Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Кунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалари билан бирга ўтирардилар. Шу пайт бир аъробий Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва ъалаа олиҳи васалламнинг олдиларига савол сўраб келди.
Саҳобалар бадавийлар савол сўрашса жуда хурсанд бўлиб кетардилар. Чунки бадавийлар саҳобалар тортинган саволларни беришдан асло уялмасдилар.
Аъробий: “Ё Аллоҳнинг Расули, менга яхшиликни ўргатинг”, деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг қўлидан ушлаб туриб: “Субҳаналлоҳ валҳамдулиллаҳ ва лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар, деб айт” дедилар.
Эътибор беринг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бадавийнинг қўлидан ушлаб сўзладилар. Бирор кимса билан гаплашаётганда суҳбатдошнинг қўлидан ушлаб ёки елкасига қўлни қўйиб сўзлаш жуда таъсирли услуб саналади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам саволга жавоб беришга шошилмадилар, балки олдин бадавийнинг қўлидан тутиб, кейин жавоб бердилар.
Бироз ўтиб, ҳалиги бадавий бир тафаккур қилиб яна қайтиб келдида: “Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Субҳаналлоҳ валҳамдулиллаҳ ва лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар” булар Аллоҳ учун, мен учунчи?” деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам табассум қилдилар ва: “Агар “Субҳаналлоҳ” десанг, Аллоҳ таоло “рост сўзладинг” дейди, “Алҳамдулиллаҳ” деб айтсанг, Аллоҳ “рост сўзладинг” деб айтади, “Лаа илаҳа иллаллоҳу” десанг, Аллоҳ “рост сўзладинг” дейди, “Аллоҳу акбар” деб айтсанг, Аллоҳ таоло “рост сўзладинг” деб айтади. Агар “Аллоҳуммағфирлий” деб айтсанг, Аллоҳ “кечирдим” дейди, “варҳамний” десанг, Аллоҳ “раҳм қилдим” дейди, “варзуқний” деб айтсанг, Аллоҳ “ризқлантирдим” деб жавоб беради”, дедилар.
Аъробий бармоқлари билан етти нарсани санадида, сўнг яна ортига қайтиб кетди.
Яна бошқа ҳадисларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таолога каломларнинг энг севимлиси тўрттадир: Субҳаналлоҳи валҳамдулиллаҳи ва лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар”;
“Субҳаналлоҳи валҳамдулиллаҳи ва лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар, деб айтишим мен учун қуёш чиқиб, нур сочганидан яхшироқдир”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Ушбу зикрларни айниқса бомдод намозидан сўнг қуёш чиққунига қадар 100 маротабадан айтишнинг ажру мукофоти ниҳоятда катта. Улкан савобларга, гуноҳларнинг кечирилишига ва бошқа фойдаларга эриштиради.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Исро кечаси Иброҳим алайҳиссаломга йўлиқдим. У зот: “Ё Муҳаммад, умматингизга мендан салом айтинг ва жаннатнинг тупроғи пок, суви ширин ва ўсимлиги “Субҳаналлоҳи валҳамдулиллаҳи ва лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар” эканининг хабар беринг”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Ушбу тўрт зикр “Субҳаналлоҳи валҳамдулиллаҳи ва лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар”ни айтишга кўп билан бор йўғи 10 сония (секунд) кетади. Аммо Аллоҳ таоло бу зикрлар сабабли ризқингизни қанчалик кенг қилади. Кўпчилик ризқ деганда, фақатгина моддий бойликни тушунади. Аммо намозингизни адо этишингиз, уйга соғ-омон қайтиб боришингиз ва аҳли аёлингиз сизни хурсанд ҳолда кутиб олиши, Қуръони каримдан бир оят бўлса ҳам ўқий олишингиз, ҳатто ушбу видеолавҳани кўришингиз ҳам Аллоҳ берган ризқдир.
“Субҳаналлоҳ валҳамдулиллаҳ ва лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар. Аллоҳуммағфирлий варҳамний варзуқний”....
Аллоҳ таоло барчамизни Ўзини кўп зикр қилувчи зокир бандаларидан қилсин.
Даврон НУРМУҲАММАД
Cавол: Қурбонлик қилмоқчи бўлган одам 10 кунгача тирноқ, соч ва соқолини олмасин, деган гапнинг шариатимизда ҳукми қандай?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Шариатимизда Зулҳижжа ойи киргандан бошлаб токи қурбонлик қилгунча киши соч ва тирноқларини олмаслиги шарт қилинмаган. Балки бу – ихтиёрий бўлган мубоҳ ишдир.
Мана шу ўн кунда бошқа кунларда бажарадиган баъзи одатий амалларимизни бажармасликка тарғиб қиладиган кишилар, ўз гапларини ушбу ҳадис билан қувватлайдилар. Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар:
“Қачон Зулҳижжанинг аввалги ўн куни бошланса ва бирортангиз қурбонлик қилмоқчи бўлса, соч ва соқолига тегмасин (олмасин)”, бошқа ривоятда “Соч ва тирноқ олмасин”, яна бошқа бир ривоятда эса “Ким Зулҳижжанинг ҳилолини кўрса ва қурбонлик қилмоқчи бўлса сочи ва тирноғини олмасин” (Имом Муслим ривояти).
Бу мавзуда улуғ Ҳанафий олим Имом Абу Жаъфар Таҳовий раҳимаҳуллоҳ бундай дейдилар:
“Баъзи аҳли илмлар бу ҳадис (ҳукми)га юрадилар. Уни маҳкам тутиб, (амал қилиш учун) асос қилиб олишади. Бошқа уламолар эса ўзгача йўл тутадилар ва бундай дейдилар: “Зулҳижжанинг аввалги ўн кунида қурбонлик қилишни ният қилган ва ният қилмаганлар учун соч ва тирноқларини олишда ҳеч қандай зарар (гуноҳ) йўқ”. Улар бу тўғрисида “Ҳаж китоби”да келтирган ҳадисимизни ҳужжат қиладилар: Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ҳадий (қурбонлик учун аталган ҳайвон)ларига қурбонлик белгиларини боғлар эдим. У зот қурбонликларини (Макка шаҳрига) жўнатар ва биз билан (Мадина шаҳрида) ҳалол (яъни, эҳромсиз) турардилар. Эҳромли киши эҳтиёт бўлиши керак бўлган нарсалар (соч ва тирноқ олиш, жинсий алоқа ва ҳаказолар)дан сақланмас эдилар. Одамлар ҳаждан қайтгунча шу ҳолат давом этарди”.
Бу ҳадисда аввалги ҳадисда ман қилинган ишларнинг мубоҳ эканига далил бор. Оиша онамиз розияллоҳу анҳо айтган ҳадиснинг бизга етиб келиш йўли Умму Салама онамиз розияллоҳу анҳоникидан яхшироқ. Чунки Оиша онамизнинг ҳадиси бизга “Мутавотир” ҳолда етиб келган.
Умму Салама онамиздан ривоят қилинган ҳадиснинг бизга етиб келиши эса ундай эмас, балки Имом Моликдан ривоят қилинган ҳадиснинг иснодига таъна етган. Бу ҳадис Пайғамбаримизга етиб бормайди, Умму Саламада тўхтайди, деганлар” (“Шарҳи маъонил осор”)
Имом Таҳовий бу мавзуни ҳадислар билан шарҳлаб бўлгач, масалага бошқа томондан ёндашиб айтадиларки, эҳром – кишига аввал ҳалол бўлган кўп нарсаларни ман қилади. Шуларнинг ичида энг қаттиқ ман қилингани жинсий алоқа бўлиб, у эҳромни бузади. Энди, эҳромда бўлмаган киши қурбонлик қилмоқчи бўлса, у жинсий алоқадан ман қилинмайди. Ундан ман қилинмагандан кейин ўз-ўзидан ундан пастроқ даражадаги иш (соч, тирноқ олиш)лардан ман қилинмайди. Мана шу – Имом Абу Ҳанифа, Абу Юсуф ва Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳимнинг сўзидир.
Муҳаққиқ аллома Мулла Алий Қорий раҳимаҳуллоҳ бу масалада бундай дейдилар: «Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Бу иш – мубоҳ бўлиб, (соч, тирноқни олиш) макруҳ ҳам эмас, (уларни олмаслик) мустаҳаб ҳам эмас”» (“Мирқотул Мафотиҳ”).
Демак, қурбонлик қилмоқчи бўлган шахс модомики эҳромда эмас экан соч-соқолини, тирноғини олишида ҳеч қандай гуноҳ йўқ, балки бу – ихтиёрий бир амалдир. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази