43 - وَمَا إِيْمَانُ شَخْصٍ حَالَ يَأْسٍ بِمَقْبُولٍ لِفَقْدِ الإِمْتِثَالِ
Маънолар таржимаси: (Ҳаётдан) умид узилган ҳолатда бўйсуниш йўқолгани учун бирор шахснинг иймони мақбул бўлмайди.
Назмий баёни:
Ўлимгача иймон қилинса таъхир
Қабулмас, бўйсуниш қолмаган, ахир.
Луғатлар изоҳи:
– مَا нафий ҳарфи. لَيْسَ нинг амалини қилади.
اِيْمَان – нафий ҳарфининг исми.
شَخْصٍ – музофун илайҳ.
حَالَ – зарфликка кўра насб бўлиб турибди.
يَأْسٍ – музофун илайҳ. Кўплаб нусхаларда بَأْسٍ келган. Аммо таҳқиқларга кўра يَأْسٍ мўътабар ҳисобланади. يَأْسٍ луғатда رَجَاءٌ нинг зидди яъни “умидни узиш” маъносини англатади.
بِ – таъкидлаш учун келган қўшимча жор ҳарфи.
مَقْبُولٍ – жор мажрур مَا нинг хабари эканига кўра насб ўрнида турибди.
لِ – “таълийлия” (изоҳлаш) маъносида келган жор ҳарфи.
فَقْدِ – жор мажрур مَقْبُولٍ га мутааллиқ. Бу масдар ўзида бор нарсадан ажралиб афсусланишга нисбатан ишлатилади.
الاِمْتِثَالِ – музофун илайҳ. Луғатда “бўйсуниш” маъносини англатади.
Матн шарҳи:
Бирор кимса олдин иймонга келмай юрган бўлса, унинг ажали етиб, ўлимга рўбарў бўлган пайтида келтирган иймони қабул қилинмайди. Бу ҳақида Қуръони каримда шундай хабар берилган:
﴿فَلَمۡ يَكُ يَنفَعُهُمۡ إِيمَٰنُهُمۡ لَمَّا رَأَوۡاْ بَأۡسَنَاۖ سُنَّتَ ٱللَّهِ ٱلَّتِي قَدۡ خَلَتۡ فِي عِبَادِهِۦۖ وَخَسِرَ هُنَالِكَ ٱلۡكَٰفِرُونَ٨٥﴾
“(Лекин) Бизнинг азобимизни кўрган вақтдаги иймонлари уларга фойда берувчи бўлмади. (Бу) Аллоҳнинг (барча) бандалари ҳақида (жорий қилган) йўлидир. Ўшанда (иймонлари қабул бўлмагач) кофирлар зиён кўрдилар”[1].
Ҳадиси шарифда жон халқумга тақалган вақтда тавба ҳам қабул бўлмаслиги баён этилган:
عَنِ ابْنِ عُمَرَ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِنَّ اللهَ لَيَقْبَلُ تَوْبَةَ الْعَبْدِ مَا لَمْ يُغَرْغِرْ. رَوَاهُ الْبَيْهَقِيُّ
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло банданинг тавбасини, албатта, қабул қилади, модомики жони ҳалқумига келмаган бўлса”, – дедилар”. Байҳақий ривоят қилган.
Тавба луғатда “қайтиш” маъносини англатади. Аҳли сунна вал-жамоа уламолари ҳақиқий тавба бўлиши учун унда учта шарт топилиши лозимлигини айтганлар:
1. Қилган гуноҳ иши учун надомат чекиш;
2. Мазкур гуноҳ ишни ташлаш;
3. Бундай гуноҳни асло такрорламасликка азму қарор қилиш.
Жон ҳалқумга тақалган пайтда эса мазкур шартлар топилмайди. Чунки тавба қилувчининг яна ўша гуноҳларни қилиши мумкинлигига кўзи етиб турган пайтда тавба қилиб, бошқа уларни содир этмасликка аҳд қилсагина, ҳақиқий азму қарор бўлади, акс ҳолда мажбурий ҳолат бўлиб қолади. Шунинг учун жон ҳалқумга тақалмасдан олдин тавбага шошилиш лозим.
Кейинги мавзу:
Амал ва иймон баёни
Cавол: Маҳсига масҳ тортиш фарзми, суннатми, вожибми? Маҳси кийган одам таҳорат қилганда масҳ тортмасдан намоз ўқиса, намози дуруст бўладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Тўлиқ таҳорат билан маҳси кийган кишининг таҳорати синса ва у маҳсини ечмасдан янгидан таҳорат қилмоқчи бўлса, масҳ тортиши фарз бўлади. Агар масҳ тортмасдан намоз ўқиса, намози дуруст бўлмайди. Чунки маҳсига масҳ тортиш оёқни ювиш ўрнидадир. Шундай экан таҳоратда оёқ ювиш фарз эди, маҳсига масҳ тортиш ҳам фарз бўлади. Бу ҳақда "Лубоб" китобида бундай дейилади:
(وفرض ذلك) المسح (مقدار ثلاث أصابع من أصغر أصابع اليد) طولاً وعرضاً
"Маҳсига масҳ тортишнинг фарзи қўлнинг кичик бармоқларидан учтаси миқдоридадир. Бу миқдор қўл бармоғининг бўйи ва энича бўлади (яъни намланган қўллар билан шу миқдорда чизиқ тортади)". Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази