Cавол: Одамлар орасида балоғатга етмаган ёш боланинг яхши амаллари савоби ота-онасига ёзилади деган гап бор. Шу гап тўғрими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Бу ҳақда “Эълоус сунан” китобида бундай дейилади: “Тўрт мазҳаб имомлари ёш бола қилган тоатлари учун савоб олиши ва бу учун унга яхшиликлар ёзилишига иттифоқ қилишган. Аммо унинг савоблари фақат ўзига бўладими ёки унинг ажри камаймаган ҳолда ота-онасига ҳам ёзиладими деган масалада турли фикр айтиб, далиллар келгани учун иккинчи фикр (ота-онага ҳам савоб бўлиши)ни устун кўришган”.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадислари ҳам буни қўллайди: “Инсон вафот этганда унинг амали тўхтайди, фақат уч нарса туфайли унинг номаъи аъмолига савоб ёзиб турилади: Садақаи жория, фойдали илм, дуои хайр қилувчи солиҳ фарзанд” (Имом Муслим ривояти).
Демак, ҳар икки қарашга кўра ҳам фарзандларини яхшиликка йўллаган, чиройли таълим-тарбия берган ота-оналар савоб оладилар, Аллоҳ таолонинг фазли кенгдир. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Бухоро вилояти вакиллиги ташаббуси билан Бухоро шаҳридаги Дилкушо жоме масжидида навбатдаги умра дарслари ўтказилди.
Дарсда “Абу Ҳафс Кабир” жоме масжиди имом-хатиби, “Мир Араб” мадрасаси ўқитувчиси Акрам домла Абдуллаев навбатдаги умра сафарига кетаётган 13-14 -гуруҳ аъзолари ва тайинланган элликбошилар иштирок этди.
Маърузада Акрам домла Абдуллаев сўзга чиқиб, умра зиёратининг аҳкомлари, сафар одоблари, мусофир кишининг ибодати, сафар олдидан тайёргарлик каби мавзуларни ўтиб берди.
Дарс мобайнида иштирокчиларни қизиқтирган ақидавий, фиқҳий ва диний-ижтимоий мавзулардаги саволларга устоз томонидан атрофлича тушунчалар бериб ўтилди
Аллоҳ таоло умрага отланаётган ҳамюртларимизнинг сафарини хайрли қилсин, Байтуллоҳни тавоф қилишни барчамизга насиб этсин!
Бухоро вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати