Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
28 Ноябр, 2024   |   27 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:02
Қуёш
07:26
Пешин
12:16
Аср
15:15
Шом
16:58
Хуфтон
18:17
Bismillah
28 Ноябр, 2024, 27 Жумадул аввал, 1446
Мақолалар

Катта гуноҳларнинг энг каттаси

25.11.2024   2132   4 min.
Катта гуноҳларнинг энг каттаси

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қуръони карим оятлари ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари асосида мусулмон уммати ота-онага оқ бўлиш катта гуноҳларнинг каттаси эканига иттифоқ қилган. Бу борада ҳеч қандай ихтилоф йўқ. Келгуси сатрларда бу борада келган баъзи ҳадиси шариф ва ривоятлар билан яқиндан танишиб, бу мавзуни илмий асосда ва батафсил ўрганишга ҳаракат қиламиз.

عَنِ الشَّعْبِيِّ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «أَلَا أُنَبِّئُكُمْ بِأَكْبَرِ الْكَبَائِرِ: الْإِشْرَاكُ باِللهِ، وَعُقُوقُ الْوَالِدَيْنِ، وَالْيَمِينُ الْغَمُوسُ».

Шаъбийдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен сизларга гуноҳи кабираларнинг энг каттасининг хабарини берайми? Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш ва ёлғон қасам ичиш», дедилар».

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам катта гуноҳларнинг энг катталаридан учтаси ҳақида хабар бермоқдалар.

Аллоҳга ширк келтириш – Аллоҳнинг хотини бор, ўғли бор, шериги бор, деган бузуқ ақийдага эътиқод қилиш дунёдаги энг катта гуноҳ ҳисобланади.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда ширкдан бошқа гуноҳнинг ҳаммасини кечишини ваъда берган. Лекин ширкни кечирмаслигини алоҳида таъкидлаб қўйган.

Ана шундай улуғ, катта, беқиёс гуноҳдан кейинги ўринда турадиган гуноҳ ота-онага оқ бўлиш экан. Ота-онанинг назаридан қолиш, дуойи бадига қолиш, уларнинг норозилигига дучор бўлиш ана шундай оғир нарса.

Шу билан бирга, бир нарсанинг ёлғонлигини билиб туриб, қасам ичиб, ўзининг фойдасига буриб кетиш ҳам энг катта гуноҳлардан биттаси ҳисобланар экан. Аллоҳ таоло булардан Ўзи асрасин.

عَنِ الْحَسَنِ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «مَا تَقُولُونَ فِي الزِّنَا وَالسَّرِقَةِ وَشُرْبِ الْخَمْرِ؟» قَالُوا: اللهُ وَرَسُولُهُ أَعْلَمُ. قَالَ: «هُنَّ فَوَاحِشُ، وَفِيهِنَّ عُقُوبَاتٌ، أَلَا أُنَبِّئُكُمْ بِأَكْبَرِ الْكَبَائِرِ؟» قَالُوا: وَمَا هُنَّ يَا رَسُولَ اللهِ؟ قَالَ: «الْإِشْرَاكُ بِاللهِ، وَعُقُوقُ الْوَالِدَيْنِ، أَلَا وَقَوْلَ الزُّورِ».

Ҳасандан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Зино, ўғирлик ва ароқхўрлик ҳақида нима дейсизлар?» дедилар. «Аллоҳ ва Унинг Расули билгувчи», дейишди.

«Ўшалар фаҳш ишлардир. Уларнинг уқубати бор. Сизларга гуноҳи кабираларнинг энг каттасини айтиб берайми?» дедилар. «Улар нима, эй Аллоҳнинг Расули?» дейишди. «Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш ва билиб қўйинглар, ёлғон гап», дедилар».

Шарҳ: Демак, ота-онага оқ бўлиш зино, ўғирлик, ароқхўрликдан ҳам каттароқ гуноҳ ҳисобланар экан. Уларнинг бу дунёдаги уқубатлари белгилаб қўйилган. Зино қилса, тошбўрон ёки дарра уриш билан жазоланади. Ўғирлик бўлса, қўлини кесиш ёки таъзирини бериш йўлга қўйилади. Хамр ичиб қўлга тушганга ҳам дарра уриш бор.

Лекин Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш ва ёлғон гапдан иборат учта гуноҳларнинг уқубати бу дунёда белгиланмаган бўлиб, азоби охиратга қоладиган нарсалар экан. Шунинг учун улар жуда даҳшатли гуноҳлар ҳисобланади. Шундай экан, ҳар бир мўмин банда бу гуноҳлардан ҳазир бўлиши матлубдир.

عَنِ ابْنِ مَسْعُودٍ قَالَ: إِنَّ مِنْ أَكْبَرِ الْكَبَائِرِ الْإِشْرَاكُ بِاللهِ، وَعُقُوقُ الْوَالِدَيْنِ، وَالْيَمِينُ الْغَمُوسُ.

Ибн Масъуддан ривоят қилинади: «Гуноҳи кабираларнинг энг каттаси: Аллоҳга ширк келтириш, ота-онасига оқ бўлиш ва ёлғондан қасам ичишдир».

Шарҳ: Албатта, бу гапни Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган бўладилар. Буни аввал ўтган ривоятлар ҳам кўрсатиб турибди.

Аллоҳга ширк келтириш, ота-онасига оқ бўлиш ва ёлғондан қасам ичиш гуноҳлари одатда маънавий жиноятлар сифатида содир бўлади. Кўпинча улар гуноҳкорнинг ўзи билган ҳолда, бошқалардан яширин қолади. Шунинг учун уларни содир этганларга шариатда маълум моддий жазо белгиланмаган. Демак, бу жиноятларнинг жазоси бутунлайича охиратга қолиб кетиши хавфи бор. Охиратнинг азобидан эса Аллоҳ таолонинг Ўзи асрасин.

«Яхшилик ва силаи раҳм» китоби 1-жуз.

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Масжиднинг янги биносига илк ғишт қўйилди

26.11.2024   1680   1 min.
Масжиднинг янги биносига илк ғишт қўйилди

Савоб иш қилишга, эзгу амални бажаришга одатланган кишининг кўнгли нурафшон бўлади. Нега? Чунки хайрли амал кишининг қалбини нурлантиради. Шу нур одамнинг юзида балқийди. Бу масжид қуришдек савобли амалларга ўз ҳиссасини қўшаётган азизларимиз тимсолида яққол намоён бўлади. 
 

Бугун Бекобод туманидаги «Янгиобод» жоме масжидининг янги биносига илк ғишт қўйиш маросими бўлиб ўтди. 
 

Тадбирда Тошкент вилояти бош имом-хатиби ўринбосари Обиджон домла Мирҳамидов, Бекобод шаҳар бош имоми Эргашбой домла Ҳамидов, масжид имом-хатиби, маҳалла фаоллари, нуронийларм иштирок этди.
 

Аллоҳга шукр, бугун масжидларимиз қиёфаси кун сайин гўзаллашиб, кўркамлашиб боряпти. Шу билан бирга, масжидларимизни намозхонлар маънавий жиҳатдан ҳам обод қилишмоқда.
 

Илк ғишт қўйилган жоме тез орада фойдаланишга топширилишини Аллоҳ таоло насиб қилсин. 

Тошкент вилояти вакиллиги

Матбуот хизмати

Масжиднинг янги биносига илк ғишт қўйилди Масжиднинг янги биносига илк ғишт қўйилди Масжиднинг янги биносига илк ғишт қўйилди Масжиднинг янги биносига илк ғишт қўйилди Масжиднинг янги биносига илк ғишт қўйилди
Ўзбекистон янгиликлари