Унутмангки, Аллоҳ таоло Ўзига юзланишингиз учун сизни турли мусибатлар билан синайди. Баъзан Аллоҳдан имтиҳонлардан муваффақиятли ўтишни ёки солиҳа жуфт ҳалол ё яна бошқа нарсаларни сўраб ой ва йиллар давомида дуо қиласиз. Аммо дуоингиз ижобат бўлмаётганидан ташвишга туша бошлайсиз.
“Нега Аллоҳ дуоларимни қабул қилмаяпти?” деган саволлар ҳаёлингизда тинмай айланади. Аммо Аллоҳ сизга қанча неъматларини тайёрлаб қўйганини билмайсиз! Сиз банда эканингизни эътироф этиб, ноумид бўлмай Аллоҳдан қанча кўп сўрасангиз, қалбингиз шунча юмшайди. Тобора Аллоҳга муҳтож эканингизни тушунасиз. Аслида, ҳар бир олган ва чиқарган нафасимиз Аллоҳнинг бизга берган чексиз неъматидир.
Аллоҳнинг юборган синовлари сабабли банда ожизлигини англаш билан бирга, Аллоҳдан бошқа ҳеч ким унга ёрдам бермаслигини тушуниб етади. Бу банданинг иймонини янада мустаҳкамлайди.
Агар Сиздан “Аллоҳга энг яқин бўлган вақтиниз қачон бўлган?” деб сўрасалар сиз “Оила қурганимда”, “фарзандли бўлганимда” ёки “янги ишга кирганимда” деб айтмайсиз. Балки ҳаётингизнинг энг қийин лаҳзаларини, қийинчиликка дуч келганингизда вазиятдан қандай чиқишни билмай қолганингизни, фарзандингиз касал бўлганда, онангиздан айрилганингизда Аллоҳга янада яқин бўлганингизни эслайсиз.
Сиз ҳаётингизнинг ана шундай энг мушкул вазиятларида Аллоҳга ҳар қачонгидан ҳам кўра кўпроқ ёлвориб дуо қилгансиз.
Нега? Чунки фақат Аллоҳ сизни бу қийинчиликлардан қутқариши мумкинлигини билгансиз. Аллоҳдан бошқа ҳеч ким ёрдам бера олмаслигини англаб етгансиз.
Ҳа, айрим бандалар турли синов-мусибатлар сабабли Аллоҳга юзланади, Роббига қайтади.
Яна баъзи бандаларнинг эса Аллоҳ таолога қайтишига гуноҳ амаллар сабаб бўлади. Бу ҳақда Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳи бундай дейдилар: “Гоҳида У Зот сенга тоат эшигини очади ва қабул эшигини очмайди. Гоҳида сенга гуноҳни тақдир қилади ва у (У Зотга) етишишга сабаб бўлади”.
Уламолардан бири айтади: “Банда гуноҳ сабабли жаннатга кириши ва савоб иш туфайли жаҳаннамга тушиши мумкин”, деди. Одамлар таажжубланиб: “Қандай қилиб бундай бўлиши мумкин?” деб сўрашди. Олим уларга: “Банда баъзан гуноҳга қўл уради, кейин ўзига келиб, қилган гуноҳига қаттиқ афсусланади, тинмай афсус-надомат чекади. Охир оқибат унда ўзини паст олиш, синиқлик ва надомат пайдо бўлади. Аввалгидан кўра тоат-ибодатга кўпроқ уринади, ихлос қилади. Натижада бу гуноҳи унинг жаннат сари ҳаракат қилишига сабаб бўлади. Яна бошқа банда бир яхшилик қилиб, кибрга, ужбга, мақтанишга, одамлардан мақтов эшитишга берилади. Айнан шу ҳол унинг ҳалокатига, дўзахга сари етаклайди”.
Даврон НУРМУҲАММАД
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Иброҳим алайҳиссалом ўғиллари Исмоил алайҳиссалом билан Аллоҳ таолонинг амрига мувофиқ Байтуллоҳни қуришди. Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга одамларни ҳажга чақиришга буюрди. Натижада, бу ер нафслар ошиқадиган, қалблар эса у томон шошадиган муборак жойга айланди.
Ҳижратнинг тўққизинчи санасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга йўлга қодир бўлган одамларга ҳаж фарзлиги ҳақидаги оят нозил бўлди. Ҳаж диндаги фарзлардан бир фарз, Ислом рукнининг бир рукни бўлди. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Йўлга қодир бўлган киши зиммасида Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилиш (фарзи) бордир” (Оли Имрон сураси, 97-оят).
Соғлиғи яхши, ҳажга бориб-келишга оиласидан орттирган маблағи бор, йўлда хавф-хатар йўқ, аёл киши бўлса, маҳрами бор кишиларга умрида бир марта ҳаж қилиш фарздир. Имкони бўла туриб, ҳаж қилмаслик катта гуноҳ саналади.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ҳажни ирода қилса, шошилсин. Чунки киши бемор бўлиши, улови йўқолиб қолиши ва узри чиқиб қолиши мумкин”, деганлар.
Кимки бу улуғ фарз амални бажаришга киришар экан, аввало – чин тавба ва ниятини холис Аллоҳ учун қилмоғи, зиммасидаги ҳақларни адо этмоғи, қарзларни узмоғи, ваъдаларни бажармоғи лозим. Аҳли-аёлини Аллоҳга тақво қилишга чақириши, васиятларини ёзиб қўйиши керак. Топган ҳалол мол-мулкидан оиласига нафақа қолдириши ҳам талаб этилади. Солиҳ дўстлар билан ҳамроҳ бўлиши, ҳажнинг бажариш тартибларини ўрганиши ва бу борадаги китобларни ўзи билан олиб олиши лозим.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умра кейинги умрагача бўлган гуноҳларга каффаротдир. Ҳажжи мабрурнинг мукофоти фақат жаннатдир”, деганлар (Муттафақун алайҳи).
Даврон НУРМУҲАММАД