Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
07 Июн, 2025   |   11 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:06
Қуёш
04:50
Пешин
12:27
Аср
17:36
Шом
19:57
Хуфтон
21:34
Bismillah
07 Июн, 2025, 11 Зулҳижжа, 1446

Аёл тўғри гапирди, Умар хато қилди

13.11.2024   4010   3 min.
Аёл тўғри гапирди, Умар хато қилди

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Умар розияллоҳу анҳунинг даврларида одамлар маҳрнинг нархини кўтариб юборишди. Ҳазратимиз Умар розияллоҳу анҳу уни бир қолипга солиб қўймоқчи бўлдилар. Минбарга чиқиб, маҳрга бир чегара қўймоқчи эканликларини гапирдилар. Шунда Шифо бинти Абдуллоҳ исмли аёл туриб деди: Эй мўминлар амири! Бу ишингиз тўғри бўлмайди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Ва агар хотин ўрнига бошқа хотин олмоқчи бўлсангиз ва уларнинг бирига ҳаддан зиёда маҳр берган бўлсангиз ҳам, ундан ҳеч нарсани қайтариб олманг» (Нисо сураси, 20-оят), деб айтган-ку! Сиз энди уни қандай қилиб чеклаб қўясиз?!

Шунда Умар розияллоҳу анҳу:

Аёл тўғри гапирди, Умар хато қилди, дедилар.

Ушбу воқеадан маҳр қанча кўтарилса-да, ҳаром эмаслигига гувоҳ бўляпмиз. Аммо маҳрнинг кўтарилиши суннатга хилоф – ана шу нарса Умар розияллоҳу анҳуни уни чеклашга ундади. Чунки у зот ўзининг сиёсий заковати, ижтимоий тажрибаси билан маҳрнинг кўтарилиши ёшларнинг турмуш қуришига салбий таъсир кўрсатишини билардилар. Бунинг натижасида ёшлар уйланишни ортга суришлари аниқ эди.

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Фотима розияллоҳу анҳога совчи қўйдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бунга розилик билдириб дедилар:

– Унга беришга бирор нарсанг борми?

– Менда ҳеч нарса йўқ.

– Совутинг қаерда?

– Ўзимда.

– Уни Фотимага маҳр қилиб бер.

Жаннат аёлларининг саййидаси, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари бўлмиш Фотима розияллоҳу анҳонинг маҳри биргина совут. Бугунги инсонларнинг маҳрни, тўй харажатларини ҳаддан ортиқ катталаштириб юбориши ҳақиқатда суннатга хилофдир. Кишилар маҳрнинг баландлигини қизининг қадри баландлиги деб билишса керак.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Фотима розияллоҳу анҳони Али розияллоҳу анҳуга узатаётиб, битта кийим, битта ичига хурмо пўстлоғи тўлдирилган ёстиқ, битта қўлтегирмон, битта меш, сув билан сирка солиб қўйиш учун иккита кўза берган эдилар.

Эътибор қаратилса, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Али розияллоҳу анҳуни қийнамаяптилар. У кишининг фақирликларини билиб, рўзғорни жиҳозлашга ёрдам беряптилар. Қолаверса, Али розияллоҳу анҳуни ўзлари тарбиялаб катта қилганлар. Шунинг учун келин томон ҳам сеп тайёрлашдан ҳаддан ошмасдан, насибадор бўлиши суннатда бор. Бу нарса инсонлар орасида ўзаро ёрдам, шафқат каби нарсаларнинг ёйилишига сабаб ҳам бўлади. Бу нарса агар куёв аслзода бўлса яхши натижа беради. Қанча-қанча куёвлар хотинининг оиласи қилган ёрдам учун, уларнинг гўзал хулқи учун хотинларининг азиятига сабр қилиб юришибди. Уйланадиган йигитлар кўпинча ёш бўлишади. Янги иш топган, тажрибасиз бўлишади. Уларнинг ташвиши фақатгина оиласига ёрдам бериш, аёлини таъминлаш бўлади, холос. Агар келиннинг оиласи бой бўлса, суннат шуки, куёвларига ёрдамлашишсин. Агар ёрдам беришмаса, ҳеч бўлмаганда, куёвларидан кўп нарсани талаб қилишмасин!

«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди

Бошқа мақолалар

Мазҳабга эргашиш керак(ми)!?

05.06.2025   4289   1 min.
Мазҳабга эргашиш керак(ми)!?

Уламолар бирор бир мазҳабга эргашиш борасида Қурон оятлари ва ҳадиси шарифлардан ишоралар келтириб айтишадики,«...Агар билмайдиган бўлсангиз, аҳли зикрлардан сўрангиз» (16:43). 
Ҳузайфа розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган ҳадисда: «Мен сизларнинг орангизда яна қанча қолишимни билмайман. Шундай экан, мендан сўнг у иккиси: Абу Бакр ва Умарга иқтидо қилинг» (Термизий, Ибн Можа, Аҳмад), дейилган. 
Имом Муслим «Саҳиҳ» асарининг шарҳловчиси Имом Нававий муайян имомга тақлид қилишнинг шартлигини шарҳлаб: «Сабаб шундаки, мазҳаблардан бирини танлашга рухсат бериш кишиларни, улар ўз хоҳишларига мос келадиган осон нарсага эргашишига олиб келади. Улар ҳалол ва ҳаром, рухсат этилган ва ман этилган нарсаларнинг орасидан ўзларига мосини танлайдилар. Бу мазҳаблар осонлаштирилмаган, тизимлаштирилмаган ёки машҳур бўлмаган илк ислом давридан фарқли равишда масъулият ташвишидан озод қилишга олиб келади. Шулар асосида киши ўзи қатъий равишда амал қиладиган мазҳаблардан бирини танлаши лозим бўлади», деган .Бошқа манбада: «Бу уммат ижмо қилган, тўғирланган, ёзиб қўйилган тўрт мазҳабдир. Бизнинг кунимизгача одамлар унга тақлид қилишиб ўзларини ўшандан деб ҳисоблайдилар. Бунда, айниқса, қатъиятлилик камайган, хоҳишларимиз онгимизга ўрнашган ва одамнинг аҳмоқона эҳтироси худди фазилат сифатида қараладиган бугунги кунда, кўпгина аниқ устунлик бор», деб ёзган.

Янги Наманган тумани "Абдуллоҳ ибн Масъуд" жоме масжиди

имом-хатиби  Ш.Тўхтабаев

МАҚОЛА