Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Кимки Аллоҳнинг ҳузурида унга нима борлигини билишни истаса, ўзида Аллоҳ учун нима борлигига қарасин».
Имом Суютий «Жомеъус соғир»да ривоят қилиб, Дорақутнийга нисбат берганлар.
Шарҳ: Банда ўзини қайси мавқеъга мос кўрса, Аллоҳ таоло ўша мақомга туширади. Банданинг қалбида Аллоҳнинг манзилати, банда қай даража Аллоҳнинг таниши, маърифати, билиши, Уни олий санаши, Уни улуғлаши қадарича бўлади. Шунингдек, банданинг қалбида Аллоҳдан ҳаё қилиши, Ундан қўрқиши, Унинг амрлари ва қайтариқларини қоим қилишдаги ҳурмати, қалбини хотиржам бўлиши, У Зотга жисми билан, руҳи ва қалби билан таслим бўлмоғи, ишларида Унинг муроқабасини ҳис этиши, Унинг зикрини ўзига лозим тутиши, неъматларига эришиш йўлида машаққатларни кўтариши, маишат роҳатини У учун тарк этишида, У ҳақдаги яхши гумони миқдорича бўлади.
Шунингдек, одамларнинг бу ўриндаги даража ва насибалари юқоридагилардан олган насибалари миқдорича бўлиб, бас, уларнинг насибалари улканроқ даража бўлади, унинг акси бўлса акси қадар бўлади.
Имом Муновийнинг «Жомеъус соғийр»га ёзган шарҳи,
«Файзул қодир»дан.
Бугун, 16 май куни Самарқанд вилояти бош имом-хатиби Аҳмадхон домла Алимов Тайлоқ туманидаги “Ўрта” масжидга борди. Домла жума намозидан олдин “Камтарга камол, манманга завол” мавзусида маънавий-маърифий маъруза қилди.
Маърузада инсоннинг ички камолотга эришишида камтарликнинг нақадар муҳим экани, манманлик ва кибр каби хулқларнинг инсон ва жамият учун келтириши мумкин бўлган салбий оқибатлари ҳақида сўз юритилди. Шунингдек, Ислом ахлоқ-одобининг олий қоидалари, нафсни тарбиялаш, жамиятда ўзаро ҳурмат ва инсофни қарор топтириш каби мавзулар кенг ёритилди.
Жума намозини ўқиш асносида юрт тинчлиги, эл-юрт фаровонлигини сўраб дуо қилдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати