Cавол: Жамоат намозида баъзан намозхонлардан бирининг тоби қочиб, йиқилиб, унга ёрдам кўрсатиш керак бўлади. Шу ҳолатда бошқа намозхон унга ёрдам бериши учун намозини бузиши мумкинми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Ҳа, бундай ҳолатда намозни бузишга рухсат берилган. Бу ҳақда “Ғунятул мустамлий” китобида шундай дейилади:
“Оғир аҳволга тушиб қолган инсонга ёрдам бериш, баланддан тушиб кетиш, ғарқ бўлиш, ёнғин каби ҳалокатга сабаб бўладиган ишлардан қутқариш учун намозни бузишга рухсат бор. Шунингдек, ўзининг ёки ўзганинг бир дирҳам (бугунги кунда тахминан икки юз минг)га тенг моли йўқолишдан хавф қилса ҳам намозни бузиш мумкин”.
Ҳатто “Раддул муҳтор” китобида “Чўкаётган, ёнғин ичида қолган, аҳволи оғирлашган кишини қутқариш учун намозни бузиш вожиб бўлади”, дейилган.
Демак, намозда бирор кишининг тоби қочиб йиқилса, унинг ёнидаги кишилар унга ёрдам бериш учун намозини бузиши керак бўлади. Чунки шариатнинг мақсадларидан бири инсон жонини муҳофаза қилишдир. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази
Аллоҳ таоло инсониятни озодаликка, жисму иймони, уй-жойи – Ватанини пок тутишга, боғу роғлар ўстирувчи ва Ер юзини обод қилувчилардан бўлишга чақиради.
Юқоридаги чақириққа монанд айни кунларда ЎМИ Бухоро вилояти вакили Жобир домла Элов бошчилигида вилоятимиздаги барча масжид, мадраса ва зиёратгоҳларда яшил маконларни кўпайтириш ишлари уюшқоқлик билан ташкил этилиб, дин пешволари томонидан ҳудудларда яшил майдонлар барпо этилмоқда.
Зеро, ҳадис шарифларда: “Албатта, фаришталар экин ёки кўчат экувчининг ҳаққига, модомики, эккан нарсаси кўкариб тураркан, истиғфор айтиб туришади”, - дейилади.
Яратган Зот бу ҳайрли ишларни бардавом ва барокатли қилсин!
Бухоро вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати