён ҳам вафот этиб, унинг ўрнига укаси Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу амирлик қила бошлади.
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг вафотларидан кейин ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ҳам Муовия ибн Абу Суфённинг амирлигини тасдиқладилар.
Умар розияллоҳу анҳу у кишини барча Шом юртларига волий қилиб тайинладилар. Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу ҳазрати Умар розияллоҳу анҳудан Румга қарши денгиз орқали ғазот қилишга рухсат сўраган, лекин ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу кўнмаганлар, лекин кейинчалик у барибир Рум ерларига қарши ғазот қилган.
Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу, халифанинг амрига биноан, арманлар юртини фатҳ қилиш мақсадида Шом томондан Ҳабиб ибн Маслама Фихрий бошчилигида лашкар юборди. Маълум муддат жанг бўлганидан сўнг арманлар сулҳ сўрадилар ва орада сулҳ тузилди.
Ҳижрий 25 йилда ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу томонларидан Шомга бош волий этиб тайинланган Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу У кишининг амрлари ила Румнинг Амурийя, Тартус ва Антокия деган жойларини фатҳ қилди.
Муовия розияллоҳу анҳу ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳудан денгиз орқали ғазот қилишга рухсат сўраб қаттиқ туриб олган ва халифанинг рухсати билан у киши бошчилигидаги аскарлар Қибрис – Кипрга ғазот қилиб, ҳижрий 28 (милодий 648) йилда у ерни фатҳ этганлар.
Ҳазрати Муовия розияллоҳу анҳу мусулмонлар иштирок этган энг катта денгиз жангида Рум аскари устидан ғалабага эришган. Ҳижрий 31 (милодий 651) йилда бўлиб ўтган бу жанг «Зотус-саворий» жанги деб аталади.
Халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг изнлари ила мусулмонларнинг денгиз кучларини ташкил қилган Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу ҳар йили ёз фаслида денгиз фатҳларини ўтказиб турар, бу иш румликларнинг тинчини бузар эди. Ниҳоят улар Ҳирақлнинг ўғли Константин бошчилигида катта куч тўплаб, ана шу мисли кўрилмаган катта куч билан мусулмонлар устига ғорат қилиш учун отланишди.
Улар ўзларининг беш юзта кемалари билан мусулмонларнинг ғарбий томонини ҳимоя қилиб турган Абдуллоҳ ибн Саъд ва унинг шериклари томон ёпирилиб боришди. Икки томон юзлашди, румликлар чўкиниб, дуоларини қилишди, мусулмонлар эса тиловат қилиб, намоз ўқидилар.
Тонг отганда Абдуллоҳ ибн Саъд ўз аскарларининг кемаларини сафга тизди. Уларга Аллоҳни зикр этишни ва Қуръон тиловат қилишни буюрди. Ана шу ҳолни кўрган мусулмон аскарлардан бири шундай ҳикоя қилади:
«Улар биз томон мисли кўрилмаган кўп кемалар билан, уларнинг елканларини кўтарган ҳолда юриш бошлашди. Шамол уларнинг фойдасига, бизнинг зараримизга (тескари) эсар эди. Биз лангар ташладик. Шамол биз учун ўнғайсизлик туғдирмай қўйди. Улар қуруқликка чиқишдан бош тортишди. Биз уларга яқинлашиб бордик. Кемаларимизни уларнинг кемаларига боғлаб, улар билан қиличбозликни бошладик. Одамлар қилич ва ҳанжарлар билан ўзаро жанг қилишарди. Тўлқин кемаларни қирғоқ томон суриб чиқарди. Одамларнинг жонсиз таналарини ҳам соҳилга чиқариб ташлади. Жасадлар катта тоққа ўхшаб уюлиб кетган эди. Қон ранги сувни қизилга бўяди. Ўша куни мусулмонлар мисли кўрилмаган сабр-матонат кўрсатдилар. Улардан кўплари шаҳид бўлдилар. Румликлардан эса уларга қараганда бир неча баробар кўп одам ҳалок бўлди. Сўнг Аллоҳ мусулмонларга нусратни нозил қилди».
Бу жангнинг «Зотус-саворий» – «Елкан эгалари» ёки «Елканлар жанги» деб номланиши ҳам шундан.
Муовия ибн Абу Суфённинг халифага қарши чиқиши
Ҳазрати Усмон шаҳид бўлганларидан кейин Алий розияллоҳу анҳуга халифа сифатида байъат қилинди. У киши ҳазрати Усмон томонларидан сайланган барча волийларни ишдан олдилар. Бу ишдан норози бўлган Муовия ибн Абу Суфён байъат қилишдан бош тортди. Шу сабабли халифа билан у киши ўртасида жанжал ҳам бўлиб ўтди. Бу ишлар хаворижлардан бири томонидан ҳазрати Алий розияллоҳу анҳунинг қатл қилинишлари билан ниҳоясига етгач, ҳазрати Алий розияллоҳу анҳунинг ўғиллари имом Ҳасанга байъат қилинди. Кўп ўтмай, имом Ҳасан мусулмонларнинг қонини сақлаб қолиш мақсадида ҳокимиятни Муовияга топшириб, ўзлари халифаликдан воз кечдилар. Бу билан мусулмонларни бирлаштирдилар.
Муовия розияллоҳу анҳу ҳижрий 41 (милодий 661) йилда қонуний халифа сифатида иш бошлади. Шу йил «жамоат йили» деб аталди. Ишлар қарор топди, юрт хавфсизлиги ҳамма ёққа тарқалди. Ички ихтилофлар туфайли тўхтаб қолган янги ерларни фатҳ қилиш ишлари яна йўлга қўйилди.
Ҳазрати Алий шаҳид бўлгач, у кишининг ўғиллари имом Ҳасан ҳижрий 41 йилнинг рабиъул аввал ойида ўз ихтиёрлари билан Муовия ибн Абу Суфёнга байъат қилганларидан сўнг у киши халифа бўлди. Бунгача йигирма йилдан буён амирлик қилиб келган Муовия ибн Абу Суфён яна йигирма йил халифалик қилди.
Муовия ибн Абу Суфённинг халифалик даврида Ислом жамияти яна ҳам кенгайди ва марказий ҳукумат атрофида бирлашди.
Муовия ибн Абу Суфён ниҳоятда ҳалим одам бўлиб, у кишининг бу хислати зарбулмасал бўлиб кетган эди. Ҳатто Ибн Абуддунё ва Абу Бакр ибн Осимлар Муовия ибн Абу Суфённинг ҳилми ҳақида алоҳида рисолалар ҳам ёзганлар. Тарих ва адабиёт китобларимизда мазкур ҳилмни васф этувчи ҳикоялар жуда кўп:
«Муовия ибн Абу Суфён ҳажга келганида, унинг олдига ўзининг қаттиқ мухолифати билан танилган аёллардан Баккора Ҳилолияни олиб киришди. Халифа Муовия ибн Абу Суфён у аёлдан: «Нима учун Алийни яхши кўриб, мени ёмон кўрдинг ва уни дўст тутиб, мени душман билдинг?» деб сўради.
«Жавобдан мени маъзур тутинг», деди аёл.
«Маъзур тутмайман», деди халифа.
«Ундай булса, эшитинг. Мен Алийни фуқароларга адолати учун, нарсани ҳаммага тенг тақсим қилгани учун яхши кўрдим. Сизни эса халифаликка сиздан кўра ҳақлироқ одамга қарши уруш қилганингиз учун ёмон кўрдим. Сизга қонхўрлигингиз, қозиликда зулм қилганингиз ва хавои нафсингиз ила ҳукм қилганингиз учун душман бўлдим», деди аёл».
Яна бошқа бир мисол:
«Бир куни халифа Муовия ибн Абу Суфён минбарда туриб, хутба қилаётган эди. У ўша пайтда одамларга бериладиган моддий ёрдамни тўхтатиб қўйганди.
Одамлар ичидан Абу Муслим исмли киши ўрнидан туриб: «Эй Муовия! Ўша бериладиган нарса сенинг меҳнатингдан ҳам, отангнинг меҳнатидан ҳам, онангнинг меҳнатидан ҳам эмас эди!» деди. Муовия ғазабланди. Минбардан тушди. Одамларга: «То келгунимча туриб туринглар, - деди-да, кириб кетиб, бир муддат ҳаяллаб қолди. Сўнг қайтиб чиқди. Ғусл қилиб олган эди. Кейин: «Абу Муслим менга гапириб, ғазабимни чиқарди. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ғазаб шайтондандир. Шайтон эса оловдан яратилган. Олов эса сув билан ўчирилади. Қачон бирингиз ғазабланса, ғусл қилиб олайин» деганларини эшитган эдим. Кириб, ғусл қилиб чиқдим. Абу Муслим тўғри айтди. Албатта, у менинг меҳнатимдан ҳам эмас, отамнинг меҳнатидан ҳам эмас. Келинглар, оладиган атоларингизни олинглар», деди».
Имом Табароний ва Абу Яъло раҳматуллоҳи алайҳимо Абу Фунайлдан ривоят қиладилар:
«Муовия ибн Абу Суфён бир жума куни минбарга чиқди ва хутбасида: «Мол бизнинг молимиз ва ўлжа бизнинг ўлжамиз. Кимга хоҳласак – берамиз. Кимга хоҳламасак, бермаймиз», деди.
Бирор киши унга жавоб бермади.
Иккинчи жума куни яна ўша гапни айтди.
Бирор киши унга жавоб бермади.
Учинчи жума куни яна ўша гапга ўхшаш гапни айтди. Шунда масжидда ҳозир бўлганлардан бир киши ўрнидан туриб: «Йўқ! Ундай эмас! Мол бизнинг молимиз ва ўлжа бизнинг ўлжамиз. Ким бизни ундан тўсса, қиличларимиз ила уни Аллоҳнинг маҳкамасига ўтказамиз!» деди.
Муовия ибн Абу Суфён пастга тушди. Ҳалиги кишига одам юборди. Уни ичкарига олиб кириб кетишди. Одамлар: «Бу одам энди ўлди», дейишди. Сўнг кириб қарашса, ҳалиги одам у билан сўрида ўтирган экан. Муовия одамларга: «Бу мени тирилтирди. Аллоҳ уни тирилтирсин! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Мендан кейин амирлар бўлур. Улар гап айтсалар, рад қилинмас. Улар оловга маймунлар талашгандек, талашиб қилурлар» деганларини эшитган эдим.
Мен биринчи жума куни гапирганимда, менга ҳеч ким жавоб қайтармади. Мен ҳам ўшаларданмиканман деб қўрқдим.
Иккинчи жума куни гапирганимда, менга ҳеч ким жавоб қайтармади. Мен ҳам ўшаларданмиканман деб қўрқдим.
Учинчи жума куни гапирганимда, манави киши туриб, менга қарши сўз айтди. У мени тирилтирди. Аллоҳ уни тирилтирсин!» деди».
Муовия ибн Абу Суфённинг ҳаёт йўли, у кишининг аввал ким бўлгани-ю, кейин кимга айланганини ўрганар эканмиз, бу ҳам Исломнинг яна бир мўъжизаси эканига тан берамиз.
Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу Исломга энг ашаддий душман бўлган ота-онадан туғилиб, уларнинг тарбиясида ўсди. У киши ота-оналарига қўшилиб, бир муддат Ислом душмани бўлиб юрди. Маккаи мукаррама фатҳ бўлиб, ҳамма Исломни қабул қилаётганда кўпчиликка қўшилиб мусулмон бўлди, бўлганда ҳам, жуда гўзал, ҳаммага намуна бўладиган мусулмонга айланди.
У киши Исломни қабул қилган илк кунлариданоқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ваҳийни ёзадиган мирзалардан бири бўлди.
У киши учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саҳоба бўлишнинг ўзи катта бахт эди. Аммо Муовия ибн Абу Суфён бу билан кифояланиб қолмай, юқори чўққиларга интилди. Исломни пухта ўрганди ва фақиҳ саҳобалар қаторига қўшилди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида уч йилгина бирга бўлган бўлса ҳам, кўп нарсаларни ўрганиб улгурган Муовия ибн Абу Суфён ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг даврларида оддий жангчи бўлиб урушда иштирок эта бошлади ва амир даражасига кўтарилди. У киши тўрт рошид халифа даврларида йигирма йил амирлик қилиб, Шомда Исломнинг тарқалишига ва мустаҳкамланишига катта ҳисса қўшди.
Муовия ибн Абу Суфённинг халифалик даврида Ислом Атлантика океани қирғоқларигача етиб борди. У кишининг Ислом учун бу даврда қилган хизматлари ҳақида кўп жилдлик китоблар ёзилган.
Бундай ҳолат фақат Исломдагина бўлиши мумкин. Бошқа ҳолатларда эса «Чаённинг боласи чаён, душманнинг боласи душман бўлади» деб, Муовия ибн Абу Суфёнга ўхшаганлар ўлдириб юборилишлари турган гап эди. Аммо «Ислом ўзидан олдинги нарсани ювиб ташлайди» деган қоида Муовия ибн Абу Суфёнга ўзини кўрсатишга имкон яратиб берди ва у киши Исломга нисбатан фидокорликни намоён қилди.
Кейинги мавзулар:
Умавийлар давридаги фатҳлар;
Хаворижлар.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг халифалиги
(халифалик даври: ҳижрий 64–73; милодий 683–692)
Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг ҳаёти
Абдуллоҳ ибн Зубайр – жаннат башорати берилган ўн кишининг бири бўлган машҳур саҳоба Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳунинг ўғилларидир. Оналари – Асмо бинт Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳо.
У зот ҳижратдан кейин Мадинада биринчи туғилган бола эдилар. Шунинг учун у киши туғилганида мусулмонлар ниҳоятда хурсанд бўлган. Ўша пайтда яҳудийлар «Муҳожирларда бепуштлик тарқалган» деб даъво қилишарди. Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг туғилиши эса Мадинаи мунавварада мусулмонлар учун байрам устига байрам бўлиб кетди.
У киши улуғ саҳобадир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларида Абдуллоҳ ибн Зубайр тўққиз ёшда эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўттиз учта ҳадис ривоят қилганлар.
Абдуллоҳ ибн Зубайр Қуръон оятлари ёзилган саҳифалардан мусҳафларга нусҳа кўчиришдек масъулиятли ишни бажарган тўрт саҳобанинг биридирлар.
Усмон розияллоҳу анҳу Ҳафса онамизга одам юбориб: «Бизга саҳифаларни бериб тур, ундан мусҳафларга нусха кўчириб олайлик, кейин уларни ўзингга қайтариб берамиз», деган. Шунда Ҳафса уларни Усмонга бериб юборган. У зот Зайд ибн Собит, Абдуллоҳ ибн Зубайр, Саъид ибн Ос ва Абдурраҳмон ибн Ҳорис ибн Ҳишомларга амр қилган ва улар мусҳафларга нусха кўчиришган.
Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу Ярмук урушида оталари билан бирга иштирок этганлар. Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу қатл қилинган куни у кишини ҳимоя қилиб жанг қилганлар ва жароҳатланганлар. Шунингдек, Қустантиния ғазотида, кейинчалик Муовиянинг даврида Африкадаги фатҳларда ҳам иштирок этганлар.
Ўша пайтда Африка жамияти дейилганда Тароблусдан Танжагача чўзилган катта ерларни ўз ичига олган жамият кўзда тутиларди. Унинг подшоҳи Рум томонидан қўйилар, ўша пайтда Жиржис исмли одам подшоҳ эди. У ҳар йили Рум подшоҳига харож тўлаб турарди. Жиржис бир юз йигирма минг отлиқдан иборат лашкар тўплади. Мусулмонлар келиб, Исломни арз қилишган эди, у бош тортиб, урушни ихтиёр қилди. Жиржис жарчи юбориб, «Ким Абдуллоҳ ибн Саъдни қатл қилса, уни қизимга уйлантираман ва юз минг динор бераман!» деб жар солдирди.
Мусулмонларнинг қўмондони Абдуллоҳ ибн Зубайр эдилар. У киши Абдуллоҳ ибн Саъддан изн олиб, мусулмонлар ичида «Ким Жиржисни қатл қилса, у юз минг динор олади ва Жиржиснинг қизига уйланиб, унинг мамлакатига волий бўлади!» деб жар солдирдилар. Жиржиснинг дилига қўрқув тушди.
Аввалига жанг Жиржиснинг режаси бўйича давом этди, яъни эрталаб бошланиб, пешинда тўхтар эди. Кейин Абдуллоҳ ибн Зубайр мусулмон жангчиларни иккига бўлдилар. Бир қисми пешингача уруш қилади, иккинчиси пешиндан кейин. Ана шунда румликлар дам олишга улгуришмайди. Мусулмонлар эса дам олиб дам олиб, жангни давом эттираверадилар.
Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг ушбу режаси румликларнинг мағлубиятига асосий сабаб бўлди. Абдуллоҳ ибн Зубайр Жиржисни қатл этди.
Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу жуда кўп ибодат қилар эдилар. Халифалар ичида чавандозлиги билан машҳур бўлганлар. Шижоатда у кишига тенг келадиган одам йўқ эди.
«Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу намоз ўқисалар, хушуъдан қотган таёққа ўхшаб қолар эдилар. Сажда қилганларида чумчуқлар у кишини девор деб ўйлаб, устиларига қўнар эди. Бир куни Каъбанинг Ҳатийм тарафида намоз ўқиётганларида тош тушиб, кийимларининг бир томонини узиб кетганини ҳам сезмаганлар».
Ҳижратнинг 64 йили Язид ибн Муовия вафот этганида бу зот халифа бўлишлари учун байъат берилди. Мана шу даврда Миср, Ҳижоз, Яман, Хуросон, Ироқ, Шом юртларининг баъзи ерларига ҳукмдор бўлдилар.
Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу ўзлари умавийларга қарши чиқиб, Маккага амир бўлиб турганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айганларидек қилиб, Каъбани қайта қурдилар. Аммо умавийларнинг лашкарбошиси золим Ҳажжож Абдуллоҳ ибн Зубайрни қатл қилиб, қурилишларини бузиб, қурайшликлар кўрганидек қилиб қайта қурди.
Абдуллоҳ ибн Зубайр ўзларининг халифалик даврларида биринчи бўлиб дирҳамни жорий этдилар. Бу дирҳамнинг бир тарафига «Муҳаммадур Расулуллоҳ», иккинчи тарафига «Амруллоҳи бил вафо вал адл» деб битилган эди.
Абдуллоҳ ибн Зубайрга байъат
Карбалода Ҳусайн розияллоҳу анҳу қатл қилинганларидан сўнг Ибн Зубайр Язидни халифаликдан олинди, деб эълон қилдилар ва одамларни ўзларига байъат қилишга чақирдилар. Мадинаи мунаввара ва Маккаи мукаррама аҳли у кишига байъат қилди. Юқорида айтиб ўтилганидек, Язид ибн Муовия Ибн Зубайрга қарши уруш қилди. Мадинаи мунавваранинг Ҳарамини бузиб, ичкарида уруш қилишга журъат этди. Маккаи мукаррама қамал қилиб турилганда, ҳижрий 64 (милодий 683) йилда Язид вафот этди. Шундан кейин Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг ишлари қарор топди. У кишига бошқа шаҳарларнинг одамлари ҳам байъат қилишди. Бану Умайяга фақат Шомнинг бир қисмигина қолди, холос.
Абдуллоҳ ибн Зубайр ана шу тарзда қонуний халифага айланди. Шунга биноан Муовия ибн Язид, Марвон ибн Ҳакам ва Абдулмалик ибн Марвонларнинг биринчи даврдаги халифаликлари ботил ҳисобланди. Улар ҳақида: «Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг замонида Шомда ҳоким бўлиб туришган», дейилади. Аҳли илмларнинг кўплари мана шунга иттифоқ қилганлар.
Ҳодисалар
Марвон ибн Ҳакамнинг фаолияти
Язиднинг ўлимидан кейин унинг ўғли Муовия халифа бўлди. Лекин у халифаликдан воз кечиб, узлатга юз тутди.
Умавийлар ҳижрий 64 йилда Марвон ибн Ҳакамга байъат қилишди. У Шомнинг барчасини ўз ҳукми остига бўйсундиришга имкон топди. Сўнг Абдуллоҳ ибн Зубайрдан Мисрни тортиб олди.
Марвон ибн Ҳакам ҳижрий 65 (милодий 684) йилда вафот этди. У ҳам ўғли Абдулмаликка аҳд олиб, уни халифа қилиб қўйгач, оламдан кўз юмди.
Мухтор Сақафий ҳаракати
(ҳижрий 64–67; милодий 683–686)
Мухтор Сақафий Ибн Зубайрнинг одамларидан эди. Лекин у Ибн Зубайрдан ажралиб, ўзбошимчалик билан иш юритиб, бош кўтарди ва Куфага жўнаб кетди. У залолатга кетиб адашган, ниҳоятда обрўталаб ва мол-мулкка ўч одам эди. У Куфага эга чиқиб олди, Мосулни буйсундирди, Маккага ҳужум қилди. Абдулмалик унга қарши уруш олиб борган эди, Сақафий уни енгди. Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг қотилларини қатл қилди, уларни жуда қаттиқ таъқиб остита олди. Бу ишларни у шийъаларнинг розилиги учун қилди. Мухтор Сақафий Убайдуллоҳ ибн Зиёдни қатл қилди. Сўнгра Мусъаб ибн Зубайр Мухтор Сақафийни йўқ қилди. Мусъаб Абдуллоҳ ибн Зубайр ва унинг укаси томонидан Басранинг волийси этиб тайинланган эди. Бу воқеа ҳижрий 67 (милодий 686) йилда бўлиб ўтди.
Абдулмаликнинг Ироқ ва Мадинани эгаллаб олиши
Абдулмалик ўзи бош бўлиб, Мусъаб ибн Умайрга қарши уруш қилиш учун йўлга чиқди. Мусъаб енгилди ва ҳижрий 71 (милодий 690) йилда қатл қилинди. Ироқ Абдулмаликка бўйсунди. Сўнг унинг лашкари Мадинаи мунавварага келди ва у ерни ҳам ўзига бўйсундирди.
Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг қатл қилиниши ва Макканинг бўйсундирилиши
Кейин Абдулмалик ўз қўмондони Ҳажжож ибн Юсуф бошчилигида лашкарини Макка томон юборди. Ибн Зубайр Маккада ўзига истеҳком қуриб олган эди. Ҳажжож Маккаи мукаррамани қамал қилди. Каъбани манжаниқда тошга тутди. Одамлар Ибн Зубайрни ташлаб қочиб кетишди. Ибн Зубайр ўзига яқин кишилар билан беқиёс шижоат кўрсатиб, Каъбанинг олдида душманга қарши жанг қилди. Бироқ манжаниқда отилган тошлар тегиб синган Каъбанинг бўлаклари остида ҳалок бўлди. Бу ҳодиса ҳижрий 73 (милодий 692) йилда содир бўлди. Шундай қилиб, Макка ва унинг аҳолиси Абдулмаликка бўйсунди. Барча юртларга Абдулмалик қонуний халифа бўлиб олди.
Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳунинг халифалиги таҳминан тўққиз йил давом этди.
Умавийлар халифалигининг қайта тикланиши
Абдулмалик ибн Марвон
(халифалик даври:ҳижрий 73–86; милодий 692–705)
Абдулмалик ибн Марвоннинг ҳаёти ва халифалиги
Абдулмалик ибн Марвон ибн Ҳакам ибн Абу Ос ибн Умайя 16 ёшлигида Муовия уни Мадинага волий қилган эди. У халифа бўлишидан олдин ғоятда обид, зоҳид ва фақих инсон бўлиб, Мадинаи мунавваранинг уламоларидан саналарди. Абдулмалик ибн Марвон ҳижрий 41–45 йилларда Африкани фатҳ қилиш ишларида иштирок этган. Ҳижрий 65 (милодий 684) йилда отаси Марвон ибн Ҳакамнинг вафотидан кейин ишни ўз қўлига олди. Ўша вақтда Ибн Зубайр халифа бўлиб турган эди. У Ироқни Ибн Зубайрдан ажратиб олгандан сўнг уни қатл қилиб, Ҳижозни ўзига бўйсундирди. Бошқа шаҳарлар ҳам унга байъат қилди. Ҳижрий 73 (милодий 692) йилдан Абдулмалик ибн Марвон қонуний халифага айланди ва барча вазиятни ўз қўлига олди.
Бу инсон умавийлар давлатининг иккинчи асосчиси саналади. Абдулмалик ибн Марвон ишни қўлига олган пайтда Ислом олами тарқоқ ҳолатда эди. У ўзининг донолиги ва сиёсати билан юртларнинг ҳаммасини тоатга қайтишга ундади ва бу ишда муваффақиятга эришди. Барча бош кўтаришлар, исёнлар ва қўзғалонларни бостирди.
Фатҳлар
Абдулмалик ибн Марвоннинг даврида кенг ва катта фатҳлар бўлмади, чунки у хорижийларга ва Ибн Ашъасга қарши жанг билан машғул бўлди. Кейинроқ Румга қарши уруш қилишга қайтди, чунки улар Шом юртларига таҳдид солиб турган эди. Мағриб юртлари қайтадан фатҳ, қилинди. Ўша даврда Шимолий Африка майдонида энг катта ва машҳур қўмондонлардан бири Мусо ибн Нусайр бўлди. Уқбанинг ўлимидан кейин Танжа ва Сиптани фатҳ қилди.
Шарқ тарафда Мовароуннаҳр юртларида туркларга қарши урушлар бўлди. Муҳаммад Сақафий Синдни фатҳ қилди. Машриқда кенг қамровли фатҳлар бўлмади, бироқ унинг давридаги барқарорлик отаси Валиднинг пайтидагидан кўра салмоқлироқ бўлди.
Ҳодисалар Абдурраҳмон ибн Ашъас ҳаракати
(ҳижрий 81–85; милодий 700–704)
Ҳижрий 81 йилда Ҳажжож Абдурраҳмон ибн Ашъасни турк юртларини фатҳ қилиш учун юборди.
У ерда жуда кўп ғалабаларга эришган Абдурраҳмон ибн Ашъас Ҳажжожга ва Абдулмаликка итоат қилишдан бош тортди. Ҳажжожга қарши уруш олиб бориб, Ироқни бўйсундирди. Сўнг машриқ тарафда Хуросондан бошқа жойлар унга бўйсунди. Абдурраҳмон ибн Ашъас билан умавийлар орасида катта урушлар бўлди. Ниҳоят ҳижрий 82 йилда у енгилиб, қочиб кетди ва ҳижрий 85 йилда қатл қилинди.
Ҳажжож томонидан Ибн Ашъасга эргашган уламолардан кўпчилиги ҳам қатл қилинди. Уларнинг ичида тобеъинлардан бўлмиш Саъид ибн Жубайр ҳам бор эди.
Ҳажжож ибн Юсуф Сақафий
Абдулмаликнинг энг кўзга кўринган одамларидан бири бўлган бу шахс ўзининг сиёсати, доҳийлиги ва шафқатсизлиги билан машҳур бўлди. У Мусъаб ибн Зубайрга қарши уруш олиб борган, Ироқни умавийларга қўшган қўмондонлардан эди. Сўнг Абдулмалик уни Абдуллоҳ ибн Зубайрга қарши урушиш ва Ҳижозни бўйсундириш учун юборди. У Ибн Зубайрни ўлдирди ва ўша ерларга ўзи волий бўлди.
Ироқда фитналар янгитдан бошланганда (ўзи ҳар доим шундай бўлиб келган), Абдулмалик Ҳажжожни Ироққа волий қилди. Ҳажжож Ироққа қарши раҳмсиз ва шафқатсиз сиёсат олиб бориб, уни ҳам ўзига бўйсундирди. Ҳажжожнинг нуфузи Шарқнинг барча тарафларига тарқалди. Умавийлар давлати дуч келган тўсиқларни енгишда унинг хизматлари ниҳоятда катта эди. Кўриниб турибдики, Ҳажжожнинг шафқатсизлиги ўша замондаги тинчлик ва истиқлол учун хизмат қилган.
Хаворижлар
Ўша даврларда хаворижларнинг Ироқ ва Арабистон яриморолидаги фаолиятлари кучайди. Умавий қўмондонлардан Муҳаллаб ибн Абу Сафро уларнинг устидан кўп ғалабаларга эришиб, у ерларда жуда кўп аҳолини қириб битирди. Қотрий ибн Фужоъа ва Шабиб Шайбоний хаворижларнинг энг кўзга кўринган намояндаларидан эди.
Абдулмалик ибн Марвон амалга оширган энг муҳим ишлар
– Ҳижрий 76 (милодий 695) йилда исломий пул бирлиги чиқарилиб, муомалага киритилди.
– Масжидул Ақсо биноси янгиланди.
– Девон ишлари арабийлаштирилди. Бу иш ҳижрий 81–86 (милодий 700–705) йилларда амалга оширилди.
Абдулмалик ибн Марвоннинг вафоти
Абдулмалик ибн Марвон ҳижрий 86 (милодий 705) йилда вафот этди. Унинг қонуний халифалиги ўн уч йил давом этди.
Кейинги мавзулар:
Валид ибн Абдулмалик.