Аллоҳ таоло инсониятни озодаликка, жисму иймони, уй-жойи – Ватанини пок тутишга, боғу роғлар ўстирувчи ва Ер юзини обод қилувчилардан бўлишга чақиради.
Юқоридаги чақириққа монанд айни кунларда ЎМИ Бухоро вилояти вакили Жобир домла Элов бошчилигида вилоятимиздаги барча масжид, мадраса ва зиёратгоҳларда яшил маконларни кўпайтириш ишлари уюшқоқлик билан ташкил этилиб, дин пешволари томонидан ҳудудларда яшил майдонлар барпо этилмоқда.
Зеро, ҳадис шарифларда: “Албатта, фаришталар экин ёки кўчат экувчининг ҳаққига, модомики, эккан нарсаси кўкариб тураркан, истиғфор айтиб туришади”, - дейилади.
Яратган Зот бу ҳайрли ишларни бардавом ва барокатли қилсин!
Бухоро вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
Бугун Урганч шаҳар бош имом-хатиби Ҳасанбой домла Кенжаев бошчилигида Гурлан туманидаги “Усмон Саид бобо” жоме масжидида маънавий-маърифий йиғилиш ўтказилди.
Унда имом-хатиблар, вакиллик ходимлари, туман бош имом-хатиблари ва отинойилари, шунингдек, “Ҳаж – 2024” зиёратчилари, маҳалла раислари иштирок этди.
Сўнгра ҳудуддаги оилаларга кирилиб, эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган, ногиронлиги бор оилалар ҳолидан хабар олинди. Айрим сабабларга кўра аразлашиб қолган оилалар имомлар, ҳожиларнинг ҳаёт тажрибасидан келиб чиққан гапларидан таъсирланиб, ярашиб олдилар.
Шунингдек, адашиб ақидаси бузуқ кимсалар тузоғига тушиб қолган фуқаролар билан ҳам суҳбатлар ўтказилиб, уларга исломнинг соф таълимоти ҳақида маълумотлар берилди.
Бундай хайрли ишлар, яъни халққа хизмат қилиб, одамларни рози қилиш, Ҳақнинг розилигига сабаб бўлади, иншоаллоҳ.
Сўнгра имомларнинг йўналишга доир амалга оширган ишлари кўриб чиқилди.
Хайрли дуолар билан ташриф ўз ниҳоясига етди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Хоразм вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати