Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Аллоҳ таоло, турли сабаб ва ҳикматларга кўра, ҳар бир эркакка бир неча тоифа аёлларнинг никоҳини ҳаром қилган, эр киши уларга уйланиши мум-кин эмас, бундай қилиши ҳаром ҳисобланади. Ким шу ишни қилса, гу-ноҳкор бўлади. Мазкур гуноҳга қолмаслик учун ҳар бир мусулмон бу маса-лани яхшилаб тушуниб олмоғи керак.
Никоҳи ҳаром қилинган аёллар ҳақида Аллоҳ таоло бундай деб марҳамат қилади: «Сизларга оналарингиз, қизларингиз, опа-сингилларингиз, аммаларингиз, холаларингиз, ака-укаларингизнинг қизлари, опа-сингилларингизнинг қизлари, эмизган оналарингиз, эмикдош опа-сингилларингиз, хотинларингизнинг оналари, ўзингиз қовушган хотинларингизнинг қарамоғингиздаги қизлари – агар у(хотин)лар билан қовушмаган бўлсангиз, сизга гуноҳ йўқ – ва пуштингиздан бўлган ўғилларингизнинг хотинлари ҳамда опа-сингилни жамламоғингиз ҳаром қилинди. Аввал ўтгани мустасно. Албатта, Аллоҳ Fафур ва Роҳиймдир. Қўлларингиз мулк қилиб олганлардан бошқа эрли аёллар ҳам (ҳаром қилинди. Бу) сизларга Аллоҳнинг битганидир» («Нисо» сураси 23-24‑оятлар).
Исломдан бошқа дин ва жамиятларнинг ҳам ушбу масалада ўз таълимотлари ва ҳукмлари бор. Уларнинг баъзилари Исломники билан тўғри келса, кўплари нотўғридир. Баъзи тузумларда Аллоҳ таоло ҳаром қилган тоифадаги аёлларнинг никоҳини ҳалол қилишган. Ҳатто онасига уйланишга ҳам рухсат берилган. Бошқа бир тузумларда эса қабиласи бошқа, танасининг ранги бошқа, табақаси бошқа ёки шунга ўхшаш бошқа шартлар билан аёлларнинг никоҳи ҳаром қилинган.
Ислом эса улкан ҳикматларни эътиборга олиб, насаб алоқаси, эмикдошлик алоқаси ва қудачилик алоқаси туфайли маълум тоифа аёлларнинг никоҳини маълум тоифа эркакларга ҳаром қилган. Келинг, буларни бирма-бир ўрганиб чиқайлик.
Насаб алоқаси туфайли никоҳи ҳаром бўлган аёллар:
«Сизларга оналарингиз, қизларингиз, опа-сингилларингиз, аммаларингиз, холаларингиз, ака-укаларингизнинг қизлари, опа-сингилларингизнинг қизлари» ҳаром қилинди.
1. Никоҳи ҳаром қилинган аёллар тоифаси ояти каримада «оналар»дан бошланган.
«Она»га момолар ҳам киради. Яъни ўз онасига ҳам, ота-онасининг оналарига ҳам эркакнинг никоҳланиши ҳаромдир. Буни шарҳлашга ҳожат бўлмаса керак. Ўз онасига эрлик қилиш нафақат инсонга, балки ваҳший ҳайвонлар табиатига ҳам зиддир. Ахир, у онасининг бир парчаси ҳисобланади.
Бунинг устига, насаб жиҳатидан яқин бўлган кишиларнинг никоҳи икки томон соғлиғи учун ҳам зарар экани ҳаммага маълум. Улардан бўлган фарзандлар нимжон, касалманд ва ногирон бўлиб туғилиши аниқланган.
2. Кейинги тоифа «қизларингиз»дир.
Бунга кишининг ўзидан тарқалган зурриётлари, жумладан, набира қизлари ва улардан кейинги табақалар ҳам киради.
Ўз жигаргўшаси бўлмиш қизининг эри бўлишни ўзига эп кўриш учун инсон инсонликдан чиқиши керак! Бу иш инсоний табиатга мутлақо зид бўлганлиги учун ҳам Ислом шариатида ҳаром қилинган.
3. «Опа-сингилларингиз».
Туғишган бўлса ҳам, ота бир-у она бошқа ёки она бир-у ота бошқа бўлса ҳам, опа-сингилларнинг никоҳлари ҳаромдир.
Аввало, буларнинг асллари бир: бир қондан, бир қоринда пайдо бўлиб, бир хил сутдан катта бўлганлар. Инсонийлик табиатининг ўзи уларнинг эру хотин бўлишини кўтармайди. Уларнинг никоҳларидан келадиган тиббий зарарлардан ташқари, ижтимоий зарарлари ҳам кўп.
Агар мазкур шахслар орасида никоҳ жоиз бўлса, улар бир оила аъзолари сифатида бирга яшаш ва инсоний алоқаларда бўлиш имконига эга бўлмай қоладилар. Чунки никоҳи жоиз бўлган эркак-аёл бир жойда туриши, ёлғиз қолиши кўплаб муаммоларни келтириб чиқаради. Хотин эрини унинг опа-сингилларидан ҳам қизғанадиган бўлиб қолади. Бу мулоҳаза бошқа тоифаларга ҳам жорийдир.
4. «Аммаларингиз, холаларингиз».
Булар билан ҳам насаб алоқалари мавжуд бўлиб, бу одамлар ҳам юқорида зикр қилинган тоифаларга ўхшашдир. Амма-холалар, одатда, онанинг ўрнига ўтадиган, ота ва она тарафнинг вакиллари ҳисобланадилар. Улар билан никоҳда бўлиш, соғлиқ, ахлоқ-одоб ва қариндошлик жиҳатларидан катта зарарлар келтиради.
5. «Ака‑укаларингизнинг қизлари, опа-сингилларингизнинг қизлари».
Булар ҳам насаб томонидан алоқадор бўлиб, аввалги зикр қилинган ва яна Аллоҳ таолонинг Ўзи биладиган бошқа ҳикматлар учун улар орасида никоҳ ҳаром қилинган.
Эмизиш туфайли никоҳи ҳаром бўлган аёллар.
6. «эмизган оналарингиз, эмикдош опа-сингилларингиз»нинг никоҳи ҳаром қилинди.
Бу жумлада эмиш орқали никоҳи ҳаром бўлган аёллар зикр қилинмоқда. Ояти каримада фақат икки тоифа – эмиш туфайли аслга айланганлар, яъни – она бўлганлар ва уларнинг шохобчалари бўлмиш эмикдош опа‑сингилларгина зикр қилинмоқда.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом эса бу борада: «Насаб жиҳатидан (никоҳи) ҳаром бўлганлар эмиш жиҳатидан ҳам ҳаром бўладилар», – деганлар. Яъни насаб жиҳатидан қайси тоифадаги аёлларга никоҳланиш ҳаром бўлса, сут қардошлик туфайли ҳам ўша тоифаларнинг никоҳи ҳаром бўлади.
Бундай ҳукмлар остига кирадиган эмишнинг шарти шуки, икки ёшдан кичик бўлган гўдакнинг қорнига ўз онасидан бошқа бир аёлнинг сути етиб бориши керак. Ана ўшанда у аёл боланинг онасига, эри эса отасига, болалари ака‑укаси ва опа-сингилларига айланадилар. Шунингдек, бошқа қариндошлари ҳам эмган болага хеш бўладилар. Бу ҳукмнинг тўла ҳикмати Аллоҳнинг Ўзига маълум. Аммо баъзи ҳикматлари ушбу ояти карима нозил бўлганидан бир неча асрлар ўтиб, маълум бўлди. Гўдакнинг суяги ва эти она сутидан шаклланар экан. Бир онанинг сутини эмиб катта бўлган инсонларнинг физиологик хусусиятлари бир хил шаклланганлиги туфайли улар орасида никоҳ алоқаси бўлса, ўзларига ҳам, улардан бўлган болаларга ҳам катта зарар етади. Буни мусулмонлардан бошқалар энди-энди тушуниб келмоқдалар.
(давоми бор)
"Бахтиёр оила" китобидан
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Имом Тобароний, Ҳоким ва Байҳақийлар ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қайси бир қавм закотни бермаса, албатта, Аллоҳ уларни қаҳатчиликка гирифтор қилади», деганлар.
Камбағалларнинг ҳаққини поймол қилган ҳар қандай жамият ана шу офатга лойиқдир. Оч-наҳор юрган кишиларнинг ҳаққини бермаган бойларнинг ўзлари ҳам қаҳатчиликка учраб, ноилож ҳолга тушишлари, оч-наҳор қолишлари мумкин. Ҳозирги кунда баъзи юртларда очарчилик-қаҳатчилик бўлиб тургани ҳам бежиз эмас. Ана шу юртларда бўлаётган қаҳатчилик бошқаларга сабоқ бўлиши лозим.
Имом Ибн Можа, Байҳақий, Баззор ва Ҳокимлар Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Молларининг закотини бермасалар, албатта, осмондан ёмғир ёғмас», деганлар.
Демак, баъзи юртларда бўлиб турган қурғоқчиликлар ҳам бежиз эмас. Бу ҳодисалар ҳам бева-бечора, камбағал-мискинларнинг ҳаққини поймол қилган жамиятларда юзага келади.
Имом Бухорий, Имом Шофеъий, Имом Байҳақийлар ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қайси молга садақа-закот аралашган бўлса, албатта, уни бузади», деганлар. Яъни, закотини бермаса ҳам, бой бўла туриб, закот олиб, молига қўшиб олса ҳам ўша закот молнинг ҳаммаси қирилиб кетишига сабаб бўлар экан.
Моллари тез-тез ҳалокатга учраётган кишиларни кўрганимизда бу иш бекорга бўлмаётганини ўйлаб, хулоса чиқаришимиз ҳамда молимиз нисобга етиши билан дарҳол закотини бермоғимиз керак.
Яна шуни унутмаслик керакки, закотни бермайдиганларга шариатимиз томонидан белгиланган жазо ҳам бор. Бу жазо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларидан бирида ўз аксини топган.
Имом Насаий, Имом Аҳмад, Имом Абу Довуд ва бошқалар Муовия ибн Хайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким у(закот)ни ажр тилаб берса, унга ажр бор. Ким уни ман қилса, албатта, биз ҳам унинг молининг ярмини оламиз. Бу Роббимизнинг азиматларидан биридир. Оли Муҳаммадга ундан бирор нарса ҳалол бўлмас», деганлар.
Хулоса шуки, мусулмон киши молининг закотини ажру савобдан умидвор бўлиб, бериши керак. Закотини бермаган одамнинг закоти ва унга қўшимча равишда молининг ярми ҳам исломий ҳукумат томонидан олиниб, закотга ҳақдорларга тарқатилади. Закот ёки у сабабли олинган мол Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли байтларига ҳалол бўлмайди. Шунингдек, закот олишга ҳаққи йўқ бўлган бой кишиларга ҳам ҳалол бўлмайди. Бу мол фақир-фуқаро, бечора камбағалларникидир.
«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди