Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
24 Январ, 2025   |   24 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:19
Қуёш
07:41
Пешин
12:40
Аср
15:48
Шом
17:32
Хуфтон
18:49
Bismillah
24 Январ, 2025, 24 Ражаб, 1446
Янгиликлар

Қуръонда зикри келган анор

19.11.2024   3325   2 min.
Қуръонда зикри келган анор

Анор

У иккисида (мазкур икки боғда) мева, хурмо ва анорлар бордир” (Ар-Раҳмон сураси, 68-оят).

“Шунингдек, узумзор боғлар, бир-бирига ўхшаган ва ўхшамаган зайтун ва анорларни (чиқардик). (Анъом сураси, 99-оят)

“У (Аллоҳ) шундай зотки, (сўритокларга) кўтариб қўйиладиган ва кўтариб қўйилмайдиган (узумзор) боғларни, таъми турлича (бўлган) хурмо ва мевали дарахтларни, (ранг ва таъмда) ўхшаш ва ўхшамас зайтун ва анорларни пайдо қилди.” (Анъом сураси, 141-оят).

Анор Қуръонда бир неча бор зикр қилинган. Анорнинг мағзи ҳам, пўстлоғи ҳам кони фойда. Анор шарбат кўринишида ҳам истеъмол қилинади. Унинг пўсти ва пардеворларидан дамламалар тайёрлаб ичиш фойдали.

Анорнинг шифобахш жиҳатлари: 

  1. Организмни тозалайди. Анорни истеъмол қилиш қон босимини меъёрга келтиради, жигарни тозалайди, ортиқча суюқликни организмдан чиқаради.
  2. Гижжадан халос қилади. Қуритилган анор пўстлоғи қайнатилади ва бир ҳафта давомида эрталаб оч қоринга ичилади. Бу амалиёт билан гижжалардан холи бўласиз.
  3. Асабийликнинг олдини олади. Ҳаёт ташвишлари билан бўлиб ҳаловатсизлик, юрак сиқилиши, асабийлик ва тез кайфият ўзгаришидан азият чексангиз, анор пўстини ярим литр сувда қайнатиб ичиш фойдалидир. Турли яллиғланишлар, жигар хасталикларида ҳам ичилиши самара беради.
  4. Иммунитетни кўтаради. Куз-қиш мавсумини грипп ва шамоллашларсиз ўтказмоқчи бўлсангиз, ҳар куни бир неча 10 дона анор истеъмол қилишни одат қилинг. Анор С витаминига бойлиги сабаб шамоллашда ёрдам беради. Анорни турли салатларга қўшиб тановвул қилиш ҳам мумкин. Қон айланишини яхшилайди, ичакларни тозалаб, юз кўринишингизни тиниқлаштиради.
  5. Суякларни мустаҳкамлайди. Ёши улуғ инсонлар кунора анор еб туришлари шарт. Негаки, таркибидаги калъций катталарда учрайдиган остеохондрозга қарши курашади. Анор шарбати ичилганда инсульт ва инфаркт хавфи камаяди. У хотирани мустаҳкамлайди. Вазн ташлашда ҳам ёрдам беради.

Анорни меъёридан кўп истеъмол қилиш ҳам мумкин эмас. Анор таркибидаги моддалар тиш эмалини емириши мумкин. Анор еб бўлгач, оғизни иссиқ сувда чайиш тавсия қилинади. Анорни кўп ейиш қабзиятга ҳам сабаб бўлади. 

Шоҳруҳ Убайдуллаев

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар

Эҳсонингиз ўрнини Аллоҳ тўлдиради

17.01.2025   6676   3 min.
Эҳсонингиз ўрнини Аллоҳ тўлдиради

Савол: Ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар тонг қуёш чиққанда икки фаришта нидо қилади. Эй Аллоҳ инфоқ қилувчини инфоқини ўрнини тўлдиргин ва хасис, зиқнага талофат бер” дер эканлар. Лекин биз ҳаётда бу ҳадиснинг аксини кўрамиз. Инфоқ, эҳсон ва садақа қилувчилар яшашда ўрта ҳол, баъзилари эса бироз қийналган бўлса, зиқна, хасис Аллоҳ йўлида бир чақа ҳам инфоқ қилмайдиганлар эса, дунёлари зиёда бўлиб бораётганлигини кўрамиз. Шунда киши ҳаёлига бу ҳадис саҳиҳмикан ёки ёлғонми деган ўй келади. Агар саҳиҳ бўлса нега инфоқ қилувчининг қилган инфоқини ўрни тўлмаяпти? Нега хасис, зиқна одам талофат кўрмаяпти?

Жавоб: Мазкур ҳадис саҳиҳ, муттафақун алайҳ. Ҳадиснинг тўлиқ матни қуйидагича.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Бандалар ҳар тонг оттирганларида икки фаришта тушиб, уларнинг бири: "Ё Аллоҳ инфоқ қилувчини инфоқини ўрнини тўлдиргин", иккинчиси эса: "Ё Аллоҳ хасис, зиқнага талофат бер" дейди” (Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ, 445-бет, 1442-ҳадис)

Ушбу ҳадиснинг маъносига ўхшаш бошқа ҳадислар ҳам мавжуд. Мисол учун, Абу Умома розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Эй Одам боласи агар саҳоватли бўлсанг, бу ишинг сен учун яхшидир. Агар зиқна, хасис бўлсанг, бу ишинг сен учун ёмондир" (Имом Муслим ва Имом Термизий ривояти).

Оятда эса: “Ҳар бир инфоқ қилган нарсангизнинг ўрнини У тўлдирур. У зот ризқ бергувчиларнинг яхшисидир” дейилади (Сабаъ сураси, 39-оят). Ушбу оятни Ибни Касир раҳимаҳуллоҳ тафсирларида: "Роббингизнинг буюрган ёки мубоҳ қилган ишларида бирор бир нарсани инфоқ қилсангиз, албатта, У дунёда унинг бадалини беради. Охиратда эса, савоб ва мукофот беради", деганлар.

Энди савол берувчининг фикрига келадиган бўлсак, у инсон фақатгина ҳадисдаги тўлдириш ва талофот сўзларини мол-мулк маъносида тушунганлар. Ҳадиснинг асл моҳияти эса, бундан кўра чуқурроқ ва кенгроқдир. Аслида инфоқ қилувчи кишига Ғоний ва Карим бўлган Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилиши унинг инфоқига энг яхши эваздир. Аллоҳни инфоқ қилувчи бандасининг аҳлини ислоҳ, фарзандларини иқтидорли, танасини соғ, озига барака бериши ва уни тўғри йўлга бошлаши, яхшиликлар қилишга муваффақ қилиши, қалбида сакинат, инсонларни унга нисбатан муҳаббатли ва иймон ҳаловатини сезувчи қилиб қўйиши инфоқ қилувчи кишига дунё матоларидан чекланишидан кўра яхшироқдир. Зотан орифлар руҳий ризқларни кўзни қувонтирувчи дунё матоларидан кўра абадий ва қиймати баланд деб биладилар.

“Талофат” эса, фақатгина молнинг талофати дегани эмас, балки кишининг оиласини нотинчлиги, фарзандларини ноқобил, ўзгалар билан яхши алоқада бўлмаслиги, доим ташвишда, ҳаётда кишини хафа қиладиган ишлар билан яшаши, моли кўп бўлса-да фойдалана олмаслиги ва доимо танасининг дарди билан азоб уқубатда ҳаёт кечириши тушунилади. Бундай ҳолатлар эса, молнинг талофотидан кўра ёмонроқдир.

Ҳадисда келган фаришталарнинг дуоси Қуръони каримдаги ушбу оятларга мувофиқдир: "Аммо кимки (ато) берса ва тақво қилса. Ва гўзал (сўз)ни тасдиқ қилса. Бас, Биз уни осонга муяссар қиламиз.  Аммо кимки бахиллик ва истиғно қилса. Ва гўзал (сўз)ни ёлғонга чиқарса. Бас, Биз уни қийинга муяссар қиламиз" (Лайл сураси, 5-10-оятлар).

Аллоҳ барчамизни оятларини ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини асл моҳиятлари билан англаб етишимизни осон қилсин.

Юсуф Қорозовийнинг “Фатаава Муасира” номли асаридан
“Имом ат-Термизий” жомеъ масжиди имом хатиби
Яҳё Абдураҳмонов таржимаси