Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
05 Июн, 2025   |   9 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:08
Қуёш
04:51
Пешин
12:27
Аср
17:35
Шом
19:56
Хуфтон
21:32
Bismillah
05 Июн, 2025, 9 Зулҳижжа, 1446

Гуноҳ қилган ҳар бир мусулмон...

19.11.2024   5216   3 min.
Гуноҳ қилган ҳар бир мусулмон...

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Саҳифасида кўп истиғфор топган кишига тубо – жаннат бўлсин», дедилар (Ибн Можа ривояти).

2. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Нафсим қўлида бўлган Зот ила қасамки, агар гуноҳ қилмасангиз, Аллоҳ сизларни кетказиб, ўрнингизга гуноҳ қилиб, истиғфор айтадиган бир қавмни келтирур ва уларни мағфират қилур», дедилар (Муслим ва Аҳмад ривояти).

3. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қайси банда гуноҳ қилиб, сўнгра таҳорат қилса, таҳоратини мукаммал қилса, сўнг туриб икки ракъат намоз ўқиса, кейин ўша гуноҳига истиғфор айтса, Аллоҳ албатта уни кечиради», дедилар (Аҳмад, Насоий ва Термизий ривояти).

 4. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша розияллоҳу анҳога қараб: «Агар бир гуноҳ билан аламлансанг Аллоҳга истиғфор айт ва тавба қил. Албатта гуноҳдан тавба надомат ва истиғфор айтишдир» дедилар (Байҳақий ривояти).

5. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлолари Зайддан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким «Астағфируллоҳаллазий лаа илаҳа иллаа ҳувал ҳаййул қоййуму ва атуубу илайҳ» деса, ҳатто жангдан қочган бўлса ҳам, унинг гуноҳлари кечирилади», дедилар (Абу Довуд ривояти).

Маъноси: Ўзидан ўзга илоҳ йўқ, Ҳаййул Қоййум бўлган Аллоҳга истиғфор айтаман ва У Зотга тавба қиламан.

6. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Гуноҳ қилган ҳар бир мусулмон яхшилаб таҳорат қилиб, икки ракъат намоз ўқиб, сўнгра истиғфор айтса, албатта, Аллоҳ уни кечиради», дедилар ва ушбу оятни ўқидилар: «Ва фаҳш иш ёки ўзларига зулм қилиб қўйганларида Аллоҳни эслаб, гуноҳларини мағфират қилишини сўрарлар» (Оли Имрон сураси, 135-оят) (Термизий ривояти).

7. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Бир мажлисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Роббиғфирлий ва туб ъалайя, иннака антат тавваабур роҳийм» деб юз марта айтганларини санаганмиз» (Абу Довуд ривояти).

Маъноси: Роббим! Мени мағфират қил, тавбамни қабул қил, ахир Сен тавбаларни қабул қилувчисан, раҳмлисан.

8. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимни (амал) саҳифаси хурсанд қилишини яхши кўрса, бас, унда истиғфорни кўпайтирсин», дедилар (Байҳақий ривояти).

9. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитганман: «Аллоҳ табарока ва таоло шундай дейди: «Эй Одам боласи! Модомики Менга дуо қилар экансан, Мендан умидвор бўлар экансан, Мен сендаги жамики нарсани мағфират қиламан, парво қилмайман. Эй Одам боласи! Агар гуноҳларинг осмоннинг тепасига етган бўлса ҳам, кейин Менга истиғфор айтсанг, сени мағфират қиламан, парво қилмайман. Эй Одам боласи! Менга ер юзи тўла гуноҳ билан рўбарў келсанг ҳам, Менга ширк келтирмаган ҳолда Менга йўлиқсанг, Мен сенга уни (ерни) тўлдирадиган мағфират билан рўбарў келаман» (Термизий ривояти).

Анвар Турсунов
«Ҳилол» журнали 4 (61) сон

Бошқа мақолалар

Етти юз дирҳам келтирадиган бир дирҳам

02.06.2025   3652   3 min.
Етти юз дирҳам келтирадиган бир дирҳам

Аллоҳ таоло бизга бир садақамизни етти юз баробар кўпайтириб беришини ваъда қилди. Шундай экан, нега энди муҳтожларга эҳсон қилишга иккиланамиз?!

Ривоятларда келишича, Муҳаллабий деган бир вазир ўтган бўлиб, аввалбошда камбағал бўлган экан. Дунё матоҳларидан бирор нарсаси бўлмаган ҳам экан. Шу ҳолида у сафар қилади. Борган жойида ҳам ейишга бирор нарса топа олмайди. Гўшт ейишни қаттиқ иштаҳа қилса-да, гўштга етгулик пул топа олмайди ва:

Аё, харид қилсам ўлим сотилурму,
Бул маийшат хайрсиз бўлди манга,
Вооҳ, бу ҳаётдин ўлим тотли бўлурму,
Бу хушсиз ҳаётдин келиб мани халос этса…

У кишининг ҳамсафари бўлиб, исми Абу Абдуллоҳ Сўфий эди. У байтни эшитиб, бир дирҳамга гўшт сотиб олиб, пишириб Муҳаллабийнинг қўлига тутқазади. Кейин эса улар ўз йўналишлари бўйича ажралиб кетишади.

Кунлар ўтиб Муҳаллабий Бағдодда вазир даражасига кўтарилади. Бу ёқда Абу Абдуллоҳ Сўфийнинг шароити оғирлашиб, қийналиб қолади. У вазирнинг ҳузурига боради ва бир парча қоғоз бериб, уни соқчидан киргизиб юборади. Қоғозда қуйидагилар ёзилган эди:

Аё вазирингга етказ, унга жонимни фидо айладим,
Йигит ҳеч замон гапин ёддан чиқармас.
Ёдингдаму йўқчиликдан қийналиб айтган гапинг,
“Аё, харид қилсам ўлим сотилурму” деганинг…

Вазир Муҳаллабий хатни ўқигач, ўтган кунлари ёдига тушиб, гўшт егиси келганида гўшт олиб пишириб берган ҳамсафарини эслайди. Кўзлари ёшга тўлиб, Аллоҳнинг неъматлари ичида яйраб яшаётганини, қандай қилиб бу мартабаларга эришиб, халифанинг вазири бўлиб қолгани ҳақида тафаккур қилади. Кейин эса: “Бу хатни ёзган кишига етти юз дирҳам бериб юборинглар”, деб буюради ва хат остига жавоб тариқасида мана бу оятни ёзиб қўяди:

«Аллоҳ йўлида молларини эҳсон қилувчи кишиларнинг (савобининг) мисоли худди ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқарган бир дона донга ўхшайди...»[1] (яъни, қилинган бир яхшилик етти юз баробар бўлиб қайтишига ишора қилинмоқда).

Бу орқали вазир ҳамсафарига “Менга бир дирҳам эвазига олиб берган гўштинг ҳаққини Аллоҳ таоло етмиш баробар кўпайтириб берди”, демоқчи эди.

Шоир айтади:

Яхшилик ўгурганнинг мукофоти йўқолмагай ҳеч,
Холиқу халқ орасиндаги суннат зоил ўлмагай ҳеч.

Ҳеч бир кишидан миннатдорчилик кутманг!

Ҳакимлардан бири айтади: “Ким қилган яхшилиги учун миннатдорчилик, раҳмат кутса, шубҳасиз, у охират савобини дунёда олишга шошилибди”.

Яхшилик қилиш мақтовга арзирли харажатдир

Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу айтади: “Ҳар нарсада исроф бор, иллоки ҳусни хулқни қўлга киритишда, яхшилик қилишда, одамгарчиликни юзага чиқаришда исроф йўқ”.

Бир ҳаким зотнинг гапини доимо ёдингизда тутинг: “Яхшилик қилувчи киши ҳеч чоҳга тушмайди. Мабодо тушган тақдирда ҳам, бир тиргак топади”.


Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.


[1]  Бақара сураси, 261-оят.