Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси узоқ йиллар диний соҳада фаолият юритган Нуруллоҳ домла Мирзаҳмедовнинг падари бузрукворлари Рихситилла ҳожи отанинг вафоти муносабати билан у кишининг яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Охират сафарига кузатилган отахон эл корига ярайдиган, дину диёнат йўлида хизмат қиладиган фарзанд ва невараларни ўстирдилар, чиройли тарбия қилдилар.
Аллоҳ таоло марҳум отахоннинг барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айлаб, Ўз мағфиратига олсин. Ҳақ таоло марҳум отахоннинг яқинлари, фарзанду аржумандларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларига ажру мукофотлар ато этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан Нуруллоҳ домла Мирзаҳмедовга, у кишининг оила аъзолари, ёр-биродарлари, яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.
Жаноза бугун пешин намозидан сўнг пойтахтимиздаги Имоми Бухорий жоме масжидида ўқилади.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Жаноза намозида тўртта такбирни айтиш фарз деб эшитганмиз. Имомга иқтидо қилган кишилар ҳам такбирларни айтишлари керакми? Уларга ҳам тўрт такбирни айтиш фарз бўладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Албатта, иқтидо қилганлар ҳам мазкур такбирларни айтишлари фарз бўлади. Чунки уламоларимиз мазкур такбирлар бошқа намозлардаги ракатнинг ўрнида бўлади, яъни тўрт такбирли жаноза гўёки тўрт ракатли намознинг ҳукмида бўлади, деганлар.
Шу боис имом ҳам, унга иқтидо қилганлар ҳам такбирларни айтишлари шарт ҳисобланади. Агар кимдир такбирларни айтмаса, ёки улардан биттасини қолдирса, жаноза ўқиган бўлмайди. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.