Сўнгги йилларни ўз ичига олган давр илмий ва эксперт доиралар томонидан Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичи деб аталмоқда. Ушбу қисқа вақт ичида Ўзбекистонда турли соҳаларда амалга оширилган ислоҳотлар давлат ва жамиятнинг жадал ривожланишига эришиш, халқ фаровонлиги ва осойишталигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Ўтган қисқа вақт давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштиришга қаратилган муҳим ташаббуслар илгари сурилди. Биринчидан, 2016-йилнинг 18-октабрида Тошкентда Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгаши 43-сессияси йиғилишида Ўзбекистон Президенти томонидан Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди.
Иккинчидан, Ўзбекистон Республикаси Президенти 2017-йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида иштирок этиб, халқаро майдонда ислом динига нисбатан кузатилаётган бир ёқлама салбий муносабатга нисбатан ўзининг қатъий позициясини мухтасар ифода қилиб, жумладан шундай деди: “Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади”.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотида Ўзбекистон раҳбари жаҳон ҳамжамиятига Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини ташкил этиш лойиҳаси ҳақида сўзлади. Ислом цивилизацияси маркази ўз ғояси ва аҳамиятига кўра бетакрор лойиҳа бўлиб, ислом динининг илмий-маънавий бойлиги, бунёдкорлик салоҳиятини намойиш этишга қаратилган.
Ғайрат РАСУЛОВ,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси
“Ислом тарихи ва манбашунослиги ИРCИCА” кафедраси мудири
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Марям алайҳассаломнинг оналари туғилажак ўғил фарзандини Аллоҳ таолога назр қилган эдилар. Аммо ўғил эмас, қиз фарзанд туғилди. Аллоҳ таоло Марям алайҳассаломни тарбиялашни Закариё алайҳиссаломга топширди: «Робби уни ҳусни қабул айлаб, гўзал тарзда ўстирди ва унга Закариёни кафил қилди» (Оли Имрон сураси, 37-оят).
Ийсо алайҳиссалом туғилишларидан бироз аввал, Марям онамиз меҳробда турганларида фаришталар Ийсо алайҳиссаломнинг туғилишлари, пайғамбар бўлишлари ҳақидаги хушхабар келтирдилар.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Ўшанда фаришталар «Эй Марям, Аллоҳ сени танлаб олди, поклади ва бутун оламдаги аёллардан устун қилди. Эй Марям, Роббингнинг ибодатида бардавом бўл, Унга сажда қил, рукуъ қилувчилар билан рукуъ қил», дедилар» (Оли Имрон сураси, 42-43-оятлар).
Дарҳақиқат, Аллоҳ таолони Марям алайҳассаломни барча ёмон сифатлардан пок сақлади, буюк мўъжиза кўрсатиб, Ийсо алайҳиссаломнинг дунёга отасиз келишларни ирода қилди. Мана шу жиҳат билан Аллоҳ таоло Марям онамизни оламдаги барча аёллардан устун қилди. Бундай шараф бирор аёлга насиб этган эмас! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дунёдаги энг яхши аёллар тўрттадир: Марям бинт Имрон, Хадича бинт Хувайлид, Фотима бинт Муҳаммад ва Фиръавннинг аёли Осиё”, деганлар.
Фаришталар “Эй Марям, Роббингнинг ибодатида бардавом бўл, Унга сажда қил ва рукуъ қилувчилар билан рукуъ қил” деб, Марям онамизга қунут (намозда узоқ қироат қилиш), сажда қилиш, жамоат билан намоз ўқиш, мўминлар билан бир сафда бўлиш буюрилганини хабар қилдилар.
Демак, Марям онамизга икки нарса буюрилган экан.
Биринчиси – қиём ва саждани узоқ қилиш. Бу икки буйруқнинг бир ўринда келишига сабаб шуки, бу икки амалнинг намоздаги ўрни, улуғлиги бир хил, қиём ва саждани узоқ қилиш эса ёлғиз намоз ўқишга хосдир.
Иккинчиси – намозни жамоат билан ўқиш, рукуъ қилувчилар билан бирга рукуъ қилиш.
Эътибор беринг, фаришталар Саййида Марям алайҳассаломга бу хушхабарларни айтгач, намоз ҳақидаги буйруқни етказдилар. Зеро, бу улуғ мавқенинг шукри намоз билан адо бўлади. Аллоҳ таоло танлаб олинган зотларга шунга яраша синовлар келади. Синовларга бардош бериш учун энг муносиб омил эса намоздир. Синовлар келгач, Марям онамиз ёлғиз ҳолда ҳам, жамоат билан ҳам намоз ўқишга кўп муҳтож бўладилар. Оятлардан кўриниб турибдики, Аллоҳ таоло бир бандага яхшилик ато этса, ундан талаб этиладиган ибодатларни янада кўпайтиради. Шунинг учун фаришталар “Аллоҳ сени танлаб олди, поклади, бутун оламдаги аёллардан устун қилди”, деган хабардан кейин Марям онамизга Аллоҳ таолога бардавом ибодат қилиш, сажда ва рукуъни узоқ қилиш ҳақидаги буйруқларни етказдилар.
Демак, Аллоҳ таоло бир инсонга кўплаб неъматлар ато этса, бу неъматларнинг шукри ўлароқ, Аллоҳга янада кўпроқ ибодат қилиш, рукуъ ва сажда қилиш лозим экан.
Бир қиз айтади: «Мен намоз ўқишни жуда яхши кўраман, айниқса саждага ошиқман. Ҳаётимдаги энг яхши маконим – жойнамозим. Бунинг сабаби – Қуръон ўргатган муаллимамиз бизга саййида Марям алайҳассаломнинг қиссаларини кўп марталаб айтиб бериб, охирида: «Бахтли бўлиш учун саййидамиз Марям алайҳассалом каби бўлинглар!» дер эдилар. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай марҳамат қилган: «Ўшанда фаришталар «Эй Марям, Аллоҳ сени танлаб олди, поклади ва бутун оламдаги аёллардан устун қилди. Эй Марям, Роббингнинг ибодатида бардавом бўл, Унга сажда қил, рукуъ қилувчилар билан рукуъ қил», дедилар» (Оли Имрон сураси, 42-43-оятлар).
У пайтларда намоз фақат рукуъдан иборат бўлган. Сажда алоҳида ибодат бўлган, намоз амалларининг ичида бўлмаган. Шунинг учун Аллоҳ таоло Ўзига яна ҳам яқинроқ бўлсин деб, Марям алайҳассаломга намозда сажда қилишни буюрди. Марям алайҳассалом ҳам фаришталарнинг тавсиясига лаббай деб жавоб берди, шу тариқа намоз ва бошқа ибодатлар учун ажратилган алоҳида жой – меҳроб унинг энг севимли маконига айланди.
Аллоҳ таоло айтади: «Закариё қачон унинг олдига, меҳробга кирса, унинг ҳузурида ризқ кўрар эди» (Оли Имрон сураси, 37-оят).
Закариё алайҳиссалом меҳробда тоат-ибодат, зикр-тасбеҳ ва Таврот тиловати билан машғул бўлар эдилар. «Меҳроб» араб тилида ҳарб, яъни жанг қилинадиган жой деган маънони билдиради. Ибодат қилинадиган жойнинг меҳроб деб аталишига сабаб шуки, бу ерда инсон Аллоҳга ибодат қилиб, шайтон билан курашади, унинг ҳийла-найрангларини даф қилади. Инсон меҳробда, саждагоҳда, жойнамозда фақат шайтон билан эмас, балки ўзининг ғам-қайғулари билан ҳам курашади, Роббига дардларини тўкиб солиб, улардан халос бўлади.
Марям алайҳассалом жуда кўп қийинчиликларга, синовларга, ташвишларга дуч келдилар. Ана шундай қийин вазиятларда сабр қилишлари учун энг яхши ҳамроҳ – намоз бўлди. Шундай экан, сиз ҳам Марям алайҳассалом каби бўлинг, қайғуларингизни рукуъ ва сажда билан қарши олинг! Ҳаёт машаққатларини жойнамоз устида, сажда қилиш билан маҳв этинг!».
Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.