Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Ноябр, 2024   |   24 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:00
Қуёш
07:23
Пешин
12:15
Аср
15:16
Шом
17:00
Хуфтон
18:18
Bismillah
25 Ноябр, 2024, 24 Жумадул аввал, 1446
Мақолалар

Ихтилоф ҳақидаги баъзи оят ва ҳадиси шарифлар

14.11.2024   1892   13 min.
Ихтилоф ҳақидаги баъзи оят ва ҳадиси шарифлар

Ихтилофлар ҳақида баъзи оятлар

Энди хилоф ҳақида Қуръони Каримда келган баъзи оятлар билан танишиб чиқайлик:

Биринчи оят:

Аллоҳ таоло «Оли Имрон» сурасида: «Ва барчангиз Аллоҳнинг арқонини маҳкам тутинг ва тафриқага тушманг. Ва Аллоҳнинг сизга берган неъматини эсланг. Бир вақтлар душман эдингиз, бас, қалбларингизни улфат қилди. Унинг неъмати ила биродар бўлдингиз. Оловли жар ёқасида эдингиз, ундан сизни қутқарди. Шундай қилиб, Аллоҳ сизга Ўз оятларини баён қилади. Шоядки, ҳидоят топсангиз», дейди (103-оят).

Ушбу ояти каримадаги «Аллоҳнинг арқони»дан мурод Қуръони Карим, Ислом динидир. Оловли жарга қулаш хавфидаги инсон арқонни маҳкам ушласа, қутулиб қолганидек, дўзах тубига қуламасликнинг бирдан-бир чораси Қуръони Каримни маҳкам ушлаш Исломни маҳкам ушлашдир. Тафриқага тушмасликдир.

Ушбу ояти карима мусулмон оламини бирлаштириш шиоридир. Ҳар қандай бирлашиш эса, тафриқани йўқотиш билан вужудга келади. Шунинг учун ҳам ояти каримада бирлашишга амрдан кейин бевосита «ва тафриқага тушманг», деган наҳий келмоқда. Олдин бирлашишга чақириб туриб, кейин тафриқага тушишдан қайтарилмоқда. Шундан ҳам бу иш қанчалик муҳим эканини билиб олса бўлади.

Муфассирларимиз ушбу ояти кариманинг нозил бўлиши сабаби ҳақида қуйидаги ривоятни келтирадилар:

«Яҳудийлардан Шос ибн Қайс исмли одам Авс ва Хазраж қабилаларига мансуб араблар мажлис қуриб, гаплашиб ўтирган жойларидан ўтаётиб экан. Жоҳилият вақтида бир-бирига адовати кучли бўлган бу кишиларнинг улфат бўлиб ўтиришлари унинг ғашига тегибди ва: «Булар бирлашсалар, биз улар билан бирга яшай олмаймиз», деб ўйлаб, бир яҳудий болани чақириб: «Арабларнинг ичига бориб ўтиргин-да, уларга «Буос» номли кунни эслат ва у ҳақидаги шеърларни ўқиб бер», деб буюрибди.

(«Буос» кунида Авс ва Хазраж қабилалари қаттиқ уришиб, унда Авс ғолиб чиққан экан.)

Ҳалиги яҳудий бола Шоснинг айтганини қилибди. Шунда ўтирганлар тортишиб, ихтилофга тушиб, уришиб кетишибди. «Қурол!!! Қурол!!!» деб бақиришибди. Бу можаро ҳақидаги хабар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб борганда, У зот ҳузурларидаги муҳожир ва ансорийларни олиб, уларнинг олдиларига борадилар ва: «Мен ичингизда туриб, Аллоҳ сизларни Ислом билан икром қилиб, жоҳилият ишини кесгандан кейин ҳам, орангизга улфатликни солгандан кейин ҳам жоҳилият даъвосини қиласизларми?!» дейдилар.

Одамлар душманнинг гапига учиб, шайтоннинг гапига кирганларини англаб етадилар. Қуролни ташлаб, йиғлаб, қучоқлаша кетадилар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга қайтадилар. Шунда юқорида зикр қилинган ояти карима нозил бўлади.

Демак, оятдаги хитоб аслида барча мусулмонларга қаратилган бўлса ҳам, нозил бўлаётган пайтда мадиналик Авс ва Хазраж қабилаларига қаратилган эди.

Келинг, энди оятнинг давомини ўрганайлик. Унда Аллоҳ таоло: «Ва Аллоҳнинг сизга берган неъматини эсланг. Бир вақтлар душман эдингиз, бас, қалбларингизни улфат қилди», демоқда.

Шундай, Ислом Аллоҳ таоло томонидан бандаларга берилган улуғ неъматдир. Шу илоҳий неъмат туфайли душманлар улфатга айланадилар. Бир-бирларига қарши нафратга тўлган қалбларни фақат Исломгина улфат қила олади. Фақат Аллоҳ таолонинг ипи бўлмиш Исломни маҳкам тутибгина ҳамма биродар бўла олади.

«Унинг неъмати ила биродар бўлдингиз».

Аллоҳ таолонинг Ислом неъмати бўлмаганида кишилар бир-бирлари билан холис биродар бўлишлари мумкин эмасди.

«Оловли жар ёқасида эдингиз, ундан сизни қутқарди. Шундай қилиб, Аллоҳ сизга Ўз оятларини баён қилади. Шоядки, ҳидоят топсангиз».

Яъни, Исломга киришингиздан олдин ихтилофда, уруш-жанжал ичида, жоҳилият ҳукми остида, умуман, барча соҳада нотўғри йўлда, яъни, оловли жар ёқасида эдингиз. Шундай кетаверсангиз, ҳалокатга учрашингиз турган гап эди. Аллоҳ таоло сизни Ўзининг улуғ неъмати бўлмиш Исломга бошлаб, мазкур оловли жарга қулашдан сақлаб қолди.

Чиндан Ислом ихтилоф қилаётганларни бирлаштириш, уришаётганларни яраштириш, душманларни дўст қилиш учун хизмат қиладиган илоҳий бир дастурдир. Илоҳий нарса бекаму кўст бўлиши ҳаммага маълум. Исломга ўзини мансуб деб даъво қилаётганлар ихтилоф қилсалар, уришсалар, бир-бирларига душманлик қилсалар, айб уларнинг ўзида бўлади.

 

Иккинчи оят:

Аллоҳ таоло «Анфол» сурасида мўмин-мусулмонларга хитоб қилиб: «Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилинг. Ўзаро низо қилманг, у ҳолда тушкунликка учрайсиз ва куч-қувватингиз кетади. Ва сабр қилинг. Албатта, Аллоҳ сабр қилувчилар биландир», деган (46-оят).

Мусулмонлар Аллоҳ таолога ва Униг Расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга қанчалик итоатда бўлсалар, муваффақиятлари ҳам шунчалик кўп бўлаверади. Жумладан, мусулмонлар ўзаро низо ва ихтилоф қилмасликда ҳам Аллоҳ таолога ва Унинг Расулига итоатда бўлишлари ҳам кўпгина муваффақиятларнинг омилларидандир. Аллоҳ таолога ва Унинг Расулига итоат қилмай, ўзаро низо ва ихтилоф қилишнинг оқибати нима бўлиши оятнинг давомида баён қилиб берилмоқда: «Ўзаро низо қилманг, у ҳолда тушкунликка учрайсиз ва куч-қувватингиз кетади».

Аллоҳ таоло рост айтади. Ислом тарихида мусулмонлар қачон мағлубиятга учраган бўлсалар, фақатгина ўзаро ихтилоф ва ички низолар туфайлигина учраганлар.

Шу муносабат ила асримизнинг машҳур уламоларидан бирлари, Ғазолий раҳматуллоҳи алайҳнинг Жазоирнинг Ситиф шаҳрида бўлиб ўтган илмий анжуманда айтган гапларини эслаш билан кифояланмоқчиман.

Ўшанда у киши жумладан бундай деган эдилар: «Аллоҳ таоло менга Ислом тарихини яхшилаб ўрганиш имконини берди. Бугун мен Ислом тарихини етарлича ўргандим, дея оламан. Аллоҳга қасамки, мусулмонлар Уҳуд кунидан бошлаб ҳозирги соатгача ташқи душмандан енгилганлари йўқ. Мусулмонлар қанча мағлубиятга учраган бўлсалар, фақатгина ўзаро ихтилофлари ва ички низолари туфайлигина мағлубиятга учраганлар».

Ояти Кариманинг охирида Аллоҳ таоло: «Ва сабр қилинг. Албатта, Аллоҳ сабр қилувчилар биландир», демоқда.

Демак, орада ихтилоф чиқмаслиги учун сабр керак. Сабрсизлик эса, мусулмонлар орасида турли ихтилофлар, уруш-жанжаллар келиб чиқишига сабаб бўлади. Аллоҳ Таоло сабр қилувчилар билан бўлади. Уларни турли ёмонликлардан асрайди. Сабр қилмай, чидамсиз бўлганлар эса, ихтилоф гирдобига дучор бўладилар.

 

Учинчи оят:

Аллоҳ таоло «Рум» сурасида мўмин-мусулмонларга қуйидаги хитобни қилади: «...Ва мушриклардан бўлманг. Динларида тафриқага тушган, гуруҳ-гуруҳ бўлиб олиб, ҳар бир ҳизб ўз олдидаги нарсадан шод бўлганлардан бўлманг» (31-32-оятлар).

Демак, динда тафриқага тушиш мушрикларнинг иши бўлиб танилган экан. Гуруҳ-гуруҳ бўлиб олиб, ихтилоф чиқариш, талашиб-тортишиш ҳам мушрикларнинг иши экан. Ҳар бир ҳизб ўз олдидаги нарсадан шод бўлиб, бошқаларни паст санаши ҳам мушрикларнинг иши экан.

Демак, ҳар бир ихтилоф қўзғовчи ва низо чиқарувчи мушрикларга оид иш қилаётган бўлар экан.

 

Тўртинчи оят:

Аллоҳ таоло «Анъом» сурасида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб: «Динларини тафриқа қилиб, ўзлари гуруҳбозлик қилганлар билан ҳеч бир алоқанг йўқ. Албатта, уларнинг иши Аллоҳнинг Ўзига ҳавола. Сўнгра қилган ишларининг хабарини берур», деган (109-оят).

Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло тафриқа ва гуруҳбозликка олиб борадиган низо ҳамда ихтилофларни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлларидан бошқа, ул ҳидоят йўлига тескари йўл ҳисобламоқда. Аллоҳ таоло бу оятда тафриқа ва гуруҳбозлик Пайғамбаримизнинг умматларига муносиб эмаслигини қаттиқ таъкидламоқда.

 

Бешинчи оят:

Аллоҳ таоло «Оли Имрон» сурасида ҳалокатга дучор бўлган аҳли китобларни бизга ўрнак қилиб: «...Китоб берилганлар фақат уларга илм келгандан сўнг ўзаро ҳасад қилишибгина ихтилоф қилишди», дейди (19-оят).

Демак, ихтилофнинг асосий сабаби ўзаро ҳасад қилиш экан. Нима, ҳасад ҳалокатга дучор бўлган ғайридинлардан бизга ҳам мерос бўлиб қолганми?!

 

Олтинчи оят:

Аллоҳ таоло «Оли Имрон» сурасида сиз билан биз мусулмонларга хитоб қилиб: «Ўзларига очиқ баёнотлар келганидан кейин бўлиниб, тафриқага тушганларга ўхшаш бўлманглар! Ана ўшаларга улуғ азоб бордир», деган.

Ҳа, кўзимизни очишимиз, ўзимизни ўнглашимиз керак. Ислом динимиз орқали ўзимизга очиқ баёнотлар келганидан кейин ҳам бўлиниб, тафриқага тушиб бир-биримиз ила тортишиб, уруш-жанжал қилаверсак, улуғ азобга дучор бўлиб қолмайлик, тағин.

 

Ихтилоф ҳақидаги баъзи ҳадиси шарифлар

Энди ихтилофнинг ёмонлиги ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган баъзи ҳадиси шарифлар билан қисқача танишиб чиқайлик:

Биринчи ҳадис:

Имом Муслим ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ихтилоф қилманглар, яна қалбларингиз ихтилофли бўлиб қолмасин», деганлар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қайтарган нарсадан қайтмоғимиз лозим. У зот бизни ихтилоф қилишдан қайтариб турсалар-у, биз ўзаро ихтилоф қилиб турсак, қандоқ бўлади?! Ҳадиси шарифда ихтилофнинг ёмон оқибати алоҳида таъкидланмоқда. Бу қалбларнинг ихтилофли бўлиб қолишидир.

Ҳа, бир-икки бор ихтилоф содир бўлгандан кейин, унинг таъсирида қалблар ихтилофли бўлиб қолса, Аллоҳ кўрсатмасин, кейин ўшандай қалб эгаларининг бошлари шубҳасиз келишмовчилик ва уруш-жанжаллардан чиқмай қолади.

 

Иккинчи ҳадис:

Муҳаддисларимиз Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда у киши қуйидагиларни айтадилар: «Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига иссиқ пайтда борган эдим, бир оят ҳақида ихтилоф қилган икки кишининг овозларини эшитиб қолдим. Шу пайт Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқдилар, юзларидан ғазаб билиниб турар эди. Бас, у зот: «Албатта, сиздан олдин ўтганлар Китоб ҳақида ихтилоф қилганлари учун ҳалок бўлганлар!» дедилар».

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз саҳобаларидан иккиталарини бир оят ҳақида ихтилофга тушишларидан ғазабланишлари бежиз эмас экан. Чунки улар ўзлари сезмаган ҳолда, тарихдаги энг катта хатолардан бирини такрорлашаётган экан. У ҳам бўлса, илоҳий китоб ҳақида ихтилоф қилишдир. Олдин ўтган умматлар ўзларига келган илоҳий китоб ҳақида ихтилоф қилганлари учун ҳалокатга учрашган экан. Агар биз ҳам шу ишни қилсак, ўша қавмларнинг хатосини такрорлаган бўлмаймизми?!

 

Учинчи ҳадис:

Имом Бухорий келтирган ривоятда Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган оятни бир киши мен эшитгандан бошқача қироат қилаётганини эшитиб қолдим-да, уни қўлидан тутиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келтирдим. Шунда у зот, иккингиз ҳам гўзал ишдасиз, дедилар. Шўъба розияллоҳу анҳу, менимча, ихтилоф қилманглар. Албатта, сиздан аввалгилар ихтилоф қилдилар ва ҳалок бўлдилар, дедилар, деб айтди».

Демак, динимизда бир нарсани икки хил адо этиш мумкин бўлган жойлар ҳам бор экан. Маълум бир оятни Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу бир хил, ҳалиги саҳобий розияллоҳу анҳу бошқа бир хил қироат қилган эканлар. Ихтилоф бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб, ажрим қилишмоқчи бўлишган экан, У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам, иккингизники ҳам тўғри, дебдилар. Лекин шу билан бирга бундоқ масалаларда ихтилоф қилиш мутлақо мумкин эмаслигини ҳам қаттиқ уқтириб айтибдилар.

Мана, азизлар, ихтилофнинг ҳаром иш эканлигига, мусулмонлар ҳеч ва ҳеч ихтилоф қилмасликлари вожиб эканига далолат қилувчи баъзи оят ва ҳадисларни қисқача ўрганиб чиқдик. Энди инсоф қилиб ўзимизга ўзимиз бир савол берайликчи, Қуръон ва Суннатга амал қилишни даъво этганимиз қани-ю, уларга амал қилганимиз қани? Мазкур даъво юзасидан адо этиш ҳам, этмаслик ҳам суннат бўлган ишда ихтилоф қўзғаб, бир қанча оят ва ҳадисларга зид, ҳаром ишни қилганимиз Қуръон ва Суннатга амал қилиш деб аталадими?! Шунинг учун ҳам уламоларимиз, бир гапни айтишдан ёки бирор ишни қилишдан олдин уни яхшилаб ўрганиб, зарар олиб келмайдиган бўл-са, кейин уриниш керак, деганлар.

Қилса савоб, қилмаса ҳеч гап бўлмайдиган суннат амал ҳақида ихтилоф қўзғаб, охири ҳаром ишга сабаб бўлиш, динимиз аҳкомларини яхши билмаслигимиздан! Нима учун Қуръон ва Суннатга амал қилиш шиори остида майда масалаларни маҳкам тутиб ихтилоф чиқарамиз-у, Қуръон ва Суннатдаги энг муҳим масалалардан бири – мусулмонлар бирлиги ҳақидаги амрларга ва наҳий-ларга амал қилмаймиз?!

Энди ихтилоф чиққан масалалардан баъзиларини тарозуга солиб, уламоларимиз уларни қандай таҳлил қилганларини ўрганиб чиқайлик.

 

Кейинги мавзулар:

Омийнни намозда овоз чиқармай айтиш афзалми ёки овоз чиқариб айтишми?
Омийнни овоз чиқариб айтиш афзал деганларнинг далиллари ва уларнинг муноқашаси;
Омийнни ичида айтган афзал, деганларнинг ҳужжатлари
.

Кутубхона
Бошқа мақолалар

Одам нега ўз жонига қасд қилади?

22.11.2024   4271   3 min.
Одам нега ўз жонига қасд қилади?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ўлим ҳар бир инсоннинг ҳаётдаги охирги нафаси, шу билан ҳар бир инсоннинг абадияти ҳал этиладиган энг сўнги лаҳза,  яхшилик ва ёмонликларимизнинг заррачасини ҳам қолдирмай кўз ўнгимизга олиб келадиган, ҳисоб қилинадиган вақт, қабрда жаннат боғчаларидан бир боғча ёки дўзах чуқурларидан бир чуқур бўлишини исботлайдиган ҳолдир.

Ўлимнинг ҳақиқий маъносини тушуниб, унинг улкан маҳобатини ҳис этган олимлар бўлар бўлмасга ўлим сўзини тилларига чиқараверишдан ҳам истиҳола қилганлар. Шунинг учун ҳам халқимиз талаффузида вафот этган кишига нисбатан тўғридан-тўғри ўлим сўзи ишлатилмайди. Балки фалон киши дунёдан ўтибдилар, йўқ бўлиб қолибдилар, омонатни топширибдилар каби сўзларни ишлатиш урфга айланган.

Бугун эса, бу сўзга нисбатан енгил муносабатда бўлиб қолганимиз ўз жонига қасд қилиш иллати авж олишига сабаб эмасмикан? Эътибор бериб қарасангиз, айримларда тушунчанинг етарли эмаслиги сабабидан кўпчилик ўзаро ҳазиллашиб ҳам ўлим сўзини ишлатмоқда, ҳатто айрим оналаримиз фарзандларини қўрқмасдан “ўлим” сўзини ишлатиб қарғамоқдалар.

Ўз жонига қасд қилиш иллатининг бундан ҳам  даҳшатли сабабларидан бири кўпчилик ёши катталаримиз ҳам, ўлим хабарини эшитган пайтда мусулмон кишига хос бўлган одобни ҳам билмаслигидир. Кўпчилик узоқ вақт касал бўлиб ёки қийналиб дунёдан ўтган кишини эшитса, унга муносабат билдириб “ташвишдан, қийинчиликдан қутулибди” деган сўзларни ҳам ишлатмоқдалар. Бу каби гап сўзлар билан нафақат ўзимиз ғафлатда юрибмиз, балки ёшларимизнинг ҳам онгини чалғитишга, ўлим билан осонгина ўйнашишга сабабчи бўлиб қолмоқдамиз. Бу ҳақда ҳадиси шарифларда бундай дейилади:

فعَنْ عَائِشَةَ رضي الله عنها قَالَتْ : قِيلَ : يَا رَسُولَ اللَّهِ ، مَاتَتْ فُلَانَةُ ، وَاسْتَرَاحَتْ , فَغَضِبَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَقَالَ : إِنَّمَا يَسْتَرِيحُ مَنْ غُفِرَ لَهُ  (رواه أحمد 24192)

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Ё Аллоҳнинг Расули, фалон аёл вафот этиб, хотиржам бўлди, дунёнинг машаққатларидан қутилди дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ғазабланиб: “Аллоҳ таоло томонидан мағфират этилган кишигина нажот топади”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).

Ўз жонига қасд қилишнинг тарқалишига яна бир жиддий сабаблардан бири меҳр-шафқатнинг етишмаслигидир. Доимо бир-бирлари билан чиқиша олмайдиган, арзимас сабаб билан бақир-чақирлар бўлаверадиган оилаларда ўсаётган фарзандларнинг жажжигина қалби дунёни ушбу ёвуз оила тимсолида тасаввур этиб улғаяди. Дунёни меҳрсиз деб тушуниб улғайган фарзанднинг қулоғига иккинчи томондан ўлим сўзи оддий нарса, ҳаёт қийинчиликларидан қутулиш йўли бўлиб эшитилиб тургандан кейин у нима қилсин?

Бир ҳақиқатни ҳеч қачон унутмайлик, фарзандларимизга берган меҳримиз сабабидан ҳам биз икки дунёда Роббимиз томонидан раҳм қилинамиз. Аллоҳ таолонинг Ўзи азиз халқимизни бу каби иллатларнинг домига тушиб қолишдан Ўз паноҳида асрасин.

Ш.Исроилов
ТИИ Модуль таълим тизими талабаси,
Учқўрғон тумани Муҳаммад Зариф жоме масжиди имом-хатиби