Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
21 Ноябр, 2024   |   20 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:56
Қуёш
07:18
Пешин
12:14
Аср
15:18
Шом
17:02
Хуфтон
18:19
Bismillah
21 Ноябр, 2024, 20 Жумадул аввал, 1446
Мақолалар

Муовия ибн Абу Суфён халифалиги

12.11.2024   1745   15 min.
Муовия ибн Абу Суфён халифалиги

Иккинчи фасл

Бану Умайя халифалари

Муовия ибн Абу Суфён халифалиги

(ҳижрий 41–60; милодий 661–680)

Абдурраҳмон ибн Абу Умайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади (у киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан эдилар):

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Муовия ҳақида: «Аллоҳим, уни ҳидоят қилувчилардан, ҳидоят топганлардан қилгин ва у ила ҳидоят қилгин», дедилар». Имом Термизий ривоят қилган.

Ушбу ҳадиси шариф Муовия ибн Абу Суфён учун катта фазлдир. Расулуллоҳ, соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари ижобат бўлишида шубҳа йўқ.


Муовия ибн Абу Суфённинг насаби

Муовия ибн Абу Суфён ибн Ҳарб ибн Умайя ибн Абдушшамс. У кишининг кунялари Абу Абдурраҳмон бўлган.

Муовия ибн Абу Суфённинг оталари Абу Суфён ибн Ҳарб бўлган. Қурайшнинг бошлиғи бўлишидан олдин Абу Суфён Исломнинг ашаддий душмани бўлгани маълум ва машҳур.

Муовия ибн Абу Суфённинг онаси Ҳинд бинт Утба ибн Рабиъадир. Бу аёлнинг ҳам Макка фатҳидан сўнг Исломга келгани, ундан олдин Аллоҳнинг динининг энг ашаддий душманларидан бири бўлгани кўпчиликка маълум. Уҳуд уруши куни ҳазрати Ҳамза розияллоҳу анҳунинг ўлимларига ва қиймаланишларига айнан Ҳинд бинт Утба бош бўлгани ҳам сир эмас.

Муовия ибн Абу Суфён мазкур ота ва онадан Маккаи мукаррамада ҳижратдан ўн беш йил олдин таваллуд топди.

У киши новча, оппоқ, келишган ва ҳайбатли одам бўлган.

Муовия ибн Абу Суфённинг ҳаёти

Ана шундай ота-онанинг тарбиясини олган, шундай оилада униб-ўсган фарзанднинг дарҳол мусулмон бўлиши қийин эди.

Муовия ибн Абу Суфён Хандақ ғазотида мушриклар сафида бўлган, қаттиқ шамолдан қўрқиб, улар билан бирга қочиб кетган.

Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу Худайбия йили – ҳижрий 6 (милодий 627) йилда мусулмон бўлган, лекин буни махфий сақлаган. Фатҳ йили – ҳижрий 8 (мило­дий 629) йилда Қурайш қабиласи Исломга кирган пайтда мусулмонлигини эълон қилган. Ўшанда у кишининг ёши йигирма учда эди.

Кейинчалик Муовия ибн Абу Суфён Расулуллоҳ соллал­лоҳу алайҳи васаллам билан Ҳунайн ва Тоиф ғазотларида иштирок этган. Расулуллоҳ, соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига жуда кўп ўлжалар берганлар. Ўша куни қалби улфат қилинган шахслардан ҳисобланган ва исломи гўзал бўлган.

Муовия ибн Абу Суфён Мадинаи мунавварада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ваҳий котибларидан бўлган.

Муовия розияллоҳу анҳу ҳаммаси бўлиб 163 та ҳадис ривоят қилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишидан рози бўлган ҳолларида вафот этганлар. Муовия розияллоҳу анҳу Ярмук жангида иштирок этган, шунингдек, Дамашқни фатҳ қилишда акаси Язиднинг аскарлари ичида бўлган, Қаёсира шаҳри ва Шомнинг денгиз бўйида жойлашган баъзи юртларини фатҳ қилишда қатнашган.

Амвосдаги вабода кўпгина саҳобаи киромлар, жумладан, Дамашқнинг амири Язид ибн Абу Суфён ҳам вафот этиб, унинг ўрнига укаси Муовия ибн Абу Суфён розиял­лоҳу анҳу амирлик қила бошлади.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг вафотларидан кейин ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ҳам Муовия ибн Абу Суфённинг амирлигини тасдиқладилар.

Умар розияллоҳу анҳу у кишини барча Шом юртларига волий қилиб тайинладилар. Муовия ибн Абу Суфён розиял­лоҳу анҳу ҳазрати Умар розияллоҳу анҳудан Румга қарши денгиз орқали ғазот қилишга рухсат сўраган, лекин ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу кўнмаганлар, лекин кейинчалик у барибир Рум ерларига қарши ғазот қилган.

Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу, халифанинг амрига биноан, арманлар юртини фатҳ қилиш мақсадида Шом томондан Ҳабиб ибн Маслама Фихрий бошчилигида лашкар юборди. Маълум муддат жанг бўлганидан сўнг ар­манлар сулҳ сўрадилар ва орада сулҳ тузилди.

Ҳижрий 25 йилда ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу томонларидан Шомга бош волий этиб тайинланган Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу У кишининг амрлари ила Румнинг Амурийя, Тартус ва Антокия деган жойларини фатҳ қилди.

Муовия розияллоҳу анҳу ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳудан денгиз орқали ғазот қилишга рухсат сўраб қаттиқ туриб олган ва халифанинг рухсати билан у киши бошчилигидаги аскарлар Қибрис – Кипрга ғазот қилиб, ҳижрий 28 (милодий 648) йилда у ерни фатҳ этганлар.

Ҳазрати Муовия розияллоҳу анҳу мусулмонлар иштирок этган энг катта денгиз жангида Рум аскари устидан ғалабага эришган. Ҳижрий 31 (милодий 651) йилда бўлиб ўтган бу жанг «Зотус-саворий» жанги деб аталади.

Халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг изнлари ила мусулмонларнинг денгиз кучларини ташкил қил­ган Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу ҳар йили ёз фаслида денгиз фатҳларини ўтказиб турар, бу иш румликларнинг тинчини бузар эди. Ниҳоят улар Ҳирақлнинг ўғли Константин бошчилигида катта куч тўплаб, ана шу мисли кўрилмаган катта куч билан мусулмонлар устига ғорат қилиш учун отланишди.

Улар ўзларининг беш юзта кемалари билан мусулмонларнинг ғарбий томонини ҳимоя қилиб турган Абдуллоҳ ибн Саъд ва унинг шериклари томон ёпирилиб боришди. Икки томон юзлашди, румликлар чўкиниб, дуоларини қилишди, мусулмонлар эса тиловат қилиб, намоз ўқидилар.

Тонг отганда Абдуллоҳ ибн Саъд ўз аскарларининг кемаларини сафга тизди. Уларга Аллоҳни зикр этишни ва Қуръон тиловат қилишни буюрди. Ана шу ҳолни кўрган мусулмон аскарлардан бири шундай ҳикоя қилади:

«Улар биз томон мисли кўрилмаган кўп кемалар билан, уларнинг елканларини кўтарган ҳолда юриш бошлашди. Шамол уларнинг фойдасига, бизнинг зараримизга (тескари) эсар эди. Биз лангар ташладик. Шамол биз учун ўнғайсизлик туғдирмай қўйди. Улар қуруқликка чиқишдан бош тортишди. Биз уларга яқинлашиб бордик. Кемаларимизни уларнинг кемаларига боғлаб, улар билан қиличбозликни бошладик. Одамлар қилич ва ҳанжарлар билан ўзаро жанг қилишарди. Тўлқин кемаларни қирғоқ томон суриб чиқарди. Одамларнинг жонсиз таналарини ҳам соҳилга чиқариб ташлади. Жасадлар катта тоққа ўхшаб уюлиб кетган эди. Қон ранги сувни қизилга бўяди. Ўша куни мусулмонлар мисли кўрилмаган сабр-матонат кўрсатдилар. Улардан кўплари шаҳид бўлдилар. Румликлардан эса уларга қараганда бир неча баробар кўп одам ҳалок бўлди. Сўнг Аллоҳ мусулмонларга нусратни нозил қилди».

Бу жангнинг «Зотус-саворий»«Елкан эгалари» ёки «Елканлар жанги» деб номланиши ҳам шундан.

Муовия ибн Абу Суфённинг халифага қарши чиқиши

Ҳазрати Усмон шаҳид бўлганларидан кейин Алий ро­зияллоҳу анҳуга халифа сифатида байъат қилинди. У киши ҳазрати Усмон томонларидан сайланган барча волийларни ишдан олдилар. Бу ишдан норози бўлган Муовия ибн Абу Суфён байъат қилишдан бош тортди. Шу сабабли халифа билан у киши ўртасида жанжал ҳам бўлиб ўтди. Бу ишлар хаворижлардан бири томонидан ҳазрати Алий розияллоҳу анҳунинг қатл қилинишлари билан ниҳоясига етгач, ҳаз­рати Алий розияллоҳу анҳунинг ўғиллари имом Ҳасанга байъат қилинди. Кўп ўтмай, имом Ҳасан мусулмонларнинг қонини сақлаб қолиш мақсадида ҳокимиятни Муовияга топшириб, ўзлари халифаликдан воз кечдилар. Бу билан мусулмонларни бирлаштирдилар.

Муовия розияллоҳу анҳу ҳижрий 41 (милодий 661) йил­да қонуний халифа сифатида иш бошлади. Шу йил «жамоат йили» деб аталди. Ишлар қарор топди, юрт хавфсизлиги ҳамма ёққа тарқалди. Ички ихтилофлар туфайли тўхтаб қолган янги ерларни фатҳ қилиш ишлари яна йўлга қўйилди.

Ҳазрати Алий шаҳид бўлгач, у кишининг ўғиллари имом Ҳасан ҳижрий 41 йилнинг рабиъул аввал ойида ўз ихтиёрлари билан Муовия ибн Абу Суфёнга байъат қилганларидан сўнг у киши халифа бўлди. Бунгача йигирма йилдан буён амирлик қилиб келган Муовия ибн Абу Суфён яна йигирма йил халифалик қилди.

Муовия ибн Абу Суфённинг халифалик даврида Ислом жамияти яна ҳам кенгайди ва марказий ҳукумат атрофида бирлашди.

Муовия ибн Абу Суфён ниҳоятда ҳалим одам бўлиб, у кишининг бу хислати зарбулмасал бўлиб кетган эди. Ҳатто Ибн Абуддунё ва Абу Бакр ибн Осимлар Муовия ибн Абу Суфённинг ҳилми ҳақида алоҳида рисолалар ҳам ёзганлар. Тарих ва адабиёт китобларимизда мазкур ҳилмни васф этувчи ҳикоялар жуда кўп:

«Муовия ибн Абу Суфён ҳажга келганида, унинг олдига ўзининг қаттиқ мухолифати билан танилган аёллардан Баккора Ҳилолияни олиб киришди. Халифа Муовия ибн Абу Суфён у аёлдан: «Нима учун Алийни яхши кўриб, мени ёмон кўрдинг ва уни дўст тутиб, мени душман билдинг?» деб сўради.

«Жавобдан мени маъзур тутинг», деди аёл.

«Маъзур тутмайман», деди халифа.

«Ундай булса, эшитинг. Мен Алийни фуқароларга адолати учун, нарсани ҳаммага тенг тақсим қилгани учун яхши кўрдим. Сизни эса халифаликка сиздан кўра ҳақлироқ одамга қарши уруш қилганингиз учун ёмон кўрдим. Сизга қонхўрлигингиз, қозиликда зулм қилганингиз ва хавои нафсингиз ила ҳукм қилганингиз учун душман бўлдим», деди аёл».

Яна бошқа бир мисол:

«Бир куни халифа Муовия ибн Абу Суфён минбарда туриб, хутба қилаётган эди. У ўша пайтда одамларга бериладиган моддий ёрдамни тўхтатиб қўйганди.

Одамлар ичидан Абу Муслим исмли киши ўрнидан туриб: «Эй Муовия! Ўша бериладиган нарса сенинг меҳнатингдан ҳам, отангнинг меҳнатидан ҳам, онангнинг меҳнатидан ҳам эмас эди!» деди. Муовия ғазабланди. Минбардан тушди. Одамларга: «То келгунимча туриб туринглар, - де­ди-да, кириб кетиб, бир муддат ҳаяллаб қолди. Сўнг қайтиб чиқди. Ғусл қилиб олган эди. Кейин: «Абу Муслим менга гапириб, ғазабимни чиқарди. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ғазаб шайтондандир. Шайтон эса оловдан яратилган. Олов эса сув билан ўчирилади. Қачон бирингиз ғазабланса, ғусл қилиб олайин» деганларини эшитган эдим. Кириб, ғусл қилиб чиқдим. Абу Муслим тўғри айтди. Албатта, у менинг меҳнатимдан ҳам эмас, отамнинг меҳнатидан ҳам эмас. Келинглар, оладиган атоларингизни олинглар», деди».

Имом Табароний ва Абу Яъло раҳматуллоҳи алайҳимо Абу Фунайлдан ривоят қиладилар:

«Муовия ибн Абу Суфён бир жума куни минбарга чиқди ва хутбасида: «Мол бизнинг молимиз ва ўлжа бизнинг ўлжамиз. Кимга хоҳласак – берамиз. Кимга хоҳламасак, бермаймиз», деди.

Бирор киши унга жавоб бермади.

Иккинчи жума куни яна ўша гапни айтди.

Бирор киши унга жавоб бермади.

Учинчи жума куни яна ўша гапга ўхшаш гапни айтди. Шунда масжидда ҳозир бўлганлардан бир киши ўрнидан туриб: «Йўқ! Ундай эмас! Мол бизнинг молимиз ва ўлжа бизнинг ўлжамиз. Ким бизни ундан тўсса, қиличларимиз ила уни Аллоҳнинг маҳкамасига ўтказамиз!» деди.

Муовия ибн Абу Суфён пастга тушди. Ҳалиги кишига одам юборди. Уни ичкарига олиб кириб кетишди. Одамлар: «Бу одам энди ўлди», дейишди. Сўнг кириб қарашса, ҳалиги одам у билан сўрида ўтирган экан. Муовия одамларга: «Бу мени тирилтирди. Аллоҳ уни тирилтирсин! Ра­сулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Мендан кейин амирлар бўлур. Улар гап айтсалар, рад қилинмас. Улар оловга маймунлар талашгандек, талашиб қилурлар» деганларини эшитган эдим.

Мен биринчи жума куни гапирганимда, менга ҳеч ким жа­воб қайтармади. Мен ҳам ўшаларданмиканман деб қўрқдим.

Иккинчи жума куни гапирганимда, менга ҳеч ким жавоб қайтармади. Мен ҳам ўшаларданмиканман деб қўрқдим.

Учинчи жума куни гапирганимда, манави киши туриб, менга қарши сўз айтди. У мени тирилтирди. Аллоҳ уни ти­рилтирсин!» деди».

Муовия ибн Абу Суфённинг ҳаёт йўли, у кишининг аввал ким бўлгани-ю, кейин кимга айланганини ўрганар эканмиз, бу ҳам Исломнинг яна бир мўъжизаси эканига тан берамиз.

Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу Исломга энг ашаддий душман бўлган ота-онадан туғилиб, уларнинг тарбиясида ўсди. У киши ота-оналарига қўшилиб, бир муддат Ислом душмани бўлиб юрди. Маккаи мукаррама фатҳ бўлиб, ҳамма Исломни қабул қилаётганда кўпчиликка қўшилиб мусулмон бўлди, бўлганда ҳам, жуда гўзал, ҳаммага намуна бўладиган мусулмонга айланди.

У киши Исломни қабул қилган илк кунлариданоқ Расу­луллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ваҳийни ёзадиган мирзалардан бири бўлди.

У киши учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саҳоба бўлишнинг ўзи катта бахт эди. Аммо Муовия ибн Абу Суфён бу билан кифояланиб қолмай, юқори чўққиларга интилди. Исломни пухта ўрганди ва фақиҳ саҳобалар қаторига қўшилди.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида уч йилгина бирга бўлган бўлса ҳам, кўп нарсаларни ўрганиб улгурган Муовия ибн Абу Суфён ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг даврларида оддий жангчи бўлиб урушда иштирок эта бошлади ва амир даражасига кўтарилди. У киши тўрт рошид халифа даврларида йигир­ма йил амирлик қилиб, Шомда Исломнинг тарқалишига ва мустаҳкамланишига катта ҳисса қўшди.

Муовия ибн Абу Суфённинг халифалик даврида Ислом Атлантика океани қирғоқларигача етиб борди. У кишининг Ислом учун бу даврда қилган хизматлари ҳақида кўп жилдлик китоблар ёзилган.

Бундай ҳолат фақат Исломдагина бўлиши мумкин. Бошқа ҳолатларда эса «Чаённинг боласи чаён, душманнинг боласи душман бўлади» деб, Муовия ибн Абу Суфёнга ўхшаганлар ўлдириб юборилишлари турган гап эди. Аммо «Ислом ўзидан олдинги нарсани ювиб ташлайди» деган қоида Муовия ибн Абу Суфёнга ўзини кўрсатишга имкон яратиб берди ва у киши Исломга нисбатан фидокорликни намоён қилди.

Кейинги мавзулар:
Умавийлар давридаги фатҳлар;
Хаворижлар.

Кутубхона
Бошқа мақолалар

Ҳамдардлик билдирамиз

21.11.2024   1944   1 min.
Ҳамдардлик билдирамиз

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси узоқ йиллар диний соҳада фаолият юритган Нуруллоҳ домла Мирзаҳмедовнинг падари  бузрукворлари Рихситилла ҳожи отанинг вафоти муносабати билан у кишининг яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.


Охират сафарига кузатилган отахон эл корига ярайдиган, дину диёнат йўлида хизмат қиладиган фарзанд ва невараларни ўстирдилар, чиройли тарбия қилдилар.


Аллоҳ таоло марҳум отахоннинг барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айлаб, Ўз мағфиратига олсин. Ҳақ таоло марҳум отахоннинг яқинлари, фарзанду аржумандларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларига ажру мукофотлар ато этсин.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан Нуруллоҳ домла Мирзаҳмедовга, у кишининг оила аъзолари, ёр-биродарлари, яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.


Жаноза бугун пешин намозидан сўнг пойтахтимиздаги Имоми Бухорий жоме масжидида ўқилади.


Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.


«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».

Ўзбекистон мусулмонлари идораси