Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
«Туфайл отаси Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
«Кечанинг учдан икки қисми ўтганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўринларидан туриб, «Эй одамлар, Аллоҳни зикр қилинглар! Аллоҳни зикр қилинглар! Рожифа* келди, энди родифа* ҳам келади. Ўлим бор бўйича келди! Ўлим бор бўйича келди!» дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, мен ҳар кунги дуоларим орасида сизга ҳам салавот айтаман. Бу дуоларнинг қанчасини салавотга ажратайин?» дедим. У зот: «Истаганингча», дедилар. «Тўртдан бириними?» дедим. У зот: «Хоҳишинг, лекин бундан ҳам кўп бўлса, ўзингга яхши», дедилар. «Ярминими?» дедим. У зот: «Хоҳишинг, лекин бундан ҳам кўп бўлса, ўзингга яхши», дедилар. «Учдан иккисиними?» дедим. У зот: «Хоҳишинг, лекин бундан ҳам кўп бўлса, ўзингга яхши», дедилар. «Унда ўша дуоларимнинг ҳаммаси сизга салавот бўлади», деган эдим, «Ундай бўлса, ғамларинг арийди, гуноҳларинг кечирилади», дедилар» (Имом Термизий ривояти).
Рожифа – Қиёмат куни сурнинг биринчи чалиниши. Бунда барча махлуқотлар ҳалок бўлади.
Родифа – Қиёмат куни сурнинг иккинчи чалиниши. Бунда барча махлуқотлар қайта тирилади.
Демак, Аллоҳ таоло кўп салавот айтган одамнинг барча дунёвий ва ухровий ғам-ташвишларини даф қилиб, гуноҳларини кечириб юборар экан. Шундай экан, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп-кўп салавот айтиш керак, шунда ғамларимищ, қайғуларимиз арийди, инсон қийинчиликлардан кенгчиликка чиқади.
Шу ўринда сизга мана бу гўзал воқеани айтиб бераман:
Бир киши қаттиқ қийинчиликка учрабди. Қарзлари кўпайиб, беш юз тиллага етибди, ишлари эса юришмай қолибди. Келишилган вақт келганда ҳақдорлар қарзини сўраб келишибди. Лекин бечоранинг қарзни тўлашга ҳеч вақоси йўқ экан. Ҳақдорлар уни қозига олиб бориб, шикоят қилишибди. Қози уни зиндонга ташлашга ҳукм қилиб, «Қарзларинг тўланмагунча шу ерда ётасан», дебди. Бечора қарздор қозига «Муҳтарам қози, эртагача муҳлат беринг, бориб, аёлимга айтиб келайин, хавотир олиб юрмасин», деб илтимос қилибди. Қози ўйланиб қолибди. Сўнг: «Эртага қайтиб келишингга ким кафил бўлади?» дебди. Қарздор: «Қози жаноблари! Менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кафил бўладилар. Айтилган пайтда келмасам, дунёда ҳам, охиратда ҳам бу киши Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматидан эмас деб гувоҳлик бераверасиз!» дебди. Қози яхши одам экан, қарздорнинг шу сўзи учун унга рухсат берибди.
Қарздор киши уйига бориб, аёлидан рози-ризолик сўрабди. Оқила аёл: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кафил қилиб, бир кунга бўлса ҳам рухсат олибсиз, келинг, кечаси билан у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиб чиқайлик», дебди. Эр-хотин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айта бошлашибди. Бирпасдан кейин иккисининг ҳам кўзи илиниб, ухлаб қолишибди. Қарздорнинг тушига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кириб, бундай дебдилар: «Тонг отганда шаҳар ҳокимининг олдига бориб, мендан салом айтинг, «Расулуллоҳ сўраяптилар, қарзимни тўлаб берар экансиз», деб айтинг. Сўзингизга исбот сўраса, иккита исботи борлигини айтасиз. Биринчиси – ҳоким ҳар куни кечаси менга минг марта салавот айтади, бирор кун қолдирмайди. Иккинчиси – у кеча кечаси адашиб, салавотни камроқ айтди, лекин у кам айтса ҳам, менга тўлиқ қилиб етказилди. Шуни айтасиз».
Қарздор йиғлаб уйғонибди-ю, шаҳар ҳокимининг уйига борибди. Олдига кириб, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сизга салом айтдилар, менинг қарзимни тўлаб беришингизни айтдилар», дебди. Шаҳар ҳокими «Қарзингиз қанча?» деб сўрабди. Қарздор «Беш юз тилла», дебди. Ҳоким «Расулуллоҳ айнан сизга айнан мени айтганларини қандай исботлайсиз?» дебди. Қарздор Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тушунтирганларидек жавоб берибди: «Иккита исботим бор. Биринчиси – сиз ҳар куни кечаси Расулуллоҳга минг марта салавот айтар экансиз», дебди. Бу гапни эшитиб, ҳоким ҳўнграб йиғлаб юборибди, зўрға «Тўғри», дебди. Қарздор сўзида давом этибди: «Иккинчи исботи – кеча кечаси адашиб кетиб, салавотни камроқ айтибсиз. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга тўлиқ ҳолда етказилибди». Буни эшитган шаҳар ҳокими ҳушидан кетиб қолай дебди, дарҳол байтулмолдан беш юз тилла танга олиб келишни буюрибди, сўнг ўз ҳисобидан қарздорга яна икки минг беш юз тилла танга бериб, «Бу – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саломини етказганинг учун», дебди. Қарздор одам у ердан чиқиб, қарзини тўлаш учун қозининг олдига келибди. Келса, қози ҳам уни кутиб турган экан, кўриши билан: «Биродар, қарзларингни ўзим тўлайман! Мана бу беш юз тилла эса сенга ҳадя!» дебди. Қарздор ҳайрон бўлиб қолибди. Қози эса: «Сен туфайли мен бугун тушимда Расулуллоҳни кўрдим! У зот менга: «Бу кишининг қарзларини тўласангиз, биз ҳам сизнинг қарзларингни тўлаймиз!» дедилар», деб йиғлабди.
Шу пайт қозининг олдига ҳақдор кириб келиб, «Қози жаноблари! Мен бу кишига берган қарзларимдан кечдим! Мана бу беш юз тилла танга эса мендан унга ҳадя! Чунки шу инсонни деб, бугун кечаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни тушимда кўрдим. У зот менга: «Бу кишининг қарзларидан кечсанг, Қиёмат куни афв этиласан», дедилар», деб йиғлабди. Қозининг олдига бўйнида беш юз тилла танга қарз билан кириб, салавотларнинг баракотидан тўрт минг тилла танга билан чиққан қаҳрамонимиз бир умр ҳар куни тинмай салавот айтиб ўтибди.
Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Қуръони карим оятлари ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари асосида мусулмон уммати ота-онага оқ бўлиш катта гуноҳларнинг каттаси эканига иттифоқ қилган. Бу борада ҳеч қандай ихтилоф йўқ. Келгуси сатрларда бу борада келган баъзи ҳадиси шариф ва ривоятлар билан яқиндан танишиб, бу мавзуни илмий асосда ва батафсил ўрганишга ҳаракат қиламиз.
عَنِ الشَّعْبِيِّ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «أَلَا أُنَبِّئُكُمْ بِأَكْبَرِ الْكَبَائِرِ: الْإِشْرَاكُ باِللهِ، وَعُقُوقُ الْوَالِدَيْنِ، وَالْيَمِينُ الْغَمُوسُ».
Шаъбийдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен сизларга гуноҳи кабираларнинг энг каттасининг хабарини берайми? Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш ва ёлғон қасам ичиш», дедилар».
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам катта гуноҳларнинг энг катталаридан учтаси ҳақида хабар бермоқдалар.
Аллоҳга ширк келтириш – Аллоҳнинг хотини бор, ўғли бор, шериги бор, деган бузуқ ақийдага эътиқод қилиш дунёдаги энг катта гуноҳ ҳисобланади.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда ширкдан бошқа гуноҳнинг ҳаммасини кечишини ваъда берган. Лекин ширкни кечирмаслигини алоҳида таъкидлаб қўйган.
Ана шундай улуғ, катта, беқиёс гуноҳдан кейинги ўринда турадиган гуноҳ ота-онага оқ бўлиш экан. Ота-онанинг назаридан қолиш, дуойи бадига қолиш, уларнинг норозилигига дучор бўлиш ана шундай оғир нарса.
Шу билан бирга, бир нарсанинг ёлғонлигини билиб туриб, қасам ичиб, ўзининг фойдасига буриб кетиш ҳам энг катта гуноҳлардан биттаси ҳисобланар экан. Аллоҳ таоло булардан Ўзи асрасин.
عَنِ الْحَسَنِ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «مَا تَقُولُونَ فِي الزِّنَا وَالسَّرِقَةِ وَشُرْبِ الْخَمْرِ؟» قَالُوا: اللهُ وَرَسُولُهُ أَعْلَمُ. قَالَ: «هُنَّ فَوَاحِشُ، وَفِيهِنَّ عُقُوبَاتٌ، أَلَا أُنَبِّئُكُمْ بِأَكْبَرِ الْكَبَائِرِ؟» قَالُوا: وَمَا هُنَّ يَا رَسُولَ اللهِ؟ قَالَ: «الْإِشْرَاكُ بِاللهِ، وَعُقُوقُ الْوَالِدَيْنِ، أَلَا وَقَوْلَ الزُّورِ».
Ҳасандан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Зино, ўғирлик ва ароқхўрлик ҳақида нима дейсизлар?» дедилар. «Аллоҳ ва Унинг Расули билгувчи», дейишди.
«Ўшалар фаҳш ишлардир. Уларнинг уқубати бор. Сизларга гуноҳи кабираларнинг энг каттасини айтиб берайми?» дедилар. «Улар нима, эй Аллоҳнинг Расули?» дейишди. «Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш ва билиб қўйинглар, ёлғон гап», дедилар».
Шарҳ: Демак, ота-онага оқ бўлиш зино, ўғирлик, ароқхўрликдан ҳам каттароқ гуноҳ ҳисобланар экан. Уларнинг бу дунёдаги уқубатлари белгилаб қўйилган. Зино қилса, тошбўрон ёки дарра уриш билан жазоланади. Ўғирлик бўлса, қўлини кесиш ёки таъзирини бериш йўлга қўйилади. Хамр ичиб қўлга тушганга ҳам дарра уриш бор.
Лекин Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш ва ёлғон гапдан иборат учта гуноҳларнинг уқубати бу дунёда белгиланмаган бўлиб, азоби охиратга қоладиган нарсалар экан. Шунинг учун улар жуда даҳшатли гуноҳлар ҳисобланади. Шундай экан, ҳар бир мўмин банда бу гуноҳлардан ҳазир бўлиши матлубдир.
عَنِ ابْنِ مَسْعُودٍ قَالَ: إِنَّ مِنْ أَكْبَرِ الْكَبَائِرِ الْإِشْرَاكُ بِاللهِ، وَعُقُوقُ الْوَالِدَيْنِ، وَالْيَمِينُ الْغَمُوسُ.
Ибн Масъуддан ривоят қилинади: «Гуноҳи кабираларнинг энг каттаси: Аллоҳга ширк келтириш, ота-онасига оқ бўлиш ва ёлғондан қасам ичишдир».
Шарҳ: Албатта, бу гапни Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган бўладилар. Буни аввал ўтган ривоятлар ҳам кўрсатиб турибди.
Аллоҳга ширк келтириш, ота-онасига оқ бўлиш ва ёлғондан қасам ичиш гуноҳлари одатда маънавий жиноятлар сифатида содир бўлади. Кўпинча улар гуноҳкорнинг ўзи билган ҳолда, бошқалардан яширин қолади. Шунинг учун уларни содир этганларга шариатда маълум моддий жазо белгиланмаган. Демак, бу жиноятларнинг жазоси бутунлайича охиратга қолиб кетиши хавфи бор. Охиратнинг азобидан эса Аллоҳ таолонинг Ўзи асрасин.
«Яхшилик ва силаи раҳм» китоби 1-жуз.