Мисрда Халил деган бир бўйрачи инсон бўлган экан. Биламизки, ҳозир бўйра каби нарсалар ишлатилмайди. Олдинги вақтларда бўйрадан жойнамоз сифатида фойдаланишган. Ўша вақтларда куннинг иссиғида ерга солиб намоз ўқишган.
Бўйрачи Халил бўйрадан жойнамоз тўқиб ўтириб, ҳар куни масжидга келаётган намозхонларни кузатар экан. Жойнамоз тополмаган, қийналиб қолган бир намозхонни кўрса, тўқиб қўйган бўйрасидан биттасини оларкан-да, ўша намозхонга совға қилиб юбораркан. Одамлар хурсанд бўлиб, бўйрани олиб кетаркан. Халил савобли ишида бардавом бўлибди. У бир куни туш кўрибди. Тушида умуртқасидан ток-узум дарахти ўсиб чиққанмиш. Мевасидан одамлар ермиш, узум асло тугамасмиш. Халил бу тушни бир неча марта кўрибди. Бундан ажабланиб, улуғ бир шайхнинг ёнига борибди. Бўлган воқеани айтиб, тушининг таъбирини сўрабди. Шайх:
- Ўғлинг борми? деб сўрабди.
- Ҳа, 2 ёшли ўғлим бор.
- Шу ўғлингни Азҳарга бер, ўша ерда ўқисин, дебди шайх.
- Халил хўп, деб шайхнинг айтганини қилибди. 8 ёшида ўғли қори бўлибди.
Дунёда биринчи бўлиб қироатини тасмага, яъни ёзувга туширган қори шу инсон бўлган. Бу инсон имом Ҳафснинг Осимдан қилган ривоятини бошдан оёқ чиройли бир ҳолатда ўқиб берган, 55 йил Қуръони Каримга хизмат қилган, дунёнинг кўп қисмида қироатлари билан машҳур бўлган Маҳмуд Халил Хусорий эди. Аллоҳнинг меҳрибонлигини қарангки, отанинг қилган бир яхшилигини фарзанди орқали билдириб қўйди.
Аллоҳ карим Зот. Ҳар қандай ишни қиладиган бўлсак, оз бўлса-да, оз демайди.
Аслида исми Маҳмуд бўлган бу инсон ҳозир бутун дунёга отасининг исми Халил билан машҳур. Кичик бўлса ҳам, Аллоҳ розилиги йўлида қилган эҳсоннинг мукофотини Буюк зот бериб қўйди. Кимки холис яхшилик қилса, меҳрибон ва раҳмли Зот албатта, уни мукофотлайди.
Хоҳ улуғ олим бўлсин, хоҳ саркарда бўлсин, қўйингки барча буюк зотлар сиз-у бизга ўхшаган оддий инсонларнинг фарзандлари бўлган!
ТИИ 4-курс талабаси Сирожиддинов Муҳаммадали
#xabar #haj2025
3 июнь куни Макка шаҳридаги ўзбекистонлик зиёратчилар ўзлари турган меҳмонхоналарда ғусл қилиб, эҳром боғлаб, ҳаж нияти ила имону ихлос билан лаббайкани айтиб Мино водийсига йўл олдилар.
Эслатиб ўтамиз, зyлҳижжa oйининг caккизинчи кyни (бy кyн биздa "ёлғoн apaфa", apaбчaдa эca "тapвия кyни" дeйилади) Mинoдa ҳожилар тоату ибодатда бўладилар. Минода тарвия кунининг бомдод, пешин, аср, шом, хуфтон намозлари ўқилади. Асосан дуо, ибодат билан машғул бўлинади. Ислом тарихида Пайғамбар алайҳиссалом шундай қилганлар.
Маълумот учун, бўлғуси ҳожиларимиз 4 июнь чоршанба куни Мино водийсида, 5 июнь пайшанба куни эса Арафот ва Муздалифа водийларида ҳаж амалининг асосий кунларини адо этадилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати