Cавол: Бир одам аёлига талоқ берган, кейин яқинларига ўша инсоннинг сеҳрлангани маълум бўлибди. Сеҳр қилинган кишининг талоғи ўтадими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аслида талоқ тушиши учун эрнинг ақл-ҳуши жойида бўлиши шарт. Шунинг учун фуқаҳоларимиз мажнун (ақли заиф), уйқудаги ва беҳуш кишининг талоғи ўтмаслигини таъкидлашган. Худди шунингдек, сеҳр сабабидан ақли жойида бўлмаса, феъл-атвори ўзининг мувозанатидан ташқарида бўлсаю хотинини талоқ қилса, талоғи тушмайди. Агар сеҳр қилинган кишининг ақл-ҳуши жойида бўлиб, ўзининг ҳатти-ҳаракатларини онгли равишда бажараётган бўлса, унинг талоғи тушади. Замондош ҳанафий уламолар сеҳр қилинган кишининг тасарруфи (талоқ, савдо каби ишлари) ҳақида бундай деганлар:
إن فقد عقله فهو غير مكلّف، وإلّا فيكون مكلّفاً
“Агар сеҳр қилинган киши ақл-ҳушини йўқотган бўлса, мукаллаф эмас (яъни талоғи ўтмайди). Аксинча - ақли жойида бўлса, мукаллаф саналади (яъни қилган ишларига жавобгар бўлади)” ("Арийжуз зуҳр” китоби).
Демак, саволда сўралган ҳолатда кишининг талоғи тушиши ақли жойида ёки жойида эмаслигига боғлиқ бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Имом Мусоҳибий шундай деган: «Неъматлар бир меҳмон, уларни иззат-икром қилиш шукр билан бўлади. Балолар ҳам бир меҳмон, уларни иззат-икром қилиш эса сабр билан бўлади».
«Сабр иймоннинг бошидир», дейишади. Агар инсон танаси бошидан жудо қилинса, у ҳалок бўлгани каби сабр бўлмаса, иймон ҳам ҳалокатга юз тутгусидир.
Абдулқодир Жийлоний айтган: «Эй ўғлим, мусибат-бало сени ҳалок қилиш учун келмайди, сабрингни синаш учун келади». Олтин ўтга кирса, сайқалланиб янада чирой очгани каби инсон ҳам мусибат олови орқали сайқалланади.
Закариё Аҳмад
«Ҳилол» журнали 4 (61) сон