Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
06 Июн, 2025   |   10 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:07
Қуёш
04:50
Пешин
12:27
Аср
17:36
Шом
19:56
Хуфтон
21:33
Bismillah
06 Июн, 2025, 10 Зулҳижжа, 1446

Жаннатга етакловчи "гуноҳ"

22.11.2024   13226   3 min.
Жаннатга етакловчи

Унутмангки, Аллоҳ таоло Ўзига юзланишингиз учун сизни турли мусибатлар билан синайди. Баъзан Аллоҳдан имтиҳонлардан муваффақиятли ўтишни ёки солиҳа жуфт ҳалол ё яна бошқа нарсаларни сўраб ой ва йиллар давомида дуо қиласиз. Аммо дуоингиз ижобат бўлмаётганидан ташвишга туша бошлайсиз.

“Нега Аллоҳ дуоларимни қабул қилмаяпти?” деган саволлар ҳаёлингизда тинмай айланади. Аммо Аллоҳ сизга қанча неъматларини тайёрлаб қўйганини билмайсиз! Сиз банда эканингизни эътироф этиб, ноумид бўлмай Аллоҳдан қанча кўп сўрасангиз, қалбингиз шунча юмшайди. Тобора Аллоҳга муҳтож эканингизни тушунасиз. Аслида, ҳар бир олган ва чиқарган нафасимиз Аллоҳнинг бизга берган чексиз неъматидир.

Аллоҳнинг юборган синовлари сабабли банда ожизлигини англаш билан бирга, Аллоҳдан бошқа ҳеч ким унга ёрдам бермаслигини тушуниб етади. Бу банданинг иймонини янада мустаҳкамлайди.

Агар Сиздан “Аллоҳга энг яқин бўлган вақтиниз қачон бўлган?” деб сўрасалар сиз “Оила қурганимда”, “фарзандли бўлганимда” ёки “янги ишга кирганимда” деб айтмайсиз. Балки ҳаётингизнинг энг қийин лаҳзаларини, қийинчиликка дуч келганингизда вазиятдан қандай чиқишни билмай қолганингизни, фарзандингиз касал бўлганда, онангиздан айрилганингизда Аллоҳга янада яқин бўлганингизни эслайсиз.

Сиз ҳаётингизнинг ана шундай энг мушкул вазиятларида Аллоҳга ҳар қачонгидан ҳам кўра кўпроқ ёлвориб дуо қилгансиз.

Нега? Чунки фақат Аллоҳ сизни бу қийинчиликлардан қутқариши мумкинлигини билгансиз. Аллоҳдан бошқа ҳеч ким ёрдам бера олмаслигини англаб етгансиз.

Ҳа, айрим бандалар турли синов-мусибатлар сабабли Аллоҳга юзланади, Роббига қайтади.

Яна баъзи бандаларнинг эса Аллоҳ таолога қайтишига гуноҳ амаллар сабаб бўлади. Бу ҳақда Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳи бундай дейдилар: “Гоҳида У Зот сенга тоат эшигини очади ва қабул эшигини очмайди. Гоҳида сенга гуноҳни тақдир қилади ва у (У Зотга) етишишга сабаб бўлади.

Уламолардан бири айтади: “Банда гуноҳ сабабли жаннатга кириши ва савоб иш туфайли жаҳаннамга тушиши мумкин”, деди. Одамлар таажжубланиб: “Қандай қилиб бундай бўлиши мумкин?” деб сўрашди. Олим уларга: “Банда баъзан гуноҳга қўл уради, кейин ўзига келиб, қилган гуноҳига қаттиқ афсусланади, тинмай афсус-надомат чекади. Охир оқибат унда ўзини паст олиш, синиқлик ва надомат пайдо бўлади. Аввалгидан кўра тоат-ибодатга кўпроқ уринади, ихлос қилади. Натижада бу гуноҳи унинг жаннат сари ҳаракат қилишига сабаб бўлади. Яна бошқа банда бир яхшилик қилиб, кибрга, ужбга, мақтанишга, одамлардан мақтов эшитишга берилади. Айнан шу ҳол унинг ҳалокатига, дўзахга сари етаклайди”.


Даврон НУРМУҲАММАД

 

 

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Бу йилги такбир ташриқ айтиш кунлари қайси кунларга тўғри келади?

30.05.2025   12786   1 min.
Бу йилги такбир ташриқ айтиш кунлари қайси кунларга тўғри келади?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

اللهُ أكبر اللهُ أكبر لا إلهَ إلَّا الله واللهُ أكبر اللهُ أكبر ولله الحَمْد


Ўқилиши: Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар! Лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар! Аллоҳу акбар ва лиллаҳил ҳамд.

Маъноси: Аллоҳ буюк, Аллоҳ буюк. Аллоҳ таолодан ўзга илоҳ йўқ. Аллоҳ буюк, Аллоҳ буюк ва ҳамд Аллоҳ таоло учундир.

Такбири ташриқ 5 июнь бомдод намозидан бошлаб ҳайитнинг тўртинчи куни, яъни 9 июнь аср намозига қадар айтилади:


5 июнь – 5 маҳал,

6 июнь – 5 маҳал,

7 июнь – 5 маҳал,

8 июнь – 5 маҳал,

9 июнь – 3 маҳал.


Жами 23 маҳал намозда такбири ташриқни бир маротаба айтиш вожиб амал саналади.

Ушбу такбир хоҳ жамоат билан, хоҳ ёлғиз ўқилган ҳар бир фарз намоздан кейин айтилади.

Аёллар такбири ташриқни махфий айтадилар.

Намозга кечикиб қўшилган киши ҳам намозини тўлиқ қилгандан кейин такбири ташриқни айтади.

Даврон НУРМУҲАММАД

Мақолалар