Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ким вазифасини бажара олмай қолса...
Ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким вазифасидан ёки унинг баъзисидан ухлаб қолса-ю, уни бомдод билан пешин орасида ўқиб олса, унга худди кечаси ўқигандек ёзилади”, дедилар.
Кимки ҳар куни ёки кечаси ўқишни вазифа қилиб олган намоз, Қуръон тиловати ёки зикрини бирор сабабга кўра бажара олмай ухлаб қолса ё баъзи қисмини адо этмаган бўлса, бомдод ва пешин намозлари орасида ўқиб олса, худди вақтида ўқигандек савобга эга бўлади. Гўё вақт ортга қайтгандек.
Қалбинг ўлик экан
Бундай вазифалар – “вирд” дейилади. Вирд банданинг тарк қилмай доимо бажариб юрадиган зикр, салавот, тиловат каби кундалик вазифасидир.
Уламолар айтадилар: “Агар Қуръондан, илмдан, зикрлардан ҳар кунги вирдинг бўлмаса, у ҳолда қалбингга тўрт такбир ила жаноза ўқиб қўявер. Чунки сенинг қалбинг ўлик экан”.
Умар розияллоҳу анҳунинг вирди
Ўтган солиҳлар нафақат фарз балки нафл вазифаларининг ҳам қазосини адо этишарди. Уларни қолдириб юборишдан хавфда бўлиб, ҳаттоки каффоротига қул озод қилардилар, садақа берадилар. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ҳам вирдлари бир кун кам бўлиб қолса, иккинчи куни қазосини адо этардилар.
Қуръондан 10 пора ўқирди
Имом Таҳовий Муҳаммад ибн Ҳасандан ривоят қиладилар: Имом Муҳаммаднинг Қуръондан бир кеча-кундуздаги вирди (вазифаси) ўн пора эди.
Қаердасиз?
Шайх Муҳаммад Саид Рамазон Бутий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Қуръони каримдан тиловат қилишни, истиғфор, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтишни ўзларига вирд қилиб олганлар қаерда қолишди?! Эртаю кечда вирдларни вазифа тутиб олган кишилар қаерда қолишди?".
Вирд (дуо, зикрлар) билан машғул бўлиш учун ўқиладиган дуо:
“Робби ишроҳ лий содрий ва йассир лий амрий ваҳлул ъуқдатан мин лисааний йафқоҳу қовлий. Саддид лисааний ваҳди қолбий биҳаққи саййидина Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам”.
Маъноси: “Роббим, қалбимни кенг қил. Ишимни осон қил. Тилимдаги тугунни ечгин. Сўзимни англасинлар. Тилимни мустаҳкам қил ва саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаққи қалбимни ҳидоят қилгин”.
Вирддан узоқлаштиради
“Бугун ишларим кўпайиб кетди, чарчаб қолдим, эртадан, кейинги ойдан, шу ҳафтанинг бошидан қолдирмасдан бошлайман”, деб кундалик вазифа (вирд)ларингизни ортга сураверишингиз вирдлардан узоқлашиб бораётганингизга далолат қилади.
Оз бўлсада, бардавом бўлсин
Вирдларни озгинадан бўлса ҳам, давомли равишда бажаришга ҳаракат қилинг. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан “Қайси амал Аллоҳ учун энг маҳбуб?” деб сўрашганда, у зот алайҳиссалом: “Оз бўлса ҳам, давомлиси”, дедилар.
Масалан...
Ҳар кун учун алоҳида бир зикрни айтишни ўзингизга вазифа қилиб олинг. Масалан, бир кун фақат эртаю кеч “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи”ни, эртасига “Лаа илаҳа иллаллоҳ”ни, бошқа куни салавот айтинг. Кун давомида бекорчи-гап сўзларнинг ўрнига ўша зикрни кўп қилишга одатланинг, ададини ҳам аста-секин ошириб боринг. Оиша онамиз розияллоҳу анҳо айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолони ҳар он, ҳар дам, ҳар лаҳзада зикр қилар эдилар” (Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти).
Шунингдек, энг афзал зикр – Қуръондан ҳам вазифалар белгилаб олинг. Масалан, энг камида бомдод намозидан кейин “Ёсин”, пешинда “Фатҳ”, асрда “Набаь”, шомдан сўнг “Воқеа”, хуфтонда “Мулк” сурасини ўқишга одатланинг.
Дуо
Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг зокир ва қалби зикр ила ором топувчи бандаларидан қилсин!
Даврон НУРМУҲАММАД
Муносабат
Инсоннинг қалби биргина ширин сўздан қувониб, тўлқинланиб кетади: яйрайди, яшнайди, бошқаларга ҳам эзгулик соғинади, шодлик ва бахт улашади.
Жорий йилнинг 31 май санасида Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ҳаж зиёрати учун Маккаи мукаррамада бўлиб турган Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий шайх Нуриддин Холиқназар билан телефон орқали мулоқот қилиб, ҳожилар ҳолидан хабар олгани қалбларимизга сурур, хурсандчилик ва шукроналик бахш этди. Давлатимиз раҳбари барча зиёратчиларга салом йўллаб, юртимизга соғ-омон келишларини тилади. Унутилмас бу воқелик ҳожиларимизни беҳад севинтирди.
Шукрки, мамлакатимизда тинчлик-тотувлик барқарор. Ҳар бир инсон ҳаётдан рози бўлиб, бахтли-саодатли умр кечириши учун барча имкониятлар мавжуд. Меҳнат қилган, ҳаракат қилган фаровон ҳаёт кечирмоқда. Ўз орзу ниятларига етмоқда. Албатта, бунда осойишталик неъматининг ўрни беқиёс.
Янги Ўзбекистоннинг ҳар тонги тараққиёт тонги сифатида отмоқда. Барча соҳаларда янгилик ва яхшиликлар бўлмоқда. Жумладан, Ҳаж ва Умра тадбирларини юқори савияда ташкил этиш, мўмин-мусулмонларнинг ушбу ибодатларини чиройли адо этишлари учун шароит ва қулайликлар янги босқичга олиб чиқилди.
Хусусан, бу йилги ҳаж мавсумига юқори даражада тайёргарлик кўрилди. Маккаи мукаррама ҳамда Мадинаи мунаввара, қолаверса, Мино водийсида зиёратчилар учун барча шароит ҳозирланди. Иссиқ кунларда юртдошларимизга қўшимча қулайлик яратиш мақсадида Арафот ҳудудидаги чодирлар ёпиқ тарзда барпо этилди. Уларнинг атрофи иссиқ ўтказмайдиган панеллар билан ўралди, ичкарига совутиш тизими ўрнатилди, гилам ва тўшаклар солинди.
Мамлакатимиз ҳожиларига кўрсатилаётган эътибор, улар учун яратилган қулайликларни Саудия Арабистонининг ҳаж ишлари масъуллари ва ўзга юрт ҳожилари ҳам эътироф этиб, ҳавас билан қарамоқда.
Айни пайтда зиёратчиларга 300 дан ошиқ гуруҳ раҳбари, 50 нафар олий тоифали шифокор, 10 дан зиёд ошпаз ва бошқа мутахассислар хизмат кўрсатиб, ҳамроҳлик қилмоқда.
Зиёратчиларимиз берилаётган эътибор ва ғамхўрликдан мамнун бўлиб, Яратгандан мамлакатимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлигини сўраб дуо қилмоқда.
Зотан, юртимизда “Инсон қадри учун” деган улуғвор ғоя барча ислоҳотларнинг асосини ташкил этаётган айни паллада ҳожиларимиз ҳам ушбу жараёнга ўз ҳиссаларини қўшиш, юртимизга қайтгандан сўнг бор куч-ғайратларини юрт тинчлиги ва тараққиёти, оилалар тотувлигини таъминлаш, ёшлар таълим-тарбияси билан шуғулланиш, эҳтиёжмандларга кўмак беришдек савобли ишларга сафарбар этишларини таъкидламоқдалар.
Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси
ўринбосари.