Аристотел Сократ Онассис 1906 йил таваллуд топган. Кемасозлик бизнеси билан шуғулланган, биринчи бўлиб супертанкерларни қуришни бошлаган грециялик халқаро тадбиркор.
Онассис 25 ёшида миллионер бўлган. Икки нафар фарзанднинг отаси эди. Ўғли 24 ёшида самолёт ҳалокатида, қизи эса 37 ёшида вафот этган.
1974 йилда 500 миллион АҚШ долларидан ортиқ сармояга эга миллиардер Онассис миастения гравис (myasthenia gravis) яъни мускулларнинг тез толиқиши билан кечувчи сурункали аутоиммун касаллигига чалинади.
Мускулларини ўзи мустақил равишда ишлата олмас, ҳатто кўзларининг юқори қовоғини ҳам кўтара олмасди. Касаллик сабабли нафас олишда иштирок этувчи мускуллар зарарланиб, Онассис нафас олишга қийналиб, бўғилиб қоларди. 1975 йил нафас этишмовчилиги туфайли 69 ёшида вафот этди.
Вафотидан олдин миллиардердан орзуси ҳақида сўрашганда “Энг катта орзуим – бир марта бўлса ҳам кўзимни очиб-юмишни хоҳлайман, бунинг учун бор бойлигимни бераман” деб жавоб беради.
Бир маротаба кўзни очиб-юмишнинг неъмат эканини афсуски яхши англамаймиз, унинг қадрига етмаймиз. Аллоҳнинг берган неъматлари беминнат ва беҳисобдир, уларнинг ўрнини ҳеч нарса боса олмайди.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Беш нарсадан олдин беш нарсани ғанимат бил: кексалигинг олдидан ёшлигингни, касаллигинг олдидан саломатлигингни, камбағаллигинг олдидан бойлигингни, машғуллигинг одидан бўшлигингни, ўлиминг олдидан ҳаётингни”, деганлар (Имом Ҳоким ривояти).
Жунайд Бағдодий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Ҳақиқий шукр – Аллоҳ берган неъматни У ҳаром қилган ишларга ишлатмасликдир”.
Аллоҳим берган неъматларингдан Ўзинг рози бўладиган амалларга фойдаланишимизга тавфиқ бергин.
Даврон НУРМУҲАММАД
Аллоҳ таоло инсониятни озодаликка, жисму иймони, уй-жойи – Ватанини пок тутишга, боғу роғлар ўстирувчи ва Ер юзини обод қилувчилардан бўлишга чақиради.
Юқоридаги чақириққа монанд айни кунларда ЎМИ Бухоро вилояти вакили Жобир домла Элов бошчилигида вилоятимиздаги барча масжид, мадраса ва зиёратгоҳларда яшил маконларни кўпайтириш ишлари уюшқоқлик билан ташкил этилиб, дин пешволари томонидан ҳудудларда яшил майдонлар барпо этилмоқда.
Зеро, ҳадис шарифларда: “Албатта, фаришталар экин ёки кўчат экувчининг ҳаққига, модомики, эккан нарсаси кўкариб тураркан, истиғфор айтиб туришади”, - дейилади.
Яратган Зот бу ҳайрли ишларни бардавом ва барокатли қилсин!
Бухоро вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати