Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
07 Июн, 2025   |   11 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:06
Қуёш
04:50
Пешин
12:27
Аср
17:36
Шом
19:57
Хуфтон
21:34
Bismillah
07 Июн, 2025, 11 Зулҳижжа, 1446

Қайғуларимни салавот билан енгаман

19.11.2024   3782   6 min.
Қайғуларимни салавот билан енгаман

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

«Туфайл отаси Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Кечанинг учдан икки қисми ўтганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўринларидан туриб, «Эй одамлар, Аллоҳни зикр қилинглар! Аллоҳни зикр қилинглар! Рожифа* келди, энди родифа* ҳам келади. Ўлим бор бўйича келди! Ўлим бор бўйича келди!» дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, мен ҳар кунги дуоларим орасида сизга ҳам салавот айтаман. Бу дуоларнинг қанчасини салавотга ажратайин?» дедим. У зот: «Истаганингча», дедилар. «Тўртдан бириними?» дедим. У зот: «Хоҳишинг, лекин бундан ҳам кўп бўлса, ўзингга яхши», дедилар. «Ярминими?» дедим. У зот: «Хоҳишинг, лекин бундан ҳам кўп бўлса, ўзингга яхши», дедилар. «Учдан иккисиними?» дедим. У зот: «Хоҳишинг, лекин бундан ҳам кўп бўлса, ўзингга яхши», дедилар. «Унда ўша дуоларимнинг ҳаммаси сизга салавот бўлади», деган эдим, «Ундай бўлса, ғамларинг арийди, гуноҳларинг кечирилади», дедилар» (Имом Термизий ривояти).

Рожифа – Қиёмат куни сурнинг биринчи чалиниши. Бунда барча махлуқотлар ҳалок бўлади.
Родифа – Қиёмат куни сурнинг иккинчи чалиниши. Бунда барча махлуқотлар қайта тирилади.

Демак, Аллоҳ таоло кўп салавот айтган одамнинг барча дунёвий ва ухровий ғам-ташвишларини даф қилиб, гуноҳларини кечириб юборар экан. Шундай экан, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп-кўп салавот айтиш керак, шунда ғамларимищ, қайғуларимиз арийди, инсон қийинчиликлардан кенгчиликка чиқади.

 

Шу ўринда сизга мана бу гўзал воқеани айтиб бераман:

Бир киши қаттиқ қийинчиликка учрабди. Қарзлари кўпайиб, беш юз тиллага етибди, ишлари эса юришмай қолибди. Келишилган вақт келганда ҳақдорлар қарзини сўраб келишибди. Лекин бечоранинг қарзни тўлашга ҳеч вақоси йўқ экан. Ҳақдорлар уни қозига олиб бориб, шикоят қилишибди. Қози уни зиндонга ташлашга ҳукм қилиб, «Қарзларинг тўланмагунча шу ерда ётасан», дебди. Бечора қарздор қозига «Муҳтарам қози, эртагача муҳлат беринг, бориб, аёлимга айтиб келайин, хавотир олиб юрмасин», деб илтимос қилибди. Қози ўйланиб қолибди. Сўнг: «Эртага қайтиб келишингга ким кафил бўлади?» дебди. Қарздор: «Қози жаноблари! Менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кафил бўладилар. Айтилган пайтда келмасам, дунёда ҳам, охиратда ҳам бу киши Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматидан эмас деб гувоҳлик бераверасиз!» дебди. Қози яхши одам экан, қарздорнинг шу сўзи учун унга рухсат берибди.

Қарздор киши уйига бориб, аёлидан рози-ризолик сўрабди. Оқила аёл: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кафил қилиб, бир кунга бўлса ҳам рухсат олибсиз, келинг, кечаси билан у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиб чиқайлик», дебди. Эр-хотин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айта бошлашибди. Бирпасдан кейин иккисининг ҳам кўзи илиниб, ухлаб қолишибди. Қарздорнинг тушига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кириб, бундай дебдилар: «Тонг отганда шаҳар ҳокимининг олдига бориб, мендан салом айтинг, «Расулуллоҳ сўраяптилар, қарзимни тўлаб берар экансиз», деб айтинг. Сўзингизга исбот сўраса, иккита исботи борлигини айтасиз. Биринчиси – ҳоким ҳар куни кечаси менга минг марта салавот айтади, бирор кун қолдирмайди. Иккинчиси – у кеча кечаси адашиб, салавотни камроқ айтди, лекин у кам айтса ҳам, менга тўлиқ қилиб етказилди. Шуни айтасиз».

Қарздор йиғлаб уйғонибди-ю, шаҳар ҳокимининг уйига борибди. Олдига кириб, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сизга салом айтдилар, менинг қарзимни тўлаб беришингизни айтдилар», дебди. Шаҳар ҳокими «Қарзингиз қанча?» деб сўрабди. Қарздор «Беш юз тилла», дебди. Ҳоким «Расулуллоҳ айнан сизга айнан мени айтганларини қандай исботлайсиз?» дебди. Қарздор Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тушунтирганларидек жавоб берибди: «Иккита исботим бор. Биринчиси – сиз ҳар куни кечаси Расулуллоҳга минг марта салавот айтар экансиз», дебди. Бу гапни эшитиб, ҳоким ҳўнграб йиғлаб юборибди, зўрға «Тўғри», дебди. Қарздор сўзида давом этибди: «Иккинчи исботи – кеча кечаси адашиб кетиб, салавотни камроқ айтибсиз. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга тўлиқ ҳолда етказилибди». Буни эшитган шаҳар ҳокими ҳушидан кетиб қолай дебди, дарҳол байтулмолдан беш юз тилла танга олиб келишни буюрибди, сўнг ўз ҳисобидан қарздорга яна икки минг беш юз тилла танга бериб, «Бу – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саломини етказганинг учун», дебди. Қарздор одам у ердан чиқиб, қарзини тўлаш учун қозининг олдига келибди. Келса, қози ҳам уни кутиб турган экан, кўриши билан: «Биродар, қарзларингни ўзим тўлайман! Мана бу беш юз тилла эса сенга ҳадя!» дебди. Қарздор ҳайрон бўлиб қолибди. Қози эса: «Сен туфайли мен бугун тушимда Расулуллоҳни кўрдим! У зот менга: «Бу кишининг қарзларини тўласангиз, биз ҳам сизнинг қарзларингни тўлаймиз!» дедилар», деб йиғлабди.

Шу пайт қозининг олдига ҳақдор кириб келиб, «Қози жаноблари! Мен бу кишига берган қарзларимдан кечдим! Мана бу беш юз тилла танга эса мендан унга ҳадя! Чунки шу инсонни деб, бугун кечаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни тушимда кўрдим. У зот менга: «Бу кишининг қарзларидан кечсанг, Қиёмат куни афв этиласан», дедилар», деб йиғлабди. Қозининг олдига бўйнида беш юз тилла танга қарз билан кириб, салавотларнинг баракотидан тўрт минг тилла танга билан чиққан қаҳрамонимиз бир умр ҳар куни тинмай салавот айтиб ўтибди.

Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.

Бошқа мақолалар
Мақолалар

ИНСОН ҚАДРИНИНГ ЯНА БИР ЯҚҚОЛ ИФОДАСИ

04.06.2025   9793   2 min.
ИНСОН ҚАДРИНИНГ ЯНА БИР ЯҚҚОЛ ИФОДАСИ

Муносабат

Инсоннинг қалби биргина ширин сўздан қувониб, тўлқинланиб кетади: яйрайди, яшнайди, бошқаларга ҳам эзгулик соғинади, шодлик ва бахт улашади.

Жорий йилнинг 31 май санасида Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ҳаж зиёрати учун Маккаи мукаррамада бўлиб турган Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий шайх Нуриддин Холиқназар билан телефон орқали мулоқот қилиб, ҳожилар ҳолидан хабар олгани қалбларимизга сурур, хурсандчилик ва шукроналик бахш этди. Давлатимиз раҳбари барча зиёратчиларга салом йўллаб, юртимизга соғ-омон келишларини тилади. Унутилмас бу воқелик ҳожиларимизни беҳад севинтирди.

Шукрки, мамлакатимизда тинчлик-тотувлик барқарор. Ҳар бир инсон ҳаётдан рози бўлиб, бахтли-саодатли умр кечириши учун барча имкониятлар мавжуд. Меҳнат қилган, ҳаракат қилган фаровон ҳаёт кечирмоқда. Ўз орзу ниятларига етмоқда. Албатта, бунда осойишталик неъматининг ўрни беқиёс.

Янги Ўзбекистоннинг ҳар тонги тараққиёт тонги сифатида отмоқда. Барча соҳаларда янгилик ва яхшиликлар бўлмоқда. Жумладан, Ҳаж ва Умра тадбирларини юқори савияда ташкил этиш, мўмин-мусулмонларнинг ушбу ибодатларини чиройли адо этишлари учун шароит ва қулайликлар янги босқичга олиб чиқилди.

Хусусан, бу йилги ҳаж мавсумига юқори даражада тайёргарлик кўрилди. Маккаи мукаррама ҳамда Мадинаи мунаввара, қолаверса, Мино водийсида зиёратчилар учун барча шароит ҳозирланди. Иссиқ кунларда юртдошларимизга қўшимча қулайлик яратиш мақсадида Арафот ҳудудидаги чодирлар ёпиқ тарзда барпо этилди. Уларнинг атрофи иссиқ ўтказмайдиган панеллар билан ўралди, ичкарига совутиш тизими ўрнатилди, гилам ва тўшаклар солинди.

Мамлакатимиз ҳожиларига кўрсатилаётган эътибор, улар учун яратилган қулайликларни Саудия Арабистонининг ҳаж ишлари масъуллари ва ўзга юрт ҳожилари ҳам эътироф этиб, ҳавас билан қарамоқда.

Айни пайтда зиёратчиларга 300 дан ошиқ гуруҳ раҳбари, 50 нафар олий тоифали шифокор, 10 дан зиёд ошпаз ва бошқа мутахассислар хизмат кўрсатиб, ҳамроҳлик қилмоқда.

Зиёратчиларимиз берилаётган эътибор ва ғамхўрликдан мамнун бўлиб,  Яратгандан мамлакатимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлигини сўраб дуо қилмоқда.

Зотан, юртимизда “Инсон қадри учун” деган улуғвор ғоя барча ислоҳотларнинг асосини ташкил этаётган айни паллада ҳожиларимиз ҳам ушбу жараёнга ўз ҳиссаларини қўшиш, юртимизга қайтгандан сўнг бор куч-ғайратларини юрт тинчлиги ва тараққиёти, оилалар тотувлигини таъминлаш, ёшлар таълим-тарбияси билан шуғулланиш, эҳтиёжмандларга кўмак беришдек савобли ишларга сафарбар этишларини таъкидламоқдалар.

 

Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси

ўринбосари.

Мақолалар