Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Фарзандингизнинг сочини тарасангиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Кимнинг сочи бўлса, уни парвариш қилсин”, деганлар, ўша ҳадисга мувофиқ тараб қўйяпман деб айтинг.
Ўғилчангизга атир сепсангиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Менга бу дунёдан хушбўйлик, аёллар маҳбуб қилинди. Намоз эса кўз қувончим қилинди”, деганлар, ўша ҳадисга мувофиқ атир суртяпман деб айтинг.
Фарзандингиз мактабга кетаётганда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Ким илм талабида йўлга тушса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди”, деган ҳадисларини эслатинг.
Фарзандингизга кулиб қараганингизда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Биродарингнинг юзига табассум билан боқишинг ҳам садақадир”, деган ҳадисларини эслатинг.
Фарзандингизни мақтасангиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Яхши сўз ҳам садақадир”, деганларини эслатинг.
Фарзандингизга ёши катта кексаларни ҳурмат қилишни ўргатиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кичикларимизга раҳм шафқат қилмаган, кексаларимизни эъзозламаганлар биздан эмас”, деганларини айтинг.
Шу тариқа фарзанд тарбиясини суннат ва сийратга боғлаб, ҳадислар асосида таълим-тарбия беринг.
Шу йил 21 май куни ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш, отинойилар фаолиятини такомиллаштириш мақсадида Хоразм вилоятида фаолият юритаётган отинойилар ва тарғибот гуруҳи аъзолари иштирокида ўқув-семинари бўлиб ўтди.
Семинарда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлим бошлиғи Дилфуза Эгамова ва Дин ишлари бўйича қўмитанинг масъул ходими Шаҳзод Ғафурович иштирок этди.
Ўқув-семинарда фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепсияси мазмун-моҳияти тушунтирилди. Шунингдек, отинойилар фаолияти бўйича ишлаб чиқилган янги қўлланма билан таништирилиб, ҳар бир бандига изоҳ берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати