Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Абдуллоҳ ибн Масъуд ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бизга қарата: “Мен вафот қилганимдан кейин асара, яъни мол-дунё тўплаб манманлик қилмоқнинг ҳамда ўзларингиз нафратланадиган бошқа ишларнинг гувоҳи бўласизлар”, дедилар. Саҳобалар: "Ё Расулуллоҳ, бизга нима деб амр қиласиз?". У зот алайҳиссалом: “Амирларингизнинг фармойишларига итоат этинг ва Аллоҳ таоло олдидаги бурчингизни бажо келтиринг!” дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Ҳадиснинг умумий маъноси:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга қарата: “Мен вафот қилганимдан кейин асаранинг ҳамда ўзларингиз нафратланадиган бошқа ишларнинг гувоҳи бўласизлар”, дедилар.
Мол-дунё фитнаси ҳам бошқа фитналар каби жуда хатарли бўлиб, ўз соҳибини турли балоларга ва охиратда аламли азобга мубтало этувчидир. Шунинг учун Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларини ҳамда бутун умматни фитналардан огоҳ бўлишга чақириб, замонлар келиб мол-дунё билан фитналанган манман, мутакаббир кишиларни ва Ислом динига номувофиқ ишларга гувоҳи бўлишларини башорат қилдилар.
Саҳобалар: "Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга нима деб амр қиласиз?" дедилар. Саҳобаларнинг одатларидан бири дунё ва охират ишларини барчасини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан маслаҳатлашиб бажариш бўлган. Шунинг учун саҳобалар ўз одатларига биноан, вақти келиб ана шундай фитналарга дуч бўлганда мусулмон кишилар қандай йўл тутишсалар нажот топишлари мумкинлигини сўрадилар. У зот алайҳиссалом: “Амирларингизнинг фармойишларига итоат этинглар ва Аллоҳ таоло олдидаги бурчингизни бажо келтиринглар!”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонлар жамияти орасида турли фитналар бошланганда уммат учун энг тўғри йўл – юрт раҳбарига, ҳокимларга итоат этиш, фармонларини бажаришга буюрдилар. Чунки бундай вақтда қандай қилиб бўлса ҳам мамлакатда фуқароларга тинчликни таъминлаб бериш ва фуқароларнинг фаровон ҳаёт кечириши учун бошқаларга нисбатан жуда қаттиқ қайғурадиган, мана шунга интилиб яшайдиган инсон фақат юрт раҳбари бўлар экан. Шунинг учун турли фитналарнинг олдини олишда мусулмонлар суянадиган энг ишончли киши фақат юрт раҳбари бўлиши мумкин. Шу билан бирга мусулмон киши ўз зиммасидаги Аллоҳ таолонинг ҳақларини, фарз ибодатларни бажариши лозим эканлигини уқтирдиларки, бошқа манбаларда келтирилишича Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фитна ва қатл кўпайгандаги ибодат худди менга ҳижрат қилган кабидир”, деб ўша вақтдаги ибодатнинг савобини Расулга бўлган муҳаббат ва ҳижратга тенглаштирган эканлар.
Фитналар бошланганда мусулмон кишининг бу икки нарса – итоат ва ибодатга чорланишини буюк ҳикмати бордир. Инсон юрт раҳбарига итоат қилиш билан жисми-жонини жисмоний фитналардан ҳимоя қилса, ибодат билан ўз қалбини мафкуравий фитналардан ҳимоя қилади. Зеро, дунё фитналарга аралашиб турган даврда охират саодатига етаман деган киши учун энг мақбул ва сўнги йўл шудир.
Ҳадисдан олинадиган фойдалар:
Ҳадиси шарифда жамият фуқароларини ўзаро иттифоқликка чақириб, фитналaрдан эҳтиёт бўлишга буюрилади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки ўз амирининг бирор ишидан нафратланса, сабр қилсин. Чунки султоннинг итоатидан бир қарич бўлса ҳам чиққан киши жоҳилият, яъни Ислом динидан бехабар, жоҳиллар ўлимини топади!” дедилар.
ТИИ Модуль таълим тизими талабаси, Тўрақўрғон туман
“Исҳоқхон тўра” жоме масжиди имом-хатиби Суфиев Жаъфархон
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Имом Мусоҳибий шундай деган: «Неъматлар бир меҳмон, уларни иззат-икром қилиш шукр билан бўлади. Балолар ҳам бир меҳмон, уларни иззат-икром қилиш эса сабр билан бўлади».
«Сабр иймоннинг бошидир», дейишади. Агар инсон танаси бошидан жудо қилинса, у ҳалок бўлгани каби сабр бўлмаса, иймон ҳам ҳалокатга юз тутгусидир.
Абдулқодир Жийлоний айтган: «Эй ўғлим, мусибат-бало сени ҳалок қилиш учун келмайди, сабрингни синаш учун келади». Олтин ўтга кирса, сайқалланиб янада чирой очгани каби инсон ҳам мусибат олови орқали сайқалланади.
Закариё Аҳмад
«Ҳилол» журнали 4 (61) сон