Токиодаги Илмий тадқиқот институти раҳбари Масару Эмото сув шунчаки суюқлик эмас, балки тирик материя эканини эълон қилган. Янги илмий кашфиёт бўлган – сув атомларининг кристалланиш назарияси асосчиси Масару Эмото бу хулосага келиш учун 10 мингдан ортиқ фотосуратлардан фойдаланган.
Япониялик тадқиқотчи иккита ёзувни сув идишларига жойлаштириш орқали тажриба ўтказди. Бирида “раҳмат”, иккинчисида эса “сен карсан” деб ёзилган. “Раҳмат” сўзи ёзилган сув гўзал кристаллар ҳосил қилгани аниқланган.
Шунингдек, Доктор Эмото аудиокассетага ёзиб олинган Қуръони карим тиловатини сув яқинига қўйиб, бир қанча тажрибалар ўтказган ва кристалларнинг ҳайратланарли шаклга айланишидан ҳайратда қолган.
Тадқиқотчининг таъкидлашича, “Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм” деб айтиш таъсирида кристаллар жуда чиройли шаклларга айланади. Аллоҳнинг гўзал исмларидан бири бўлмиш “Ал-Алийм” (Ҳар бир нарсани билувчи)ни ўқиганларида ҳам сув кристаллари гўзал шаклларга айланди, бу эса Аллоҳ таолонинг исмларининг улуғлигидан далолат беради.
Инсон танасининг 70% ортиқ қисмини сув ташкил этишини ҳисобга олсак, бир пиёла сувни бисмиллаҳ, “Ал-Алийм”ни айтиб ёки Фотиҳа сурасини ўқиб ичишга одатлансак, Аллоҳнинг изни билан бир қанча касалликларнинг олдини олган бўламиз, иншаАЛЛОҲ.
Даврон НУРМУҲАММАД
Абу Умома ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким ҳар бир фарз намозидан кейин Оятул Курсийни ўқиса, унинг жаннатга киришини фақат ўлими тўсиб туради", деганлар (Имом Насоий, Имом Табароний ривояти).
Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: «Ким ҳар бир фарз намозидан кейин Оятул Курсийни ўқиса, келаси намозгача у (банда) Аллоҳнинг ҳимоясида бўлади» (Имом Табароний ривояти).
Қаранг, бу жуда ҳам осон, аммо савоби улкан, гуноҳларни кетказувчи, жаннатга етказувчи бўлган амалдир. Лекин дангасалигимиз, бепарволигимиз оқибатида бунга эътибор бермаймиз, амал қилмаймиз. Кўпчилигимиз ҳатто билмаймиз ҳам. Аввал билмасак, энди билиб олдик. Энди билганимизга амал қилайлик ва бошқаларга ҳам етказайлик.
Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ёйилишига хизмат қилиш у зотга бўлган муҳаббат ва эҳтиромнинг юксак намунаси ҳисобланади. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларини аниқлик билан етказганларнинг ҳаққига: “Менинг гапимни эшитиб, ёдлаб, сингдириб, сўнгра етказган одамни Аллоҳ неъматлантирсин”, деб дуо қилганлар (Имом Термизий ривояти).
Аллоҳ таоло барчамизга ҳар бир ишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишимизга тавфиқ ато этсин, омийн!
Аллоҳумма солли ва саллим ъала Муҳаммадин ва ъала оли Муҳаммад
Даврон НУРМУҲАММАД