Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
عَنْ صَخْرٍ الْغَامِدِيِّ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: اللَّهُمَّ بَارِكْ لِأُمَّتِي فِي بُكُورِهَا، قَالَ: وَكَانَ إِذَا بَعَثَ سَرِيَّةً أَوْ جَيْشًا بَعَثَهُمْ أَوَّلَ النَّهَارِ، وَكَانَ صَخْرٌ رَجُلًا تَاجِرًا، وَكَانَ إِذَا بَعَثَ تِجَارَةً بَعَثَ أَوَّلَ النَّهَارِ فَأَثْرَى وَكَثُرَ مَالُهُ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَحَسَّنَهُ. وَاللهُ أَعْلَمُ.
Сохр ал-Ғомидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳим! Умматимга саҳарини баракали қилгин!» дедилар.
У зот лашкар ёки «сарийя» юборадиган бўлсалар, эрта тонгда юборар эдилар.
Сохр тожир одам эди. Қачон тижорат (карвони) юборадиган бўлса, эрта тонгда юборар эди. У бой бўлиб, моли кўпайиб кетди».
Термизий ривоят қилди ва ҳасан, деди. Аллоҳ билгувчироқдир.
Саҳархезлик яхши ва баракали эканлиги, бу ишга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари кетганлиги ва айниқса, тижорат ишида тажрибадан ўтганлиги таъкидлаб айтилмоқда.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ораларида бўлмаган мусулмон жангчиларнинг гуруҳи «сарийя» деб аталган. Ҳатто лашкар ҳам эрта тонгда ҳаракатга киришса, унга зафар ёр бўлар экан.
Ушбу ҳадиснинг ровийси Сохр ал-Ғомидий ўзлари ривоят қилган ҳадисга оғишмай амал қилганлари туфайли бойиб кетган эканлар.
Ҳар бир нарсада эрта саҳардан ҳаракат қилиш жуда ҳам фойдали ва баракотлидир. Чунки бунга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари кетган. Тажриба ҳам шуни кўрсатади. Нима иш қиладиган бўлсак, эрта саҳардан бошлашга одатланишимиз керак. Ўз меҳнати билан ризқу рўз топиш Ислом умматининг энг яхши авлоди – саҳобаи киромларнинг, энг кўзга кўринган сиймоларнинг одатлари эди.
Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Оиша онамиз розияллоҳу анҳо: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари ўзларига ўзлари хизматчи эдилар. Уларнинг ҳидлари чиқиб кетар эди. Ғусл қилиб олсаларингиз, деб айтилди», деганлар.
Яъни, саҳобаи киромлар тижорат, зироат ва саноатда куйиб-пишиб ишлаганларидан терлаб, уларда нохуш ҳидлар пайдо бўлар экан. Шунинг учун уларга ғусл қилиб олиш тавсия қилинган экан.
Имом Бухорий Анас розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда қуйидагилар айтилади: «Абдурраҳмон ибн Авф Мадинага келганида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уни Саъд ибн Робиъ ал-Ансорий билан биродар қилиб қўйдилар. Саъд бой одам эди. У Абдурраҳмонга «Сенга молимнинг ярмини бераман, сени уйлаб қўяман», деди. У эса: «Аллоҳ сенинг аҳлингга ҳам, молингга ҳам барака берсин. Менга бозорни кўрсатиб қўйинглар», деди.
У ўша ердан аҳли байти учун қурут ва сариёғ орттириб келди. Бир оз (ёки Аллоҳ хоҳлаганича) вақт ўтганидан кейин у устида сариқ бўёқ билан келди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:
«Бу қаердан?!» дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, ансорийлардан бир аёлга уйландим», деди.
«Унга нима тақдим қилдинг?» дедилар.
«Бир данак тилло (ёки бир данак вазнича тилло)», деди.
«Битта қўй сўйиб бўлса ҳам тўй қил», дедилар».
Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу Саъд ибн Робиъ розияллоҳу анҳунинг мол-мулкини олиб, у уйлаб қўйган аёл билан роҳатда яшасалар бўлар эди. Лекин бундай қилмадилар. Ўз касблари билан ҳаёт кечиришни афзал кўрдилар. Шундай бўлди ҳам.
Касб қилишдан мурод ризқ топишдир. Ризқ топишга ҳаракат қилган ҳар бир одам иложи борича осон йўл билан кўпроқ ризқ топишни хоҳлайди. Ҳар бир одам ҳам ризқи кенг ва мўл бўлишини истайди. Хўш, бу орзуга эришишнинг йўли қандай?
Имом Бухорий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким ризқининг кенг бўлишидан ёки умрининг узоқ бўлишидан хурсанд бўлса, силаи раҳм қилсин», деганлар.
Демак, ота-онага, қариндош-уруғларга яхшилик қилиш лозим экан.
«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди
Ғам-қайғусиз ҳаётни кутиб яшаётган қизга «Сиз кутаётган кун бу дунёда ҳеч қачон келмайди», деб айтиш керак.
Аллоҳ таоло «Биз инсонни машаққатда яратдик», деган (Балад сураси, 4-оят).
Бу ҳаёт – ғам-ташвишли, азоб-уқубатли, машаққатли ҳаётдир. Мўмин одам буни жуда яхши тушунади. Бу дунёда қийналса, азоб чекса, охиратда албатта хурсанд бўлишини билади. Инсон мукаммал бахтни фақатгина охиратда топади. Шунинг учун улуғлардан бирига «Мўмин қачон роҳат топади?» деб савол беришганда, «Иккала оёғини ҳам жаннатга қўйганида», деб жавоб берган экан.
Аллоҳнинг меҳрибонлигини қарангки, охират ҳақида ўйлаб, унга тайёргарлик кўриш ҳаётни гўзал қилади, қайғуларни камайтириб, унинг салбий таъсирини енгиллатади, қалбда розилик ва қаноатни зиёда қилади, дунёда солиҳ амалларни қилишга қўшимча шижоат беради, мусибатга учраганларни бу ғам-ташвишлар, азоб-уқубатлар бир кун келиб, бу дунёда бўлсин ёки охиратда бўлсин, барибир якун топишига ишонтиради. Охират ҳақида ўйлаб, фақат солиҳ амаллар қилишга интилиш инсонни бахтли қилади.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Кимнинг ғами охират бўлса, Аллоҳ унинг қалбига қаноат солиб қўяди, уни хотиржам қилиб қўяди, дунёнинг ўзи унга хор бўлиб келаверади. Кимнинг ғами дунё бўлса, Аллоҳ унинг дардини фақирлик қилиб қўяди, паришон қилиб қўяди, ваҳоланки дунёдан унга фақат тақдир қилинган нарсагина келади».
Аллоҳ таоло фақат охират ғами билан яшайдиган (охират ҳақида кўп қайғурадиган, ҳар бир амалини охирати учун қиладиган) қизнинг қалбини дунёнинг матоҳларидан беҳожат қилиб қўяди. Қарабсизки, бу қиз ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзини бахтли ҳис қилади, ҳаётидан рози бўлиб яшайди. Хотиржамликда, осойишталикда, қаноатда яшагани учун истамаса ҳам қўлига мол-дунё кириб келаверади. Зеро, Аллоҳ таоло охират ғамида яшайдиган, шу билан бирга, ҳаётий сабабларни ҳам қилиш учун ҳаракатдан тўхтамаган кишининг ризқини кесмайди, уни неъматларига кўмиб ташлайди.
Аммо Аллоҳ таоло бор ғам-ташвиши дунё бўлган қизни фақирлар қаторида қилиб қўяди. Бундай қиз мол-дунёга кўмилиб яшаса ҳам, ўзини фақир, бечора ҳис қилаверади. Натижада дарди янгиланаверади, дардига дард қўшилаверади, фикрлари тарқоқ бўлиб, изтиробга тушади. Афсуски, шунча елиб-югургани билан фақат дунёнинг неъматларига эриша олади, охиратда насибаси бўлмайди.
Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ,
Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.