Халқаро ҳалол саммит ва Туркия кўргазмаси (ОИC Ҳалал Ехpо-2024) 2024 йил 27 ноябрдан 30 ноябргача Истанбулдаги “IFM” кўргазма марказида бўлиб ўтади.
“IQNA” сайтининг “Yeni Shafak” нашрига таяниб маълум қилишича, Туркияда бўлиб ўтадиган X Жаҳон ҳалол саммити жорий йилнинг ноябрь ойи охирида Истанбулда 110 дан ортиқ давлат вакилларини бирлаштиради.
“Ҳалол 10 йилда муваффақият” шиори остидаги ушбу саммит ва кўргазма 2024 йил 27 ноябрдан 30 ноябргача Туркия президенти назорати остида Истанбул шаҳрида бўлиб ўтади.
Туркиядаги “Halal – 2024” кўргазмаси Евроосиё минтақасида ўзига хослиги билан ажралиб туради. Ушбу кўргазмада ислом маданияти ва анъаналарига мос озиқ-овқат, косметика ва гигиена маҳсулотлари намойиш этилади. Кўргазма, шунингдек, турли компания ва ўз соҳаларидаги мутахассислар билан алмашиш ва интерактив ҳамкорлик қилиш имкониятини беради.
Мазкур тадбир ҳар йили турли мамлакатларда ўтказилади ва ислом мамлакатларида машҳурдир. Кўргазмада “Ҳалол” озиқ-овқатдан ташқари, “Ҳалол туризми”, “Ислом тўқимачилик саноати”, “Ҳалол тиббиёти”, “Ҳалол кимёси”, “Фармацевтика” каби масалалар муҳокама қилинади.
Ҳалол кўргазмаси Туркия озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш, инвестиция, косметика, туризм, кимё, қадоқлаш, машинасозлик, исломий турмуш тарзи, ислом модаси каби соҳаларда ҳалол саноат маҳсулотлари ва хизматларида етакчи саналади. Ушбу саммит ва кўргазма 110 дан ортиқ давлатдан меҳмон ва 20 дан ортиқ давлатдан 55 дан ортиқ маърузачини бирлаштиради.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қурбон ҳайити куни ғусл олардилар.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ҳайити куни ва Қурбон ҳайити куни ғусл қилар эдилар” (Ибн Можа ривояти).
- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қурбон ҳайитида қурбонлик қилишдан олдин ҳеч нарса емасдилар.
Бурайда розияллоҳу анҳу айтадилар: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Фитр куни таомлангунларича (фитр намозига) чиқмас эдилар ва Қурбонлик куни намоз ўқигунларича таомланмас эдилар” (Имом Термизий ривояти).
- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидга пиёда юриб борардилар.
Абу Рофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ҳайит намозига пиёда чиқар эдилар” (Ибн Можа ривоят қилган).
- Масжидга кетишда Аллоҳни зикр қилардилар.
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам то намозгоҳга боргунларича такбир айтар эдилар” (Имом Ҳоким ривояти).
- Ҳайит намозидан олдин нафл намоз ўқимас эдилар.
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайит намозидан олдин ҳеч нарса ўқимас эдилар, манзилларига қайтганларида икки ракат намоз ўқир эдилар” (Ибн Можа ривоят қилган).
- Масжидга бир йўлдан бориб, бошқа йўлдан қайтар эдилар.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайит куни (бориш ва қайтиш) йўлларини бошқа-бошқа қилар эдилар” (Имом Бухорий ривояти).
- Ҳайит намозидан сўнг қурбонлик қилардилар.
Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким намоздан олдин курбонлик қилса, у ўзига қўй сўйибди. Ким намоздан кейин сўйса, курбонлигини мукаммал қилибди ва мусулмонларнинг суннатини топибди”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Аллоҳ таоло барчамизни ҳар бир ишда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга эгашувчилардан қилсин!
Даврон НУРМУҲАММАД