Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
08 Июн, 2025   |   12 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:06
Қуёш
04:50
Пешин
12:27
Аср
17:36
Шом
19:58
Хуфтон
21:35
Bismillah
08 Июн, 2025, 12 Зулҳижжа, 1446
Мақолалар

Икки фариштани ҳайрон қолдирган сўзлар

20.11.2024   5438   2 min.
Икки фариштани ҳайрон қолдирган сўзлар

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга қуйидагиларни гапириб берган экан:

“Аллоҳнинг бандаларидан бир банда: “Йаа Робби лакал ҳамду кама ямбағий лижалали важҳика ва азийми султоника”, деб (савоб ва гуноҳларни ёзиб борадиган) икки фариштани қийин аҳволга солиб қўйган. У иккиси қандай (яъни, нима деб) ёзишни билмай, осмонга кўтарилдиларда Аллоҳ таолога: “Робимиз, бир банданг биз нима деб ёзишни билмайдиган бир гап  айтди”, дейишди. Аллоҳ азза ва жалла  бандаси нима деганини билиб турсада, “Бандам нима деди?” дея сўради. Улар: “Эй Парвардигор банданг “Йаа Роббий лакал ҳамду кама ямбағий лижалали важҳика ва азийми султоника деди”, дейишди. Шунда Аллоҳ икки фариштага: “Айтганидек ҳолда ёзинглар. Менга рўбарў келганида уни мукофотини Ўзим бераман”, деди (Имом Аҳмад ва Ибн Можа ривояти).

У сўзларнинг маъноси: “Эй Роббим, Сенга Ўзингни буюклигинг ва салтанатингни  улуғлигига яраша ва муносиб ҳамд бўлсин”.

Ҳақиқатда инсон қўлига тасбеҳ олиб, минглаб ҳамд айтганида ҳам Аллоҳ таоло берган биттагина неъматининг шукрини ҳам адо этолмайди. Ҳолбуки, бизга берилган неъматларнинг санаб адоғига етиб бўлмайди. Қолаверса, ҳамд айтишнинг ўзи ҳам бир неъмат. Битта ҳамд айта олган киши мана шу бахтга муяссар қилган Зот Аллоҳ таолога яна шукр қилиши керак. Чунки, Аллоҳ таолонинг ризқини еб, Уни таниёлмай даҳрий бўлиб юрганлар қанча?! Шунинг учун ҳадиси шарифда келган сўзларни айтса, энг олий даражадаги ҳамдни айтган бўлади. Сабаби, унинг маъноси чексиз ҳамду сано бўлсин демакдир. Натижада ҳатто фаришта ҳам ҳавас қиладиган мукофотга эришади. 

Аллоҳ таоло барчамизни шундай мақомларга муносиб бандаларидан қилсин. Омийн.                      

Баҳодир Баҳромжон ўғли

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Минода қандай амаллар бажарилади?

04.06.2025   4432   2 min.
Минода қандай амаллар бажарилади?

Зулҳижжа ойининг 8 куни “Тарвия куни” дейилади.

“Тарвия” дейилишига сабаб ўша куни ҳожилар зам-зам сувидан қониб-қониб ичадилар.

“Тарвия” – тафаккур маъносида ҳам қўлланилади. Чунки зулҳижжанинг саккизинчи кечасида Иброҳим алайҳиссалом тушларида ўғиллари Исмоил алайҳиссаломни қурбонлик қилаётганларини кўрадилар ва бу туш шайтонийми ёки раҳмоний дея ўша кунни тафаккур билан ўтказадилар. Шунга кўра, бу кун “Тарвия – тафаккур куни” дейилади.

 

Мино луғатда – “орзу, истак” деган маъноларни билдиради. Макка ва Муздалифа оралиғидаги қишлоқнинг номи. Араблар одамлар тўпланган жойни “мино” деб аташади. Мино Масжидул-ҳаром шимолидан 7 км. узоқликда жойлашган.

Бу ерда Иброҳим алайҳиссалом шайтонга тош отганлар, қурбонлик қилганлар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам айнан шу жойда тош отиб, қурбонликларини адо этганлар. Бу муқаддас маконда Наср ва Мурсалот суралари нозил бўлган.

 

Ҳожилар зулҳижжанинг саккизинчи куни бомдод намозидан сўнг Минога қараб йўл олишади. Минода тарвия кунининг пешин, аср, шом, хуфтон ҳамда арафа кунининг бомдод намозлари ўқилади. Кейин арафотга жўнаб, ўнинчи куни яна Минога қайтишади ва икки кун шайтонга тош отишни давом эттиришади.

Минода бажарилиши зарур бўлган амаллар ҳақида Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: «Ва ўзларига бўладиган манфаатларга шоҳид бўлсинлар. Маълум кунларда уларга ризқ қилиб берган чорва ҳайвонларини (сўйишда) Аллоҳнинг исмини зикр қилсинлар. Бас, улардан енглар ва бечора ва фақирларга ҳам едиринглар. Сўнгра ўзларидаги кирларни кетказсинлар, назрларига вафо қилсинлар ва “Қадимги уй”ни тавоф қилсинлар”, деганимизни эсла» (Ҳаж сураси, 28-29-оятлар).

Ушбу оятда Мино кунлари жамаротда тош отиш, қурбонлик қилиш ва соч олдириб эҳромдан чиқиш каби амалларни адо этиш таъкидланмоқда. Мино кунлари ушбу учта амални мукаммал тарзда бажариш вожибдир.

Аллоҳ таоло қилаётган ва қиладиган барча солиҳ амалларингизни Ўз даргоҳида қабул этсин. Ўзи куч-қувват берсин..

Даврон НУРМУҲАММАД