Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Севимли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотлари – қиёмат куни яқинлашиш аломатининг бири саналади.
Авф ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий алайҳиссалом қиёмат куни аломатларини санаётганларида: “Менинг ўлимим”, деб айтганлар (Имом Бухорий ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу дунёни тарк этишлари уммат учун энг катта мусибатдир. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага кирганларида бутун олам мунаввар бўлди, бу дунёни тарк этган кунларида эса бутун олам хиралашди” (Имом Термизий ривояти).
Набий алайҳиссаломнинг вафотлари билан ваҳий келиши тўхтади.
Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳум Умму Айман розияллоҳу анҳони зиёратига келганларида унинг йиғлаб турганини кўришди. Шунда ундан сўрашди:
– Сизни йиғлашга нима мажбур қилди? Зеро, Аллоҳнинг Расулуллоҳга бергани афзалроқдир!
У эса айтади:
– Мен Аллоҳнинг ҳузурида Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламга нима яхшироқ эканини билмайман. Аммо ваҳийнинг тўхтаб қолганига йиғлаяпман.
Шунда Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумо унга қўшилиб йиғладилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам башар эдилар. Шу боис у зот ҳам вафот этдилар. Зеро, бу ҳаётда ҳар бир жон ўлим шарбатини татиб кўради. Бу дунё – вақтинчалик бошпана ва ҳеч ким бу ерда абадий қолмайди. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “(Эй Муҳаммад!) Биз сиздан аввал бирор одамзотга мангу ҳаёт берган эмасмиз – Сиз ўладигану, улар мангу қолувчиларми?! Ҳар бир жон ўлимнинг тотувчисидир. Биз сизларни ёмонлик билан ҳам, яхшилик билан ҳам синаб, имтиҳон қилурмиз. (Кейин) Бизнинг ҳузуримизгагина қайтарилурсиз” (Анбиё сураси, 34–35-оят).
Имом Қуртубий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан сўнг ваҳий тўхтади. Шундай қилиб яхшилик тўхтади ва ёмонликлар ошкор бўла бошлади”.
София бинти Абдулмуталлиб айтади: “Қасам ичаманки, Пайғамбар вафот этгани учун йиғламайман. Лекин мен кейинги қотилликлардан қўрқаман”.
Дарҳақиқат, Набий алайҳиссалом вафотларидан сўнг турли фитна ва ихтилофлар бўй чўза бошлади.
Давоми бор...
Манбалар асосида
Баҳриддин ХУШБОҚОВ
таржимаси.
Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Кимки мўмин ва мўминалар ҳаққига истиғфор айтса, Аллоҳ унга ҳар бир мўмин ва мўмина ҳисобида биттадан яхшилик ёзади", деганлар.
Шарҳ: Агар бирор (таниган ва танимаган) мўмин-мўминанинг ҳаққига истиғфор айтсангиз, Аллоҳ таоло бунинг эвазига ўша мўмин ва мўмина номидан сизга яхшилик (савоб) ёзади.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: "Эй Роббимиз, мени, ота-онамни ва мўминларни ҳисоб қилинадиган куни мағфират айлагин" (Иброҳим сураси, 41-оят).
Аллоҳим Одам алайҳиссаломдан то Қиёматга қадар келадиган жамики мўмин-мусулмонларнинг гуноҳларини мағфират этгин.