frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Маҳсига масҳ тортиш фарзми, суннатми, вожибми?

26.11.2024   7959   1 min.
Маҳсига масҳ тортиш фарзми, суннатми, вожибми?

Cавол: Маҳсига масҳ тортиш фарзми, суннатми, вожибми? Маҳси кийган одам таҳорат қилганда масҳ тортмасдан намоз ўқиса, намози дуруст бўладими?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Тўлиқ таҳорат билан маҳси кийган кишининг таҳорати синса ва у маҳсини ечмасдан янгидан таҳорат қилмоқчи бўлса, масҳ тортиши фарз бўлади. Агар масҳ тортмасдан намоз ўқиса, намози дуруст бўлмайди. Чунки маҳсига масҳ тортиш оёқни ювиш ўрнидадир. Шундай экан таҳоратда оёқ ювиш фарз эди, маҳсига масҳ тортиш ҳам фарз бўлади. Бу ҳақда "Лубоб" китобида бундай дейилади:


(وفرض ذلك) المسح (مقدار ثلاث أصابع من أصغر أصابع اليد) طولاً وعرضاً

"Маҳсига масҳ тортишнинг фарзи қўлнинг кичик бармоқларидан учтаси миқдоридадир. Бу миқдор қўл бармоғининг бўйи ва энича бўлади (яъни намланган қўллар билан шу миқдорда чизиқ тортади)". Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

“Arab Tourist”: Самарқанд, Бухоро ва Хива — ислом цивилизацияси ва жаҳон маданий меросининг бебаҳо дурдоналари

20.08.2026   62695   1 min.
“Arab Tourist”: Самарқанд, Бухоро ва Хива — ислом цивилизацияси ва жаҳон маданий меросининг бебаҳо дурдоналари

Саудия Арабистонининг туризм ва саёҳатларга ихтисослашган “Arab Tourist” электрон нашрида “Марказий Осиёнинг қоқ марказида жойлашган ва Буюк ипак йўли билан боғланган мамлакат” сарлавҳали таҳлилий мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Мақолада Буюк ипак йўли тарихида ўзбек шаҳарларининг тутган ўрни алоҳида эътироф этилади. Хусусан, Самарқанд, Бухоро ва Хива каби тарихий шаҳарлар асрлар давомида Шарқ ва Ғарб ўртасидаги савдо, фан ва маданият марказлари сифатида хизмат қилгани таъкидланади. Регистон майдони, Ичан-қалъа ва Бухородаги меъморий обидалар ислом цивилизацияси ҳамда жаҳон маданий меросининг бебаҳо дурдоналари сифатида тилга олинади.

Бундан ташқари, нашр Ўзбекистоннинг ранг-баранг табиати ва географик рельефига тўхталиб ўтган. Қизилқум чўли, серҳосил Фарғона водийси, Тянь-Шань ва Помир-Олой тоғ тизмалари аҳоли жойлашуви ва қишлоқ хўжалиги ривожида муҳим ўрин тутиши қайд этилади.

Нашр, шунингдек, Буюк Мирзо Улуғбек каби донишмандларнинг астрономия ва математика соҳасидаги буюк кашфиётларини алоҳида эътироф этган.

Хулосада таъкидланганидек, Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Наманган ва Андижон каби шаҳарлар бугунги кунда нафақат маъмурий ва иқтисодий, балки жадал ривожланаётган йирик маданий-туристик марказлар сифатида дунё сайёҳлари эътиборини ўзига жалб этмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари