Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам расул бўлиб юборилишлари билан пайғамбарлик даври якунига етди. Бу – қиёмат куни яқинлигини билдиради. Ахир у зотнинг рисолатларидан сўнг бошқа пайғамбар ҳам, янги шариат ҳам бўлмайди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Қиёмат куни ва менинг расуллигим икки бармоқ кабидир” (Имом Бухорий ривояти).
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда эса Набий алайҳиссалом: “Қиёмат куни ва менинг расуллигим икки бармоқ кабидир” (Имом Муслим ривояти) дея кўрсаткич ва катта бармоқларини жамладилар.
Қайс ибн Абу Ҳазим Абу Жубайр розияллоҳу анҳудан қилган ривоятида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен Қиёмат куни яқинлашиши бошланишида юборилдим”, деганлар (Имом Ҳоким ривояти).
Имом Қуртубий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Қиёмат кунининг биринчи белгиси бу – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбар бўлиб юборилишлари саналади. Чунки у зот алайҳиссалом охирзамон пайғамбари ва у зотдан сўнг бошқа пайғамбар келмайди”.
Аллоҳ тало бундай марҳамат қилади: “Муҳаммад сизларнинг эркакларингиздан бирортасига ота эмасдир, балки у Аллоҳнинг элчиси ва пайғамбарларнинг муҳридир. Аллоҳ барча нарсани билувчи Зотдир” (Аҳзоб сураси, 40-оят).
Ушбу оятда Аллоҳ таоло Муҳаммад алайҳиссаломни “Пайғамбарларнинг муҳри” деб атади. Зеро, ҳар бир муҳим ёзма ҳужжат сўнггида муҳр босилгани каби охирги пайғамбар келгач, нубувват китобига ҳам муҳр босилди. Набий алайҳиссалом пайғамбарлар муҳри эканлари инкор этиб бўлмас ҳақиқатдир.
Манбалар асосида
Баҳриддин ХУШБОҚОВ
таржимаси.
Буюк мутафаккир ва фақиҳ Бурҳониддин Марғинонийнинг етук шогирди, ҳанафий олим Имом Зарнужий раҳимаҳуллоҳнинг "Таълимул мутаъаллими ториқот таъаллуми" китоби асосида илм олишнинг фойдалари, одоблари, инсон ва жамият тараққиётида илм-фаннинг ўрни ҳақида сўз боради. Саккиз асрдан бери илм аҳли, талабалар ва зиёлилар орасида кенг фойдаланиб келинаётган мазкур асар ҳақида Аллома Лакнавий раҳимаҳуллоҳ ҳақида "Кўп фойдаларга эга, нафис, манфаатли китоб", дея таъриф берган.
Абдувоҳид домла Аҳмадалиев,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази мутахассиси.