Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
44 - وَمَا أَفْعَالُ خَيْرٍ فِي حِسَابٍ مِنَ الإِيْمَانِ مَفْرُوضَ الْوِصَالِ
Маънолар таржимаси: Яхши ишлар (иймонга) қўшилиши фарз қилинган бўлса-да, улар ҳисоблашда иймондан эмасдир.
Назмий баёни:
Хайрли ишлар гарчи эрур фарз,
Иймон жузларидан ҳисоб этилмас.
Луғатлар изоҳи:
مَا – нафий ҳарфи.
اَفْعَالُ – нафий ҳарфининг исми.
خَيْرٍ – музофун илайҳ.
فِي – “мажозий зарфият” маъносида келган жор ҳарфи.
حِسَابٍ – жор мажрур مَا нинг хабари эканига кўра насб ўрнида турибди.
مِنَ – “табъийз” (бўлакларга ажратиш) маъносида келган жор ҳарфи.
الاِيْمَانِ – жор мажрур حِسَابٍ га мутааллиқ. Иймон калимаси ўзбек тилида “ишониш” маъносига тўғри келади. Иймон ҳақидаги баҳсларни ўрганишда араб тилида қай даражадаги ишониш иймон деб аталишини билиш муҳим ҳисобланади. Араб тилида бир нарсага нисбатан ишониш даражалари қуйидагича ифодаланади:
– Ваҳм – 50 % га етмаган ишонч;
– Шак – 50 % ишонч бор, 50 % ишонч йўқ;
– Зон – 50 % дан ортиқ, аммо 100 % га етмаган ишонч;
– Иймон – 100 % бўлган ишонч;
Ушбу 100 % ишонилган нарсани далиллари билан ўрганиб чиқилганини ифодалаш учун иймон билан биргаликда “ийқон” (далиллари билан ўрганилган 100% ишонч) ҳам дейилади.
مَفْرُوضَ – ҳолликка кўра насб бўлиб турибди.
الْوِصَالِ – музофун илайҳ. Бу масдар “бир нарсада узлуксиз доимий равишда бардавом бўлиш” маъносини ифодалайди. وَصْلٌ масдари эса бирор нарсага бир марта эришишга нисбатан ишлатилади. Шунинг учун айнан وِصَالِ калимаси ишлатилган.
Матн шарҳи:
Барча яхши ишлар-у тоат-ибодатлар бажариш фарзлигига кўра иймонга боғлиқлиги бўлса-да, иймоннинг жузларидан ҳисобланмайди. Иймон ва амаллар бир-бирларидан фарқли нарсалар деб қаралади. Қуръони каримда ҳам уларнинг оралари ажратиб баён қилинган:
﴿إِنَّ ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ وَعَمِلُواْ ٱلصَّٰلِحَٰتِ ﴾
“Албатта, иймон келтирган, яхши ишларни қилган...”[1].
Ушбу оятда яхши амалларни қилиш иймон келтиришга атф қилиб келтирилган. Маътуф эса маътуфун алайҳдан бошқалиги ҳеч кимга сир эмас.
Яхши амалларни қилиш иймондан ҳисобланмаслигига энг ёрқин далиллардан яна бири – хайрли ишларнинг савоб келтирадиган амал бўлиши учун иймон шарт қилинганидир:
﴿وَمَن يَعۡمَلۡ مِنَ ٱلصَّٰلِحَٰتِ وَهُوَ مُؤۡمِنٞ فَلَا يَخَافُ ظُلۡمٗا وَلَا هَضۡمٗا١١٢﴾
“Кимки мўмин бўлган ҳолда эзгу ишларни қилса, бас, у зулмдан (қилмаган гуноҳларга жавоб беришдан) ҳам, камайишдан (савоби тўла берилмай қолишидан) ҳам хавфсирамас”[2].
Ушбу оятда яхши амалларни мўмин ҳолатда қилиш шарт қилинган. Шарт билан шарт қилинган нарсаларнинг бошқа-бошқа экани ҳеч кимга сир эмас.
Аслида, ушбу масала иймон ҳақиқати нима деган саволга берилган жавоблардан келиб чиққан. Шунинг учун дастлаб иймоннинг ҳақиқати тўғрисидаги таърифлар билан танишиб чиқилса, нима учун бундай баҳс қилинганини тушуниш осон бўлади.
Иймон рукнлари нечта?
“Иймон рукнлари нечта” деган саволга жавоб бериш учун аввало “иймон” ва “рукн” калималари нимани ифодалаши, яъни улар нималарнинг исми экани ҳақида тўғри тасаввур бўлиши лозим.
Иймон калимаси луғатда икки хил маънони англатади:
1. Тасдиқлаш;
2. Омонлик бериш.
Аҳли сунна вал-жамоа уламолари наздида биринчи маъно яъни “тасдиқлаш” мўътабар ҳисобланади. Истилоҳда эса Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таоло ҳузуридан келтирган барча нарсаларни қалб билан тасдиқлаш ва тил билан иқрор бўлиш иймон деб аталади.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидаги нарсаларга шаксиз ишониш лозимлигини таълим берганлар:
1. Аллоҳга;
2. Фаришталарга;
3. Илоҳий китобларга;
4. Пайғамбарларга;
5. Охират кунига;
6. Қадарнинг яхшиси ҳам ёмони ҳам Аллоҳдан эканига;
7. Ўлгандан сўнг қайта тирилишга.
Ушбу нарсаларга шаксиз ишониш иймон келтириш лозим бўлган барча нарсаларни ўз ичига қамраб олувчи ишонч ҳисобланади.
Рукн луғатда “устун”, “асос” “бурчак” каби маъноларни англатади. Истилоҳда эса “Бирор нарсанинг асосини ташкил қиладиган энг кучли тарафи унинг рукни дейилади”.
“Иймон рукнлари нечта” деган саволга жавоб излаб уламоларимизнинг бу ҳақидаги қарашларини ўрганиб чиқадиган бўлсак, Аҳли сунна вал-жамоа уламолари иймоннинг рукни ҳақида бир-биридан фарқли уч хил қарашни айтганларига гувоҳ бўламиз:
1. Иймон қалб билан эътиқод қилиш, тил билан нутқ қилиш ва арконларга амал қилишдир;
2. Иймоннинг аслий рукни тасдиқлашдир. Тил билан иқрор бўлиш аслга қўшимча рукн ҳисобланади;
3. Иймон фақатгина тасдиқдан иборатдир. Иқрор бўлиш дунёда мўминлик ҳукмлари ижроси учун шартдир. Солиҳ амаллар эса иймоннинг саҳиҳ бўлиши учун эмас, балки комил бўлиши учун шартдир.
Иймон рукнлари ҳақидаги ушбу фарқли қарашларнинг асл моҳиятини ўрганиш кўплаб тушунмовчиликларга барҳам беради. Шу маънода мазкур қарашларни алоҳида-алоҳида ўрганиб чиқамиз:
1. Иймон қалб билан эътиқод қилиш, тил билан нутқ қилиш ва арконларга амал қилишдир.
Бу қарашни олға сурганлар икки гуруҳга бўлинади:
а) Аҳли сунна вал-жамоа уламолари. Имом Молик, имом Шофиъий, имом Аҳмад, имом Авзоъий ва булардан бошқа аҳли ҳадислар, аҳли зоҳирлар ҳамда баъзи мутакаллимлар иймонни макзкур маънода таърифлаганлар. Ушбу муҳтарам имомлар арконларга амал қилишни иймон ҳақиқатининг эмас, балки комил иймоннинг рукнидир, деганлар. Яъни арконларга амал қилмаганлар иймон ҳақиқатидан чиқиб кетмайди, деганлар. Демак, бу зотларнинг мазҳабларига кўра арконларга амал қилмаганлар “комил иймон”[3] эгаси бўла олмайдилар, аммо мўмин бўлиб тураверадилар, – деган маъно тушунилади.
Бу қарашга қуйидагича далил келтирадилар: Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан иймон нима деб сўраганида, У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидаги оятни тиловат қилганлар. Кейин яна қайта сўраганида яна шу оятни тиловат қилганлар:
﴿۞لَّيۡسَ ٱلۡبِرَّ أَن تُوَلُّواْ وُجُوهَكُمۡ قِبَلَ ٱلۡمَشۡرِقِ وَٱلۡمَغۡرِبِ وَلَٰكِنَّ ٱلۡبِرَّ مَنۡ ءَامَنَ بِٱللَّهِ وَٱلۡيَوۡمِ ٱلۡأٓخِرِ وَٱلۡمَلَٰٓئِكَةِ وَٱلۡكِتَٰبِ وَٱلنَّبِيِّۧنَ وَءَاتَى ٱلۡمَالَ عَلَىٰ حُبِّهِۦ ذَوِي ٱلۡقُرۡبَىٰ وَٱلۡيَتَٰمَىٰ وَٱلۡمَسَٰكِينَ وَٱبۡنَ ٱلسَّبِيلِ وَٱلسَّآئِلِينَ وَفِي ٱلرِّقَابِ وَأَقَامَ ٱلصَّلَوٰةَ وَءَاتَى ٱلزَّكَوٰةَ وَٱلۡمُوفُونَ بِعَهۡدِهِمۡ إِذَا عَٰهَدُواْۖ وَٱلصَّٰبِرِينَ فِي ٱلۡبَأۡسَآءِ وَٱلضَّرَّآءِ وَحِينَ ٱلۡبَأۡسِۗ أُوْلَٰٓئِكَ ٱلَّذِينَ صَدَقُواْۖ وَأُوْلَٰٓئِكَ هُمُ ٱلۡمُتَّقُونَ١٧٧﴾
Юзларингизни Машриқ ва Мағриб томонларига буришингиз (ибодат қилишингизнинг ўзи тўла) яхшилик эмас, балки Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобларга, пайғамбарларга имон келтирган, ўзи яхши кўрган молидан қариндошларига, етимларга, мискинларга, йўловчига, тиланчиларга ва қулларни озод қилиш йўлида берадиган, намозни тўкис адо этиб, закотни тўлаб юрадиган киши ва келишилган аҳдларига вафо қилувчилар, шунингдек, оғир-енгил кунларда ва жанг пайтида сабр қилувчилар яхшилик (аҳли)дир. Айнан ўшалар (имонларида) содиқдирлар ва айнан ўшалар тақводордирлар”[4].
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу жавобларида иймоннинг қалб билан эътиқод қилиш, тил билан нутқ қилиш ва арконларга амал қилишдан иборат экани зоҳир бўлиб турибди, – деганлар.
б) Мўътазилийлар. Бу фирқа арконларга амал қилишни иймон ҳақиқатининг рукнидир, яъни арконларга амал қилмаганлар иймон ҳақиқатидан чиқиб кетади, деганлар. Демак, бу фирқанинг қарашига кўра, амал қилмаган кимса диндан чиқиб кетади. Шунга кўра кимки амал қилмаган кимса диндан чиқиб кетади, деса, мўътазилий фирқасининг даъвосини айтган бўлади.
2. Иймоннинг аслий рукни тасдиқлашдир. Тил билан иқрор бўлиш аслга қўшимча рукн ҳисобланади.
Саъдуддин Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳ бу ҳақида шундай деган: иймон аслига қўшилган нарса тил билан ифодалашдир. Чунки тил қалбдаги нарсани ифодалаб беради ва қалбий тасдиққа далолат қилади. Аммо тил билан ифодалаш аслий рукн ҳисобланмайди. Чунки тасдиқнинг ўрни қалбдир. Шунинг учун ҳам узрли пайтларда тил билан иқрор бўлиш соқит бўлади. Масалан соқов киши тили билан иқрор бўлмагани, ёки мажбурланган киши иқрорни инкорга айлантириб қўйгани сабабли улардан иймон ҳукми олиб ташланмайди. Тил билан иқрор бўлиш иймоннинг аслий рукнига қўшимча экани имом Сарахсий, Фахрул Ислом Паздавий ва бошқа кўплаб фақиҳлардан ривоят қилинган. Ушбу қараш улуғ ватандошимиз Нажмиддин Насафий раҳматуллоҳи алайҳ эътимод қилган қараш ҳисобланади. Бу зот “Ақоидун Насафий”да қуйидагиларни ёзган:
اَلْاِيْمَانُ هُوَ التَّصْدِيقُ بِمَا جَاءَ بِهِ مِنْ عِنْدِ اللهِ تَعَالَى وَالْاِقْرَارُ بِهِ.
“Иймон – (Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам) Аллоҳ таоло ҳузуридан келтирган нарсани рост деб билиш ва уни тил билан ифодалашдир”.
Бу қараш соҳиблари қуйидагича далил келтирадилар: ояти карималарда иймон сўзи ишонч маъносида келган. Масалан,
﴿قَالُواْ يَٰٓأَبَانَآ إِنَّا ذَهَبۡنَا نَسۡتَبِقُ وَتَرَكۡنَا يُوسُفَ عِندَ مَتَٰعِنَا فَأَكَلَهُ ٱلذِّئۡبُۖ وَمَآ أَنتَ بِمُؤۡمِنٖ لَّنَا وَلَوۡ كُنَّا صَٰدِقِينَ١٧﴾
“Айтдилар: “Эй отамиз! Биз Юсуфни матоҳларимиз олдида қолдириб қувалашиб кетсак, уни бўри еб кетибди. Рост гапирсак ҳам, (барибир) сиз бизга ишонувчи эмассиз”[5].
Ушбу оятдаги бизга мўмин эмассиз маъносидаги оят, бизнинг сўзимизни рост деб билувчи эмассиз, маъносидадир. Бу эса бир нарсани рост деб билишнинг ёлғиз ўзи ўша нарсага мўмин бўлиш деганини билдиради.
Фақатгина рост деб билиш яширин иш бўлгани сабабли шариат мўминни кофирдан ажратиш учун тил билан эътироф этишни вожиб қилган. Бу ҳақиқат ҳадиси шарифларда ҳам баён қилинган:
عَنْ اَبِى هُرَيْرَةَ رَضِىَ اللَّهُ عَنْهُ اِنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ اُمِرْتُ اَنْ اُقَاتِلَ النَّاسَ حَتَّى يَقُولُوا لَا اِلَهَ اِلاَّ اللَّهُ فَمَنْ قَالَ لَا اِلَهَ اِلاَّ اللَّهُ عَصَمَ مِنِّى مَالَهُ وَنَفْسَهُ اِلاَّ بِحَقِّهِ وَحِسَابُهُ عَلَى اللَّه. رَوَاهُ مُسْلِمٌ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен “лаа илаҳа иллаллоҳ” дегунларигача инсонларга қарши курашишга буюрилдим. Бас, кимки “лаа илаҳа иллаллоҳ” деган бўлса, мендан молини ва жонини сақлаб қолибди, фақат бунинг (Исломнинг) ҳаққи бундан мустаснодир. Унинг ҳисоби Аллоҳга ҳаволадир”, – дедилар (Муслим ривоят қилган).
Шунинг учун ҳам инсон умри давомида бир марта “ла илаҳа иллаллоҳ” дейиши унинг мўмин бўлишига кифоя қилади.
Бурҳон Лаққоний раҳматуллоҳи алайҳ “Жавҳаротут тавҳид” китобининг шарҳида қуйидагиларни ёзган: “Муҳаққиқ уламолардан Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ битта қавлда, ашъарийларнинг кўпчилиги, ҳанафий имомлардан Сарахсий ва Паздавийларнинг қарашларига кўра иқрор иймон ҳақиқатидан ташқаридаги шарт эмас. У иймон ҳақиқатининг ярми ва унинг ичига кирувчи рукндир. Аммо қолган солиҳ амаллар иймон рукнига кирмайди. Демак ушбу зотларнинг наздларида иймон – тил ва қалб амалларининг барчасининг исмидир”.
Саъдуддин Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳ айтадики: “Ушбу сўзга кўра кимки қалби билан тасдиқласа-ю, имкони бўла туриб умри давомида бирор марта ҳам тили билан иқрор бўлмаса, бундай кимса дунёда ҳам мўмин ҳисобланмайди, Аллоҳ ҳузурида ҳам мўмин эмасдир”.
3. Иймон фақатгина тасдиқдан иборатдир. Иқрор бўлиш дунёда мўминлик ҳукмлари ижроси учун шартдир.
Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинган ушбу қарашга кўра, солиҳ амаллар иймоннинг саҳиҳ бўлиши учун эмас, балки комил бўлиши учун шарт ҳисобланади. Шунинг учун биров қалби билан тасдиқласа-ю имкони бўла туриб тили билан иқрор бўлмаган бўлса, бундай кимса дунёда мўмин ҳисобланмаса ҳам Алло ҳузурида мўмин бўлади. Чунки қалбдаги нарсани фақат Аллоҳ билади, бандалар била олмайдилар. Ушбу мазҳабнинг қарашлари иккита мисолда яққол намоён бўлади:
а) бир зиммий мажбурланса-ю, тили билан иймонга иқрор бўлса, қалбан тасдиқлаганига аломатлар бўлмаса ҳам, дунё ҳукмларида унга мўмин деб қаралиши келиб чиқади;
б) мўмин киши куфр калимасини айтишга мажбурланса-ю тили билан куфрни иқрор қилиб қўйса ҳам дунё ҳукмларида у муртадга айланмайди. Аслида куфр калимасини гапириш туфайли кофирлик собит бўлиши керак эди. Лекин аслий рукн бўлган қалбий тасдиқ унда бор бўлиб тургани учун куфрга ҳукм қилинмайди.
Бундай эътиқодда бўлганлар ўзларининг қарашларини қўллаб-қувватловчи кўплаб далиллар келтирадилар. Масалан,
﴿ إِلَّا مَنۡ أُكۡرِهَ وَقَلۡبُهُۥ مُطۡمَئِنُّۢ بِٱلۡإِيمَٰنِ ﴾
“...Қалби иймон ила ором топа туриб зўрланганлар бундан мустасно...”[6].
Абул Муин Насафий “Баҳрул калом” асарида Имом Абу Мансур Мотуридийнинг “иймон фақатгина тасдиқнинг ўзидир”, деганини ривоят қилган.
Аммо ушбу мазҳабга кўра ҳам тил билан иқрор қилмаслик қайсарлик сабабли ё инкор қилиш сабабли ёки арзимас санаш сабабли бўлмаслиги шартдир. Агар ушбу сабаблар билан бўладиган бўлса, дунёю охиратда мўмин ҳисобланмаслиги келиб чиқади.
Ушбу иккинчи ва учинчи қараш бизнинг мотурудия мазҳаби уламоларининг қарашларидир. Фақатгина баъзилари иқрор бўлишни “қўшимча рукн” деган бўлсалар, баъзилари “дунёда мўминлик ҳукмлари ижроси учун шартдир”, – деганлар.
Иймон зиёда ва кам бўлмайди
Иймон зиёда ва кам бўлиши ё бўлмаслиги тўғрисида ҳам атрофлича баҳслар қилинган. Бизнинг мотуридия мазҳабимизда иймон зиёда ҳам, кам ҳам бўлмайди. Чунки иймоннинг асли қатъи ишонилиши лозим бўлган барча нарсаларни рост деб билиш ҳисобланади. Юқорида ишонч 100% бўлгандагина иймон деб аталиши баён қилинган эди. Шунга кўра мазкур 100% ишонч зиёдалик ва нуқсонни қабул қилмайди. Иймоннинг зиёда бўлишига далолат қиладиган ояти карималар ҳақида қуйидагича эътиқод қилинади:
﴿إِنَّمَا ٱلۡمُؤۡمِنُونَ ٱلَّذِينَ إِذَا ذُكِرَ ٱللَّهُ وَجِلَتۡ قُلُوبُهُمۡ وَإِذَا تُلِيَتۡ عَلَيۡهِمۡ ءَايَٰتُهُۥ زَادَتۡهُمۡ إِيمَٰنٗا وَعَلَىٰ رَبِّهِمۡ يَتَوَكَّلُونَ٢﴾
“Албатта, Аллоҳ зикр қилинса, қалблари титрагувчи, оятлари тиловат этилса, иймонларини зиёда қилгувчи ва Роббиларига таваккул қилгувчиларгина мўминлардир”[7].
Ушбу ояти каримада мўминларнинг сифатлари баён қилинган. Яъни комил ихлосли мўмин кишилар Аллоҳ таолонинг исми зикр қилинишининг ўзидаёқ Унинг ҳайбатидан таъсирланганларидан қалблари титраб кетадиган инсонлар бўладилар. Оятдаги “иймонларини зиёда қилувчи” маъносидаги лафз мўмин кишининг Қуръон оятлари тиловат қилинган пайтда иймон нури янада зиёдалашиб, ҳаёт йўлларидаги таъсири ошиб боришини англатади. Яъни мўминлар тоат-ибодатларда бир-бирларидан фарқли бўладилар, аммо иймоннинг аслида ўзаро тенг бўладилар.
﴿هُوَ ٱلَّذِيٓ أَنزَلَ ٱلسَّكِينَةَ فِي قُلُوبِ ٱلۡمُؤۡمِنِينَ لِيَزۡدَادُوٓاْ إِيمَٰنٗا مَّعَ إِيمَٰنِهِمۡۗ ﴾
“У (Аллоҳ) Ўз иймонларига яна иймон қўшилиши учун мўминларни дилларига таскин туширган зотдир”[8].
Ушбу сингари зоҳири иймоннинг зиёда бўлишига далолат қиладиган оятларни мотуридия мазҳаби уламолари уч хил маънода тушунтирганлар:
1. Мўминлар дастлаб иймон келтириб тасдиқлашган. Сўнгра бир фарздан кейин яна бошқа фарзлар қўшилиб зиёда бўлган. Шунга кўра олдинги иймон келтирган нарсаларидан бошқа яна иймон келтирадиган нарсалар зиёда бўлган. Яъни иймоннинг ўзи эмас, иймон келтирилган нарсалар зиёда бўлади.
2. Мўминлар келтирган иймонларида доимо собит туришининг ўзи иймон узра зиёдалик ҳисобланади. Яъни, иймоннинг ўзи эмас иймонда бардавом бўлиш соатма-соат зиёда бўлиб боради.
3. Мўминлар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир мўъжизаларини кўрганларидан сўнг яна бошқа бир мўъжизаларини кўрган вақтларида ихлослари янада зиёда бўлиб боради.
Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ “Васият” асарида шундай деган: “Иймоннинг зиёда бўлиши куфрнинг нуқсони билан, иймоннинг ноқис бўлиши эса куфрнинг зиёдалиги билан деб тасаввур қилинмайди. Чунки қандай қилиб бир киши бир ҳолатнинг ўзида ҳам мўмин, ҳам кофир бўлиши мумкин. Кофир шак-шубҳасиз кофир бўлганидек, мўмин шак-шубҳасиз мўминдир”.
Кейинги мавзу:
Гуноҳ сабабли куфрга ҳукм қилмаслик баёни
[1] Бақара сураси, 277-оят.
[2] Тоҳа сураси, 112-оят.
[3] Комил иймон ва иймон ҳақиқати орасидаги фарқ шуки комил иймон эгасига дўзахдан нажот топиб жаннатга кириш ваъдаси берилган. Иймон ҳақиқати бор кишига эса дўзахда абадий қолдирилмаслик ваъдаси берилган.
[4] Бақара сураси, 177-оят.
[5] Юсуф сураси, 17-оят.
[6] Наҳл сураси, 106-оят.
[7] Анфол сураси, 2-оят.
[8] Фатҳ сураси, 4-оят.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
الوَاحِدُ
67. Ал-Ваҳид.
Ягона, битта. У зот зотида ҳам, сифатларида, ишларида ҳам ягонадир.
الصَّمَدُ
68. Ас-Сомад.
Ҳеч кимга ҳожати тушмайди, барчанинг ҳожати Унга тушади.
القَادِرُ
69. Ал-Қодир.
Чексиз қудрат соҳиби. У зот ҳар бир нарсага қодирдир. Ҳар бир иш унга осондир.
المُقْتَدِرُ
70. Ал-Муқтадир.
Жуда ҳам қудратли.
المُقَدِّم
71. Ал-Муқаддим.
Олдинга сурувчи. У зот хоҳлаган шахс ва нарсани хоҳлаган шахс ва нарсасидан олдинга суради.
المُؤَخِّر
72. Ал-Муаххир.
Орқага сурувчи. У зот хоҳлаган шахс ва нарсани, хоҳлаган шахс ва нарсасидан орқага суради.
الأَوَّلُ
73. Ал-Аввал.
У ҳамма нарсадан аввал, яъни, барча мавжудотлар йўқлигида Аллоҳ бор эди.
الْآَخِرُ
74. Ал-Охир.
Ҳамма нарса йўқ бўлиб кетганда ҳам, Унинг ўзи қолади.
الظَّاهِرُ
75. Аз-Зоҳир.
Унинг мавжудлиги ошкор, очиқ-ойдиндир. У ҳамма нарсадан зоҳир-устундир.
الْبَاطِنُ
76. Ал-Ботин.
Кўзлар кўролмайдиган; барча яширин нарсаларни билувчи.
77. Ал-Волий.
Барча нарсани бошқарувчи. Ҳимоя қилувчи
المُتَعَالِي
78. Ал-Мутаъолий.
Қудрати, улуғлиги ҳар нарсадан улуғ; ҳар нарсани бўйсундирувчи
البَرُّ
79. Ал-Барр.
Яхшилик қилувчи.
التَّوَابُ
80. Ат-Таввоб.
Бандаларни тавбага йўлловчи ва уларнинг тавбасини қабул қилувчи.
المُنْتَقِم
81. Ал-Мунтақим.
Золим ва осийларни жазоловчи.
العَفُوّ
82. Ал-Афувв.
Афв қилувчи.
الرَّؤُوفُ
83. Ар-Раъуф.
Ўта меҳрибон.
مَالِك المُلْك
84. Моликул мулк.
Коинотдаги барча мулкнинг ягона эгаси.
ذُو الجَلاَل و الأِكرَام
85. Зул жалол вал икром.
Коинотдаги барча мулкнинг танҳо эгаси.
المُقْسِط
86. Ал-Муқсит.
Адолати ила мазлумларга нусрат ва золимларга жазо берувчи.
الجَامِع
87. Ал-Жомиъ.
Одамларни қиёмат куни жамловчи.
الغَنِيُّ
88. Ал-Ғаний.
Беҳожат. Унинг ҳеч кимга ва ҳеч нарсага ҳожати тушмайди.
المُغْنِي
89. Ал-Муғний.
Беҳожат қилувчи. У зот ўз бандаларидан хоҳлаганини беҳожат қилиб қўяди.
المَانِع
90. Ал-Мониъ.
Хоҳлаган бандасини бойликдан маҳрум этувчи. Асрагувчи.
الضَّار
91. Аз-Зорр.
Хоҳлаганига зарар қилувчи.
النَّافِع
92. Ан-Нофиъ.
Манфаат берувчи.
النُّور
93. Ан-Нур.
Мунаввар, нурли этувчи.
الهَادِى
94. Ал-Ҳодий.
Ҳидоят қилувчи.
البَدِيع
95. Ал-Бадийъ.
Нарсаларни йўқдан яратувчи
البَاقِي
96. Ал-Боқий.
Мангу, боқий қолувчи. У доимий бордир.
الوَارِثُ
97. Ал-Ворис.
Мавжудотлар йўқ бўлганда ҳам боқий қолувчи Зот.
الرَّشِيد
98. Ар-Рошийд.
Тўғри йўлга йўлловчи.
الصَّبُور
99. Ас-Собур.
Ўта сабрли. Гуноҳкорларни азоблашга шошилмайди.
Даврон НУРМУҲАММАД