Cавол: Мен макулатура сотиш билан шуғулланаман. Гоҳида ушбу қоғозлар орасидан эскирган Қуръон варақлари ва бошқа диний ёзуви бор қоғозлар ҳам чиқиб қолади. Уларни нима қилсам бўлади?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Маълумки, динимизда Аллоҳ таолонинг каломи ҳамда гўзал исмлари ёзилган қоғоз ва бошқа нарсаларни хорлаш ёки беҳурмат қилишдан қайтарилган, аксинча уларни эъзоз ва эҳтиром қилишга буюрилган. Шунинг учун, бундай муқаддас битикли қоғозларни макулатурага топшириш мутлақо ярамайди.
Аллоҳ таоло бу ҳақида бундай хитоб қилади:
ذَلِكَ وَمَنْ يُعَظِّمْ شَعَائِرَ اللَّهِ فَإِنَّهَا مِنْ تَقْوَى الْقُلُوبِ
“Гап шудир: Кимки Аллоҳнинг шиорларини улуғ деб билса, бас, албатта, бу дилларнинг тақвосидандир” (Ҳаж сураси, 32 оят).
Демак, оят ва ҳадислар ёзилган китоб ёки варақлар ўқиш учун яроқли бўлса, уларни ҳеч бир йўл билан йўқ қилиш жоиз бўлмайди, балки уларни фойдаланадиган кишиларга топшириш лозим.
Аммо улар эскириб, ўқишга яроқсиз ҳолатга келиб қолган бўлса, уларни тоза бир латтага ўраб, оёқ ости қилинмайдиган ерга кўмилади. Бу ҳақда Аллома Ҳаскафий роҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Фойдаланиб бўлмайдиган китоблардан Аллоҳ таолонинг фаришталар ва Пайғамбарларнинг исми ўчирилади ва ёқиб юборилади. Ўчирмасдан туриб ҳам оқар сувга оқизиб юборишнинг зарари йўқ. Кўмиш ҳам мумкин. Кўмиш энг афзал йўлдир. Зеро, Анбиёлар ҳам дафн этилганлар” (“Дуррул мухтор” китоби).
Демак, сизнинг қўлингизга келиб тушган муқаддас ёзувли варақларни имкони бўлса, кўмилади ёки ёқилади. Агар бу иш машаққат туғдирса, махсус воситалар ёрдамида ёзувларини кетказиб, қайта ишлаш мумкин.
Ҳозирга келиб эса, қоғозлардаги ҳар қандай ёзувларни кеткиза оладиган махсус воситалар ишлаб чиқилган. Шунга кўра, замонавий фатво марказлари ёзув ва ҳарфлари тўлиқ ўчирилган ва махсус ишлов берилган қоғозларни қайтадан фойдаланиш мумкинлигига фатво бермоқдалар. Бунинг сабаби улардаги оят ва ҳадис ҳамда бошқа диний ёзувлардан асар қолмаганидир.
Бу ҳақда Аллома Ибн Нужайм роҳимаҳуллоҳ бундай деганлар: "Қуръон ёзилган лавҳ (доска, тахта)ни ўчириб, уни дунё ишига ишлатса, жоиздир" ("Ал-Баҳр ар-Роиқ" китоби).
Бундан ташқари олдинги вақтларда қоғоз ва китоблар кам бўлгани учун, уларни ерга кўмиш машаққат эмас эди. Ҳозирда эса, уларнинг ҳажм ва миқдори кўпайгани сабабли бу миқдордаги китоб ва қоғозларни кўмиш катта машаққат ва сарф-харажат талаб қилади. Динимиз эса, машаққатга буюрмайди.
Шу билан бирга уларни кўмиб юборилса, ҳеч ким фойдалана олмайди. Аммо уларни қайта ишлаб қоғоз ҳолига келтирилса, қайтадан фойдаланиш мумкин. Бироқ, шуни ҳам таъкидлаш жоизки, ушбу амалиёт жараёнида мусҳаф ёки оят ёзилган қоғозларни ушлашда уларнинг ҳурматини жойига қўйиш, таҳоратли ёки қўлқопли бўлиш лозим бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази
Динимизда покликка алоҳида эътибор қаратилган. Ибодатларнинг улуғларидан бири намоз амалини дуруст бўлиши таҳоратга боғлиқ. Намозда таҳорат тўлиқ ва мукаммал бўлиши керак. Таҳорат масаласи ҳақида Қуръони карим ва ҳадисларда кўплаб ҳукмлар келган.
Хусусан аждодимиз, буюк муҳаддис Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий раҳимаҳуллоҳ ҳам ўзларининг «Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ» асарида алоҳида бўлим очиб унга «Таҳорат китоби» деб ном берган. Ва энг аввал бобни таҳорат ҳақида келган Моида сурасининг “Эй иймон келтирганлар! Намозга турмоқчи бўлсангиз, юзларингизни ва қўлларингизни чиғаноқлари ила ювинглар. Бошларингизга масҳ тортинглар. Ва оёқларингизни тўпиқлари ила ювинглар” деган 6-оятини келтирган. Ва давомида “Набий алайҳиссалом таҳоратни бир марта, икки марта ва уч марта қилинишини баён қилдилар”, деган.
Кейин эса “Таҳоратсиз намоз қабул бўлмайди” деб иккинчи бобга ном берди ва унда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ҳадисини келтирди. У ҳадисни Имом Бухорийга устози Исҳоқ ибн Иброҳим Ҳанзалий айтди, унга Абдурраззоқ, унга Маъмар, унга Ҳаммом ибн Мунаббиҳ айтди, у Абу Ҳурайрадан эшитган. Абу Ҳурайра айтади: “Расулуллоҳ соллалллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб, бетаҳорат киши таҳорат қилмагунича намози қабул қилинмайди, дедилар. Бир киши шу вақтда “Эй Абу Ҳурайра, таҳоратни нима синдиради?" деди. У зот, овозли ва овозсиз ел", дедилар.
Ҳадисда “қабул бўлмайди” дейилди. Аллома Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ, бу ердаги намоз қабул қилинмасилиги “қабули исобат” топилмагани учундир, деганлар. Яъни, намоз фиқҳий қоидалар асосида адо қилинмаган, сабаби намозни шарти бўлган таҳорат бўлмагани учун ибодат қабул бўлмайди.
Аслида “қабул” сўзи Аллоҳ таоло қабул қилган амалга ишлатилади. Намозхон ибодатни “қабули исобат” билан, яъни фиқҳий қоидалар асосида адо қилган бўлса-да, унга риё аралаштирса, Аллоҳ қабул қилмаган бўлади, бунда “қабули ижобат” топилмаган ҳисобланади.
Матндаги “ла туқбалу – қабул қилинмайди” деган жумлани “қабули исобат” ёки “қабули ижобат” деб тақсимлашга ҳожат йўқ. Чунки “ла туқбалу” “мардуд” маъносида, яъни намоз таҳоратсиз рад қилинади, деганидир.
Ҳадисда Абу Ҳурайра таҳоратни бузадиган икки нарсани санади, у зотнинг наздида шу икковигина таҳоратни бузадими, дейилса, бунга уламолар жавоб беришади:
Биринчи эҳтимол: Ҳа, фақат шу иккиси бўлиши мумкин;
Иккинчи эҳтимол: Аломма Кашмирий айтади, бу савол-жавоб масжидда бўлган. Масжидда эса таҳорат синиши шу иккиси билан бўлади. Ва яна одамларни наздида бу иккиси таҳорат синдирадиган нарса эмас, деб ўйлаган бўлишлари мумкин. Шу иккинчи эҳтимол уламолар наздида биринчи эҳтимолдан рожиҳ – афзалроқ.
Демак, таҳорат намозни дуруст ё нодуруст бўлишига сабаб бўлиб, ҳар бир намозхон таҳоратга катта эътибор қаратиш лозим.
Абдулбосит Мелибоев,
Тошкент Ислом институти талабаси.