Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Маъруф Кархий раҳимаҳуллоҳ ёронлари билан Бағдодда дарё ёқасида ўтирган эдилар. Шунда дарё ёқалаб бир қанча ёш йигитлар гаплашиб, кулишиб, рақс тушиб, маст бўлиб ўтиб кетишди. Бошқа бир йўловчилар Маъруф Кархийни таниб қолиб: "Эй Шайх, бу йигитларнинг Аллоҳга исён қилиб юришларига индамай турасизми? Уларни дуоибад қилмайсизми?" дейишди. Шунда Маъруф Кархий ҳазратлари қўлларини осмонга кўтариб: "Аллоҳим, уларни бу дунёда хурсанд қилиб қўйганингдек, охиратда ҳам уларни хурсанд қилгин", деб дуо қилдилар. Бояги кишилар бундан ҳайрон бўлиб: "Уларни дуоибад қилиш ўрнига уларнинг ҳаққига дуоихайр қилдингизку?" дейишди. Маъруф Кархий раҳимаҳуллоҳ: "Агар Аллоҳ таоло уларни охиратда хурсанд қилса, демак уларни бу дунёда тавба қилишларига муваффақ қилади", дедилар.
Абу Ҳомид Ғаззолийнинг "Иҳёу улумиддин" китобидан.
Бу ривоятдан шу нарса маълум бўладики, Аллоҳнинг дўсти бўлган валий зот Маъруф Кархийнинг тариқатларида инсонларга ҳидоят ва яхшиликни ихлос билан тилаш асос қилиб олинган. Умуман олганда барча тасаввуф тариқатлари инсонларга фақат эзгулик тилашни ўзларига асос қилиб олган, уларга на зоҳирда ва на ботинда зарар беришдан буткул йироқ. Зеро, Аллоҳ яратган махлуқотларга нисбатан дилда ёмон кўриш ва нафрат сақлаш Ислом дини ахлоқидан эмас. Тўғри, гуноҳ ҳар доим ҳам ёмон кўрилади, лекин гуноҳкорнинг ўзидан нафратланилмайди.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ
Тошкент ислом институти "Қуръон илмлари" кафедраси ўқитувчиси Абдулбосит қори Қобулов Имом Ҳафснинг Имом Осимдан қилган ривояти Тоййиба йўли орқали Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга боғланган санади билан ижоза олди.
Абдулбосит қори Қуръони каримни юқоридаги тариқага кўра қироат қилиб, Шайх Иброҳим Муҳаммад ҳузурида хатм қилди.
Шу муносабати билан ТИИ "Қуръон илмлари" кафедраси мудири Жаҳонгир қори Неъматов ва 10 та қироат бўйича ижоза соҳиби, Ал-Азҳар шайхи, кафедра устози Иброҳим Муҳаммад билан биргаликда Абдулбосит қори Қобуловга ижоза шаҳодатномасини топширди.