Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Тўртинчи дуо:
«Аллоҳга таваккул қилдим, Аллоҳ бандаларини кўриб турган Зотдир».
Фиръавн оиласидан иймон келтирган бир мўмин Фиръавнга насиҳат қилиб, Мусо алайҳиссаломни ҳимоя қилади. Унга ўлим ва даҳшатли азоб ваъда қилишади. Шунда ўша мўмин инсон ушбу дуони қилади: «Аллоҳга таваккул қилдим, Аллоҳ бандаларини кўриб турган Зотдир!» (Ғофир сураси, 44-оят).
Бу дуо дарҳол ижобат бўлади: «Аллоҳ уни улар қилган макрларнинг ёмонликларидан сақлади, Фиръавн оиласини эса оғир азоб ўраб олди» (Ғофир сураси, 45-оят).
Отам ваъдасига вафо қилиб, менга ажойиб мукофот бердилар, сўнг «Маҳзун бўлиб қолсанг, мана шу тўртта дуони айтгин» деб, пешонамдан ўпиб, ҳаққимга дуолар қилдилар.
Отамнинг бу насиҳати қалбининг тўридан, меҳр-мурувватга йўғрилиб чиққани учун бу иш менга жуда ёқди. Тўрттала дуони ҳам ёзиб олдим. Қачон тушкунликка тушиб қолсам, шу дуоларни ўқийдиган бўлдим (бир кунда жуда кўп марта айтардим). Уларни ёқтириб қолиб, бирпасда ёдлаб олдим. Шу дуолар сабабли ҳаётим нурафшон бўлди».
Жаъфар Содиқ розияллоҳу анҳу айтадилар: «Бирор нарсадан хавф қилганида Аллоҳ таолонинг «Бизга Аллоҳнинг ўзи кифоя, У Зот нақадар яхши вакил!» деган сўзини айтишга шошмаган инсонга ҳайронман. Ахир У Зот кейинги оятда шундай деган-ку: «Аллоҳнинг неъмати ва фазли ила ёмонлик кўрмасдан қайтдилар ва Аллоҳнинг розилигини изладилар. Аллоҳ буюк фазл соҳибидир» (Оли Имрон сураси, 174-оят).
Ғамга ботганида Аллоҳ таолонинг «Ўзинган ўзга илоҳ йўқ, Ўзинг поксан, мен ўзимга зулм қилиб қўйдим» деган сўзини маҳкам тутмаган одамга ҳам ҳайронман. Ахир Аллоҳ таоло мана шу оятнинг ортиданоқ «Биз бу дуони ижобат қилдик. Унга ғамдан нажот бердик. Биз мўминларга ана шундай нажот берурмиз» деган-ку!
Макрга учраган одам Аллоҳ таолонинг «Аллоҳга таваккул қилдим. Аллоҳ бандаларини кўриб турувчи Зотдир» деган сўзини айтмаганига ҳам ҳайронман. Ахир Аллоҳ ана шу дуонинг ортидан «Аллоҳ уни улар қилган макрнинг ёмонликларидан сақлади» деган-ку!
Мол-дунёсига, бола-чақасига, соғлигига талафот етганда Аллоҳнинг «Менга катта зарар етди, раҳмлиларнинг раҳмлиси Ўзингсан!» деган сўзларига таянмаган одамга ҳам ҳайронман. Ахир У Зот шу оятнинг ортидан «Биз бу дуони ижобат қилиб, унга етган зарарни кетказдик. Биз Ўз ҳузуримиздан раҳмат, обидларга эслатма ўлароқ унга аҳли оиласини қайтариб, яна шунча ато этдик» деган-ку!
Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Имом Мусоҳибий шундай деган: «Неъматлар бир меҳмон, уларни иззат-икром қилиш шукр билан бўлади. Балолар ҳам бир меҳмон, уларни иззат-икром қилиш эса сабр билан бўлади».
«Сабр иймоннинг бошидир», дейишади. Агар инсон танаси бошидан жудо қилинса, у ҳалок бўлгани каби сабр бўлмаса, иймон ҳам ҳалокатга юз тутгусидир.
Абдулқодир Жийлоний айтган: «Эй ўғлим, мусибат-бало сени ҳалок қилиш учун келмайди, сабрингни синаш учун келади». Олтин ўтга кирса, сайқалланиб янада чирой очгани каби инсон ҳам мусибат олови орқали сайқалланади.
Закариё Аҳмад
«Ҳилол» журнали 4 (61) сон