Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
23 Июл, 2025   |   28 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:32
Қуёш
05:10
Пешин
12:35
Аср
17:37
Шом
19:53
Хуфтон
21:23
Bismillah
23 Июл, 2025, 28 Муҳаррам, 1447

Ўзбекистон зиёрат туризми салоҳияти Малайзия аҳолиси ўртасида кенг тарғиб қилинмоқда

20.11.2024   17195   1 min.
Ўзбекистон зиёрат туризми салоҳияти Малайзия аҳолиси ўртасида кенг тарғиб қилинмоқда

Жорий йилнинг 4-11 ноябрь кунлари Малайзиянинг Перлис штати муфтийси, мамлакатимизнинг зиёрат туризми бўйича элчиси доктор Мохд Асри Зайнул Абидин бошчилигидаги делегация Ўзбекистонда бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси хабар берди. 
 

Сафар Ўзбекистон туризм салоҳиятини Малайзия ва Жанубий-Шарқий Осиё минтақасида кенг тарғиб қилиш бўйича қўшма медиа лойиҳа доирасида мамлакатимиз элчихонаси, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Туризм қўмитаси ҳамда маҳаллий туркомпания билан ҳамкорликда амалга оширилди.


Бир ҳафта давом этган сафар чоғида Бухоро, Самарқанд, Тошкент вилоятларида ва Тошкент шаҳрида Ўзбекистон зиёрат туризм салоҳияти, маданий мероси, ислом дунёсига оид зиёратгоҳлари ҳамда ўзбек халқининг анъаналарига бағишланган туркум подкасдлар суратга олинди ва ижтимоий тармоқларда кенг ёритилди.  


Шунингдек, Малайзия делегацияси Бухоро ва Самарқанд вилоятлари имом-хатиблари билан учрашувлар ўтказди. Малайзиялик диний арбоб илк бор Бухородаги Мир Араб мадрасасида ва Самарқанддаги "Ипак йўли" халқаро туризм ва маданий мерос университетида маърузалар ўқиди.


Малайзияликлар республиканинг тарихий ва замонавий сайёҳлик марказлари, бой маданияти, бетакрор архитектураси, шу жумладан Ҳазрати Имом мажмуаси фаолияти, "Амирсой" тоғ-чанғи курортидаги замонавий инфратузилмалар, "Усмон мусҳафи" Қуръони каримнинг бугунги кунгача сақланиб қолган энг қадимий қўлёзмаси билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлдилар.


Сафар доирасида доктор Мохд Асри Зайнул Абидиннинг Ўзбекистоннинг тарихий обидалари фонида суратга олинган мамлакатимиз заминида яшаб ўтган уламоларнинг ислом дунёси ривожида тутган ўрни ҳақидаги маърузалари юртимиздаги табаррук қадамжоларга келаётган зиёратчилар сонининг ошишига ўз ҳиссасини қўшади. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Бошқа мақолалар

Яримта олма ҳаққи

21.07.2025   3970   2 min.
Яримта олма ҳаққи

Собит ибн Иброҳим таҳорат ола туриб ариқда оқиб келаётган бир олмага кўзи тушади ва олмани олиб ейди. Олманинг ярмини еб бўлганида, унинг ҳаққи ҳақида ўйлаб қолади. Шу хаёлда Собит ибн Иброҳим ариқ четидан юриб олма оқиб чиққан боғга киради ва боғ эгасига:

– Еб қўйган яримта олмам учун ҳаққингизни ҳалол этинг. Қолган ярми мана, олинг, – дейди.

– Майли, ҳаққимни ҳалол этаман, фақат бир шартим бор, – дейди боғ эгаси йигитнинг ҳалол, тақволи эканини англаб.

– Шартингизни айтинг, – дейди Собит ибн Иброҳим.

Шунда боғ эгаси:

– Бир қизим бор, уни никоҳингга оласан. Лекин рози бўлишингдан аввал унинг ҳолатидан сени огоҳ этишим лозим. Қизимнинг кўзи ожиз, ҳеч нарсани кўрмайди, соқов – гапирмайди ва яна қулоғи эшитмайди – кар, қимирламайди – шол, – дейди.

Боғ эгасининг гапларини эшитган Собит ибн Иброҳим лол бўлиб қолади. Еб қўйган яримта олманинг ҳаққидан қўрқиб, қизга уйланишга рози бўлади ва:

– Майли, таклифингизни қабул қилдим, зора шу билан Аллоҳнинг розилигига эришсам, – дейди.

Ота қизига оқ фотиҳа беради. Тўй-томошалар ўтгач, Собит ибн Иброҳим салом берганича қизнинг ёнига киради. Қиз саломга алик қайтарганча қўли кўксида қуллуқ қилади.

Йигит бўлаётган ишлардан ҳайратланади: Бу жуда ғалати-ку, соқов эмас экан-да, саломимга жавоб берди. Тик турибди, демак шол ҳам эмас. Қўли кўксида, бундан чиқди кўзлари ҳам кўради”.

Йигит шошганча ташқарига чиқади ва қизнинг отасига: “Бу менга ваъда қилинган қиз эмас-ку, кўр, соқов, кар ва шол деганингизнинг боиси не?!” – дейди.

“Нега энди?” – изоҳ беради қизнинг отаси: “Бу ўша қиз. Кўзи ожиз деганим – унинг кўзлари Аллоҳ ҳаром қилган нарсага боқмаган, қулоғининг карлиги – Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларга қулоқ тутмаган, соқовлиги ҳам рост, чунки тили Аллоҳнинг зикригагина айланган, шоллиги – ёмон ишга юрмаган”.

Собит ибн Иброҳим бировнинг ҳаққидан қўрққанлиги эвазига олий мукофотга эришади. Вақт ўтиши билан унинг аёли ер юзини илм ва фиқҳга тўлдиражак бир зотга, буюк Имом Абу Ҳанифага ҳомиладор бўлади.