Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
عَنْ أَنَسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ سَمِعَ صَوْتًا مِنْ قَبْرٍ فَقَالَ: مَتَى مَاتَ هَذَا؟ فَقَالُوا: مَاتَ فِي الْجَاهِلِيَّةِ، فَسُرَّ بِذَلِكَ، وَقَالَ: لَوْلَا أَلَّا تَدَافَنُوا لَدَعَوْتُ اللهَ أَنْ يُسْمِعَكُمْ عَذَابَ الْقَبْرِ. رَوَاهُ النَّسَائِيُّ وَمُسْلِمٌ.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир қабрдан овоз эшитдилар ва:
«Қачон вафот этган?» дедилар.
«Жоҳилиятда вафот этган», дейишди.
У зот бундан енгил тортдилар ва:
«Агар дафн қилмай қўйишингиздан қўрқувим бўлмаганида, сизга қабр азобини эшиттиришини сўраб, Аллоҳга дуо қилар эдим», дедилар».
Насаий ва Муслим ривоят қилганлар.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрдаги овозларни эшитиш хусусиятлари ҳам борлиги.
2. Жоҳилиятда ширк билан ўлганлар ҳам қабрларида азобланишлари.
3. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳга дуо қилиб, умматларига қабр азобини эшиттириш имкониятига эга бўлсалар ҳам бу ишни қилмаганликлари. Чунки қабрдаги азобни эшитадиган бўлса, одамлар қўрққанларидан ҳеч кимни дафн қилгани бормай қўяр эканлар.
Демак, қабр овозини эшитмасдан ҳам унга иймон келтириб, ундан паноҳ сўраб, ундан қутултирадиган ишларни қилиб юришимиз керак экан.
عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِي اللهُ عَنْهُ ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: هَذَا الَّذِي تَحَرَّكَ لَهُ الْعَرْشُ، وَفُتِحَتْ لَهُ أَبْوَابُ السَّمَاءِ، وَشَهِدَهُ سَبْعُونَ أَلْفًا مِنَ الْمَلَائِكَةِ لَقَدْ ضُمَّ ضَمَّةً، ثُمَّ فُرِّجَ عَنْهُ. رَوَاهُ النَّسَائِيُّ هُنَا وَالشَّيْخَانِ فِي الْفَضَائِلِ.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мана бу унинг учун Арш ҳаракатга келган, унга осмоннинг эшиклари очилган, унга етмиш минг фаришта ҳозир бўлган одамдир. Батаҳқиқ, у ҳам бир марта сиқилди. Сўнгра у қўйиб юборилди», дедилар».
Бу жойда Насаий ва икки Шайх «Фазилатлар» бобида ривоят қилганлар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисдаги гапларни ансорийларнинг Авс қабиласи бошлиғи, улуғ саҳобий Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳу ҳақида айтганлар.
Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳу вафот этиб, руҳлари кўтарилганида у кишининг ҳурматларидан Арши Аъло ҳаракатга келган, осмон эшиклари очилган экан. У кишининг жанозаларига етмиш минг фаришта ҳозир бўлган экан.
Лекин шунчалик улуғ мақомга эга бўлишларига қарамай, қабрга қўйилганларида у киши ҳам қабр томонидан бир марта сиқилган, кейин қўйиб юборилган эканлар.
Имом Аҳмад келтирган ривоятда:
«Албатта, қабрнинг бир босиши бор. Агар ўша босишдан бирор киши нажот топадиган бўлса, Саъд топар эди», дейилган.
Ушбу қабрнинг сиқишидан фақат Пайғамбар алайҳиссаломлар ва балоғатга етмаган болаларгина четда қолар эканлар. Чунки бу икки тоифада умуман ҳеч қандай гуноҳ бўлмайди. Қолганлар эса бунга албатта дучор бўлар экан. Гуноҳи озларни қабр сиқиши озроқ, кўпларники эса кўпроқ бўлар экан.
Шунинг учун иложи борича гуноҳдан узоқда бўлишга ҳаракат қилиш лозим. Шариатимизда қайси иш гуноҳ дейилса, албатта ўшанинг яқинига бормаслик керак.
Эй Биру Бор, ҳар бир нарсага қодир Аллоҳ! Сенинг Ўзингдан бизни қабр азобидан сақлашингни сўраймиз!
«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ўлим ҳар бир инсоннинг ҳаётдаги охирги нафаси, шу билан ҳар бир инсоннинг абадияти ҳал этиладиган энг сўнги лаҳза, яхшилик ва ёмонликларимизнинг заррачасини ҳам қолдирмай кўз ўнгимизга олиб келадиган, ҳисоб қилинадиган вақт, қабрда жаннат боғчаларидан бир боғча ёки дўзах чуқурларидан бир чуқур бўлишини исботлайдиган ҳолдир.
Ўлимнинг ҳақиқий маъносини тушуниб, унинг улкан маҳобатини ҳис этган олимлар бўлар бўлмасга ўлим сўзини тилларига чиқараверишдан ҳам истиҳола қилганлар. Шунинг учун ҳам халқимиз талаффузида вафот этган кишига нисбатан тўғридан-тўғри ўлим сўзи ишлатилмайди. Балки фалон киши дунёдан ўтибдилар, йўқ бўлиб қолибдилар, омонатни топширибдилар каби сўзларни ишлатиш урфга айланган.
Бугун эса, бу сўзга нисбатан енгил муносабатда бўлиб қолганимиз ўз жонига қасд қилиш иллати авж олишига сабаб эмасмикан? Эътибор бериб қарасангиз, айримларда тушунчанинг етарли эмаслиги сабабидан кўпчилик ўзаро ҳазиллашиб ҳам ўлим сўзини ишлатмоқда, ҳатто айрим оналаримиз фарзандларини қўрқмасдан “ўлим” сўзини ишлатиб қарғамоқдалар.
Ўз жонига қасд қилиш иллатининг бундан ҳам даҳшатли сабабларидан бири кўпчилик ёши катталаримиз ҳам, ўлим хабарини эшитган пайтда мусулмон кишига хос бўлган одобни ҳам билмаслигидир. Кўпчилик узоқ вақт касал бўлиб ёки қийналиб дунёдан ўтган кишини эшитса, унга муносабат билдириб “ташвишдан, қийинчиликдан қутулибди” деган сўзларни ҳам ишлатмоқдалар. Бу каби гап сўзлар билан нафақат ўзимиз ғафлатда юрибмиз, балки ёшларимизнинг ҳам онгини чалғитишга, ўлим билан осонгина ўйнашишга сабабчи бўлиб қолмоқдамиз. Бу ҳақда ҳадиси шарифларда бундай дейилади:
فعَنْ عَائِشَةَ رضي الله عنها قَالَتْ : قِيلَ : يَا رَسُولَ اللَّهِ ، مَاتَتْ فُلَانَةُ ، وَاسْتَرَاحَتْ , فَغَضِبَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَقَالَ : إِنَّمَا يَسْتَرِيحُ مَنْ غُفِرَ لَهُ (رواه أحمد 24192)
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Ё Аллоҳнинг Расули, фалон аёл вафот этиб, хотиржам бўлди, дунёнинг машаққатларидан қутилди дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ғазабланиб: “Аллоҳ таоло томонидан мағфират этилган кишигина нажот топади”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).
Ўз жонига қасд қилишнинг тарқалишига яна бир жиддий сабаблардан бири меҳр-шафқатнинг етишмаслигидир. Доимо бир-бирлари билан чиқиша олмайдиган, арзимас сабаб билан бақир-чақирлар бўлаверадиган оилаларда ўсаётган фарзандларнинг жажжигина қалби дунёни ушбу ёвуз оила тимсолида тасаввур этиб улғаяди. Дунёни меҳрсиз деб тушуниб улғайган фарзанднинг қулоғига иккинчи томондан ўлим сўзи оддий нарса, ҳаёт қийинчиликларидан қутулиш йўли бўлиб эшитилиб тургандан кейин у нима қилсин?
Бир ҳақиқатни ҳеч қачон унутмайлик, фарзандларимизга берган меҳримиз сабабидан ҳам биз икки дунёда Роббимиз томонидан раҳм қилинамиз. Аллоҳ таолонинг Ўзи азиз халқимизни бу каби иллатларнинг домига тушиб қолишдан Ўз паноҳида асрасин.
Ш.Исроилов
ТИИ Модуль таълим тизими талабаси,
Учқўрғон тумани Муҳаммад Зариф жоме масжиди имом-хатиби