Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бомдод намозини ўқигандан кейин Аллоҳ таолога қуйидагича дуо қилинг: «Аллоҳим! Мана яна бир куннинг тонги отди, мен ҳам дунёдан ўтяпман. Аллоҳим! Фазлу караминг ила бу куннинг лаҳзаларини тўғри сарфлашга тавфиқ ато қил, бирор соат беҳуда кетмасин. Куним яхши ишларга сарф бўлсин...» ва ҳоказо.
Ҳадиси шарифда келадики, ҳар қуёш чиққанида, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу дуони ўқир эдилар:
الحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي أَقَالَنَا يَوْمَنَا هَذَا وَلَمْ يُهْلِكْنَا بِذُنُوبِنَا
«Бу кунни бизларга қайта ато қилган ва бизларни гуноҳларимиз сабабли ҳалок қилмаган Аллоҳга ҳамд бўлсин» (Имом Муслим ривояти).
Ҳар куннинг қуёши чиқар вақт Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шу калималарни ўқир эдилар. Бунинг маъноси шуки, «бу кун бизга насиб қилмаслиги ва бу кундан олдинроқ биз гуноҳларимиз сабабли ҳалок қилинишимиз мумкин эди. Лекин Аллоҳ таоло фазлу карами ила бизларни ҳалок қилмади ва бу кунни қайта ато қилди».
Хуллас, ҳар бир янги кун Аллоҳ таолонинг неъмати эканини қалбдан ҳис этиш лозим.
Мазкур дуо орқали Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир куннинг қадрига етишни таълим бермоқдалар, кечаги гуноҳларимиз сабаб ҳалок қилинишимиз мумкинлигини, лекин Аллоҳ таоло Ўз фазлу карами ила бизга ҳаёт ато қилганини эслатмоқдалар. Демак, бизга ато этилган янги кун – янги имкон, янги фурсат эканини англаган ҳолда, уни фойдали ишларга сарф қилмоқ лозим...
«Насиҳатлар гулдастаси» китобидан
Жаҳонгир Ниғматов
Тошкент ислом институти талабаси