Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
"У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: "Ким илм талаб қилиш йўлига юрса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди. Албатта, фаришталар толиби илмни рози қилиш учун қанотларини қўядилар. Албатта, олимга осмондаги зотлар, ердаги зотлар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтадилар. Олимнинг обиддан фазли худди ойнинг бошқа юлдузлардан фазлига ўхшайди. Албатта, олимлар анбиёларнинг меросхўрларидир. Албатта, анбиёлар динорни ҳам, дирҳамни ҳам мерос қолдирмаганлар. Албатта, улар илмни мерос қолдирганлар. Ким ўшани олса, улуғ насибани олибди", деганларини эшитдим, деган эканлар".
Абу Довуд ва Термизий ривояти
Қумқўрғон туманидаги "Хўжамулки" маҳалласида "Маҳаллада ободлик ва меҳр-саховат ойлиги" доирасида кенг жамоатчилик ва аҳоли вакиллари иштирокида қизғин ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. Бу ташаббус маҳалла ҳаётига янгича руҳ бахш этиб, ҳамжиҳатлик ва эзгулик муҳитини янада мустаҳкамламоқда.
Азалий қадриятларимиздан бири бўлган ҳашар анъанаси асосида маҳалла аҳли бир ёқадан бош чиқариб, ўз ҳудудини янада обод, файзли ва кўркам масканга айлантириш йўлида фидокорона меҳнат қилмоқда. Ҳар бир фуқаронинг қалбида Ватанга муҳаббат, маҳаллага эҳтиром туйғуси жўш уриб, улар бунёдкорлик ишларига фаол ҳисса қўшмоқдалар.
Хусусан, маҳалла ҳудудидаги муқаддас қадамжолардан бири – "Хўжамулки ота" қабристонида кенг кўламли тозалаш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Ҳашар иштирокчилари томонидан қабристон ҳудуди бегона ўтлар ва чиқиндилардан пухта тозаланиб, қабр устилари тартибга келтирилмоқда. Шунингдек, зиёратчилар учун қулай шароитлар яратиш борасида зарур ишлар олиб борилиб, аждодлар хотирасига чуқур эҳтиром кўрсатилмоқда.
Бу каби эзгу ташаббуслар маҳаллада ободлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш билан бирга, аждодларимиз хотирасига бўлган ҳурматимизни намоён этади. Айни пайтда, ёш авлодга миллий қадриятларимизни сингдириш, уларни Ватанга муҳаббат ва меҳнатсеварлик руҳида тарбиялашда беқиёс аҳамиятга эгадир. Бугунги ҳашар – келажак авлод учун намуна, эртанги кун учун мустаҳкам пойдевордир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Сурхондарё вилояти вакиллиги Матбуот хизмати