#yil_imomi #tanlov
Бугун, 13 ноябрь куни Республикамиз масжидларида фаолият юритаётган имом-хатиб ва ноиблар иштирокида интиқиб кутилган “Йил имоми – 2024” кўрик-танловининг якуний босқичи бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри босқичларида ғолибликни қўлга киритган 14 нафар имом домла ўзаро беллашди.
Нуфузли мусобақа иштирокчилари Қуръони карим қироати ва тафсири, ақида, фиқҳ, Ислом тарихи, ҳадис илмлари, алломалар ижодига оид саволларга жавоб бердилар. Шунингдек, меҳнат фаолиятлари давомида амалга оширган салмоқли ишлари ва ОАВларида эълон қилинган ижодларини намойиш этдилар.
Қатнашчиларнинг чиқишлари ҳакамлар ҳайъати томонидан мезонлар асосида баҳоланди.
Танлов натижаларига кўра, қуйидаги иштирокчилар совринли ўринларга муносиб деб топилди:
1-ўрин – Наманган вилояти “Ҳомиддин қори” жоме масжиди имом-хатиби Муҳаммад Бобир домла Насриддиновга I даражали диплом ва Ҳаж сафари йўлланмаси;
2-ўрин – Тошкент шаҳридаги “Фирдавс” жоме масжиди имом-хатиби Бахтиёр домла Сатторовга II даражали диплом ва 16 млн. сўм пул мукофоти;
3-ўрин – Тошкент вилояти “Чаноқ” жоме масжиди имом-хатиби Ёқуб домла Бухарбаевга III даражали диплом ва 13 млн. сўм пул мукофоти топширилди.
Шунингдек, танловнинг "Йилнинг энг фидоий имоми" Қорақалпоғистон Республикаси “Мулла Исҳоқ” жоме масжиди имом-хатиби Алтинбек домла Зинуллаев ва Хоразм вилояти “Мирҳошим бобо” жоме масжиди имом-хатиби Оллаберган домла Ғойиповга насиб этди.
Мусобақа якунида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари “Йил имоми – 2024” соҳибига Ҳаж йўлланмасини топшириш асносида эзгу тилак ва хайрли дуоларни билдирдилар.
Танловнинг барча иштирокчиларига қимматбаҳо совғалар тақдим этилди.
Аллоҳ таоло ғолибларга мукофотларни муборак айлаб, барча иштирокчиларнинг келгуси фаолиятига муваффақиятлар ато этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
MUSLIM.UZ
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони
Мамлакатимизда илм-фан соҳасини ривожлантириш, халқимизнинг илмий-интеллектуал салоҳиятини юксалтириш борасидаги кўп йиллик самарали меҳнати, хусусан, шарқшунослик ва манбашунослик йўналишидаги фундаментал тадқиқотлари билан муҳим ишланма ва лойиҳаларни муваффақиятли амалга ошириш, бой илмий меросимизни ўрганиш ва тарғиб этишга қўшган катта ҳиссаси, иқтидорли ёш олимларни тайёрлаш, навқирон авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш йўлидаги ибратли фаолияти ҳамда таваллудининг 80 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги Иброҳимов Неъматуллага «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси» фахрий унвони берилсин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Ш.Мирзиёев