Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Мисрда Халил деган бир бўйрачи инсон бўлган экан. Биламизки, ҳозир бўйра каби нарсалар ишлатилмайди. Олдинги вақтларда бўйрадан жойнамоз сифатида фойдаланишган. Ўша вақтларда куннинг иссиғида ерга солиб намоз ўқишган.
Бўйрачи Халил бўйрадан жойнамоз тўқиб ўтириб, ҳар куни масжидга келаётган намозхонларни кузатар экан. Жойнамоз тополмаган, қийналиб қолган бир намозхонни кўрса, тўқиб қўйган бўйрасидан биттасини оларкан-да, ўша намозхонга совға қилиб юбораркан. Одамлар хурсанд бўлиб, бўйрани олиб кетаркан. Халил савобли ишида бардавом бўлибди. У бир куни туш кўрибди. Тушида умуртқасидан ток-узум дарахти ўсиб чиққанмиш. Мевасидан одамлар ермиш, узум асло тугамасмиш. Халил бу тушни бир неча марта кўрибди. Бундан ажабланиб, улуғ бир шайхнинг ёнига борибди. Бўлган воқеани айтиб, тушининг таъбирини сўрабди. Шайх:
- Ўғлинг борми? деб сўрабди.
- Ҳа, 2 ёшли ўғлим бор.
- Шу ўғлингни Азҳарга бер, ўша ерда ўқисин, дебди шайх.
- Халил хўп, деб шайхнинг айтганини қилибди. 8 ёшида ўғли қори бўлибди.
Дунёда биринчи бўлиб қироатини тасмага, яъни ёзувга туширган қори шу инсон бўлган. Бу инсон имом Ҳафснинг Осимдан қилган ривоятини бошдан оёқ чиройли бир ҳолатда ўқиб берган, 55 йил Қуръони Каримга хизмат қилган, дунёнинг кўп қисмида қироатлари билан машҳур бўлган Маҳмуд Халил Хусорий эди. Аллоҳнинг меҳрибонлигини қарангки, отанинг қилган бир яхшилигини фарзанди орқали билдириб қўйди.
Аллоҳ карим Зот. Ҳар қандай ишни қиладиган бўлсак, оз бўлса-да, оз демайди.
Аслида исми Маҳмуд бўлган бу инсон ҳозир бутун дунёга отасининг исми Халил билан машҳур. Кичик бўлса ҳам, Аллоҳ розилиги йўлида қилган эҳсоннинг мукофотини Буюк зот бериб қўйди. Кимки холис яхшилик қилса, меҳрибон ва раҳмли Зот албатта, уни мукофотлайди.
Хоҳ улуғ олим бўлсин, хоҳ саркарда бўлсин, қўйингки барча буюк зотлар сиз-у бизга ўхшаган оддий инсонларнинг фарзандлари бўлган!
ТИИ 4-курс талабаси Сирожиддинов Муҳаммадали
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ҳожи Имдодуллоҳ Маккий раҳматуллоҳи алайҳ бир куни илмий мажлисларида шундай дедилар: «Инсонга ҳаётда ғам, мусибат ва машаққатлар етади. Агар банда чуқурроқ ўйлаб кўрса, бу машаққат ва қийинчиликлар Аллоҳ таолонинг неъматлари эканини англайди. Масалан, беморлик ҳам бир неъмат. Фақирлик ва муҳтожлик ҳам неъмат. Қалб кўзи очиқ инсон бу нарсалар Аллоҳ таолонинг неъматлари эканини кўради. Ҳақиқатда, машаққат ва қийинчиликлар неъматдир. Аммо бизнинг қосир ақлимиз уларнинг неъмат эканини сиғдира олмайди».
Шу ўринда мусибат ва қийинчиликлар қандай қилиб неъмат бўлади? деган савол туғилади. Бу саволнинг жавоби ҳадиси шарифда келади. Унда айтилишича, Аллоҳ таоло охиратда машаққат ва мусибатларга сабр қилган бандаларига беҳисоб ажр-мукофотлар беради, ўшанда дунёда у қадар мусибатга учрамаган одамлар у бандаларни кўриб, кошки, ҳаёти дунёда бизга ҳам мусибат ва машаққатлар етганда эди, биз ҳам сабр қилган ва сабримизга мана шундай ажр-савоблар олган бўлар, бу кунда сабр қилувчилар билан бирга турар эдик, деб орзу қиладилар.
Ҳожи Имдодуллоҳ Маккий раҳматуллоҳи алайҳ шундай деб турганларида, мажлисга бир одам кириб келди. У ногирон бўлиб, турли хил дардларга мубтало эди. У келиб, Ҳожи Имдодуллоҳ Маккий раҳматуллоҳи алайҳга: «Менинг ҳаққимга дуо қилинг, Аллоҳ таоло менга бу машаққатлардан нажот берсин», деди.
Мавлоно Ашраф Али Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: «Биз ўша мажлисда ҳозир эдик. Ўшанда ҳайрон бўлдик, Ҳожи Имдодуллоҳ Маккий раҳматуллоҳи алайҳ бутун мусибатлар ва қийинчиликларнинг неъмат эканини айтиб турибдилар. Бу ёқда эса бу одам ўзидан машаққат ва қийинчиликларнинг кетишини истаб дуо сўраяпти. Агар бу ногирон одамдан машаққатлар кетишини сўраб дуо қилсалар, у ҳолда неъматнинг зое бўлишини сўраган бўладилар-ку? Ҳожи Имдодуллох Маккий раҳматуллоҳи алайҳ шу пайт қўлларини дуога кўтардилар ва: «Аллоҳим! Ҳақиқатда, барча мусибат ва машаққатлар неъматдир. Лекин, Аллоҳим, биз ожизмиз. Сен бизнинг ожизлигимизга назар сол ва бу машаққат неъматини саломатлик неъматига алмаштириб бер!» деб дуо қилдилар».
«Насиҳатлар гулдастаси» китобидан