Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Хадича онамиз вафот этганидан кейин ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг у кишига бўлган муҳаббатлари сўнмади. Агар Хадича онамизнинг қариндошларидан бирор киши у зотнинг олдиларига келса, ҳол-аҳвол сўраб, унга ғамхўрлик қилардилар. Хадича онамизнинг энг қийин дамларда у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга кўрсатган катта ёрдамларини ҳар доим зикр қилардилар. Баъзан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Хадича онамиз ҳақида яхши гапларни гапирсалар, Оиша онамиз рашк қилган пайтлари ҳам бўларди. Оиша розияллоҳу анҳонинг ривоят қилишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Хадича онамизни эсга олсалар, уни мақтаб, ҳаққига истиғфор айтишдан чарчамас эдилар.
Бир куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Хадича онамизнинг меҳрибонлиги ҳақида гапириб қолдилар. Оиша онамиз ҳам ўша ерда эди. У киши ўзларини тута олмай: «Доим Хадича ҳақида гапирасиз. Лекин Аллоҳ сизга ўша кекса кампирнинг ўрнига ёшроқ ва гўзалроқ аёлларни берди», дедилар.
Бу гапдан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қаттиқ ғазабланганларини кўрган Оиша розияллоҳу анҳо пушаймон бўлиб, ўзига-ўзи: «Ё Роббим! Расулингни ғазаби босилсин, мен бундан кейин Хадичани ёмонлик билан тилга олмайман», дедилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамизнинг аҳволини кўриб:
«Йўқ, Аллоҳ менга ундан яхшисини бермади. Аллоҳга қасамки, ҳамма куфрда бўлган бир пайтда у менга иймон келтирди. Ҳамма мени инкор қилган пайтда мени тасдиқлади. Аллоҳ таоло ундан менга фарзандлар ато этди», дедилар.
Шундан сўнг Оиша онамиздаги Хадича онамизга нисбатан рашк ҳисси бутунлай йўқолди. Оиша розияллоҳу анҳо айтган гапларидан хижолат бўлиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, сизни пайғамбар қилиб юборган Аллоҳга қасамки, бундан буён Хадича ҳақидаги хотираларингизни бизга айтиб беришингизни хоҳлайман», дея Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўнгилларини олдилар.
«Миллионер саҳобалар» китобидан
Савол: Мўмиё ҳалолми? Уни истеъмол қилса бўладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Ҳа, мўмиё ҳалол ва уни истеъмол қилиш жоиз. Мўмиё тоғ жинсидан сизиб чиқадиган қуюқ модда бўлиб, табобатда қадимдан ишлатиб келинган. Шаръий жиҳатдан эса, у тоғ жинсидан сизиб чиқадиган табиий модда ва зарарсиз эканлиги эътиборидан истеъмоли ҳалол ҳисобланади. Зеро, динимизда: “Нарсалар аслида мубоҳ (ҳалол)дир”, деган қоида бор.
Бундан маълум бўладики, барча нарсалар инсон учун яратилган бўлиб, улардан фойдаланиш ҳалол. Қатъий далил собит бўлмагунича ҳеч бир нарса ҳаром бўлмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ китобида ҳалол қилган нарса ҳалол, ҳаром қилган нарса ҳаром, сукут қилган нарса афв (этилган)дир. Аллоҳдан офиятни сўранглар, чунки Аллоҳ эсдан чиқаргувчи эмас”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).
Яъни Аллоҳ таоло баъзи нарсалар борасида ҳалол ёки ҳаром, деган ҳукмни баён қилмаган. Шунинг учун ҳам улар мубоҳлик ҳукмида қолаверади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.