Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
16 Июл, 2025   |   21 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:24
Қуёш
05:04
Пешин
12:34
Аср
17:40
Шом
19:58
Хуфтон
21:31
Bismillah
16 Июл, 2025, 21 Муҳаррам, 1447

Қиёматнинг кичик аломатлари: Пайғамбар алайҳиссаломнинг вафот этишлари (Иккинчи қисм)

15.11.2024   9596   2 min.
Қиёматнинг кичик аломатлари: Пайғамбар алайҳиссаломнинг вафот этишлари (Иккинчи қисм)

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Севимли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотлари – қиёмат куни яқинлашиш аломатининг бири саналади.

Авф ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий алайҳиссалом қиёмат куни аломатларини санаётганларида: “Менинг ўлимим”, деб айтганлар (Имом Бухорий ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу дунёни тарк этишлари уммат учун энг катта мусибатдир. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага кирганларида бутун олам мунаввар бўлди, бу дунёни тарк этган кунларида эса бутун олам хиралашди” (Имом Термизий ривояти).

Набий алайҳиссаломнинг вафотлари билан ваҳий келиши тўхтади.

Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳум Умму Айман розияллоҳу анҳони зиёратига келганларида унинг йиғлаб турганини кўришди. Шунда ундан сўрашди:

– Сизни йиғлашга нима мажбур қилди? Зеро, Аллоҳнинг Расулуллоҳга бергани афзалроқдир!

У эса айтади:

– Мен Аллоҳнинг ҳузурида Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламга нима яхшироқ эканини билмайман. Аммо ваҳийнинг тўхтаб қолганига йиғлаяпман.

Шунда Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумо унга қўшилиб йиғладилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам башар эдилар. Шу боис у зот ҳам вафот этдилар. Зеро, бу ҳаётда ҳар бир жон ўлим шарбатини татиб кўради. Бу дунё – вақтинчалик бошпана ва ҳеч ким бу ерда абадий қолмайди. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: (Эй Муҳаммад!) Биз сиздан аввал бирор одамзотга мангу ҳаёт берган эмасмиз – Сиз ўладигану, улар мангу қолувчиларми?! Ҳар бир жон ўлимнинг тотувчисидир. Биз сизларни ёмонлик билан ҳам, яхшилик билан ҳам синаб, имтиҳон қилурмиз. (Кейин) Бизнинг ҳузуримизгагина қайтарилурсиз” (Анбиё сураси, 34–35-оят).

Имом Қуртубий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан сўнг ваҳий тўхтади. Шундай қилиб яхшилик тўхтади ва ёмонликлар ошкор бўла бошлади”.

София бинти Абдулмуталлиб айтади: “Қасам ичаманки, Пайғамбар вафот этгани учун йиғламайман. Лекин мен кейинги қотилликлардан қўрқаман”.

Дарҳақиқат, Набий алайҳиссалом вафотларидан сўнг турли фитна ва ихтилофлар бўй чўза бошлади.

Давоми бор...

Манбалар асосида
Баҳриддин ХУШБОҚОВ
таржимаси.

Бошқа мақолалар

Намоздан кейинги зикрлар қандай айтилади?

16.07.2025   1543   2 min.
Намоздан кейинги зикрлар қандай айтилади?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Савол: Намоздан кейин имом «Оятал курсий»ни бошидан ўқиганда жамоат қолганини ичида давом эттирадими ёки бошидан бошлайдими? Зикрларни айтишдачи?


Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Намоздан кейин оятал курсий ва тасбеҳларни айтиш мустаҳаб амал саналиб, уларни имом ҳам, жамоат ҳам ўқишлари мандуб, яъни гўзал ва савобли иш ҳисобланади. Шунинг учун имом бошлаб берганидан кейин жамоатдагилар ҳам оятал курсийни бошидан ўқийдилар.

Шунингдек, тасбеҳларни 33 тадан айтадилар. Имом уларни овоз чиқариб бошлаб беришининг сабаби жамоатга айтиладиган зикрни эслатиш учундир.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом фарз намозлардан кейин «Оятал курсий»ни ўқишнинг фазилати ҳақида бундай дейдилар: “Ким ҳар бир фарз намозидан кейин Оятал курсийни ўқиса, кейинги намозгача Аллоҳ таолонинг зиммасида бўлади” (Имом Табароний ривоятлари).

Бошқа бир ҳадиси шарифда бундай дейилади:

“Ким ҳар бир фарз намознинг ортидан Оятал курсийни ўқиса, уни жаннатга киришдан фақатгина ўлим тўсиб туради” (Имом Насоий ривояти).

Намоздан кейин тасбеҳларни айтиш борасида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ким ҳар намоздан кейин ўттиз уч марта Аллоҳга тасбеҳ айтса, ўттиз уч марта Аллоҳга ҳамд айтса, ўттиз уч марта Аллоҳу акбар, деса ҳаммаси тўқсон тўққиз бўлади. Юзинчисида Лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ала кулли шайьин қодийрни айтса, унинг гуноҳлари денгиз кўпикларича бўлса ҳам мағфират қилинади”, дейилган (Имом Муслим ривояти).

Шунга кўра имом домла Субҳаналлоҳ, Алҳамдулиллаҳ, Аллоҳу акбар дейиши ўзи учун ҳисобга ўтади. Жамоатдаги намозхонлар 33 тадан ўзлари айтишлари керак бўлади. Валлоҳу аълам.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.