Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Сохр ал-Ғомидий ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳим, умматимнинг барвақт (қилган ишлари)да барака бергин!” деб дуо қилдилар. У зот қўшинни бирон жойга жўнатмоқчи бўлсалар, куннинг аввалида жўнатар эдилар”. Сохр тижоратчи киши эди. У ҳам тижорат карвонини куннинг аввалида жўнатар эди. Натижада унинг мол-дунёси кўпайиб, бойиб кетди (Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа, имом Аҳмад, имом Табароний, Ибн Ҳиббон “Саҳиҳ”да ривоят қилган. Ибн Можа Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан қилган ривоятда: “Эй Аллоҳим, умматимнинг пайшанба кунги барвақт (қилган ишлар)ида барака бергин!” дейилган).
Ушбу ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонларидан эрта тонгда мусулмонлар бажарган ишларнинг баракали бўлишини сўраб қилган дуолари ва бунинг тасдиғи ўлароқ ҳадис ровийсининг ҳаётидан ибратли воқеа ҳам келтирилмоқда.
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳим, умматимнинг барвақт (қилган ишлари)да барака бергин!”, деб дуо қилдилар. У зот қўшинни бирон жойга жўнатмоқчи бўлсалар, куннинг аввалида жўнатар эдилар.
Яъни: Аллоҳим, менинг умматим ичидан эрта тонгда барвақт амал қилувчиларнинг амалларига, касб-кор қилувчиларнинг касбларига, илм талабида бўладиганларнинг илмларига барака бергин. Уларнинг ишлари ва амалларини серунум, ривожли ва давомли қилгин!
Мазкур дуо орқали, ўз навбатида у зот умматларини ҳар қандай ишни бажаришда барвақт ҳаракат қилиш, эрта тонгдан ризқ ёки илм талабида бўлишга тарғиб қилмоқдалар.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда тунни уйқу вақти, кунни эса тирикчилик олиб борадиган пайт қилиб қўйганини айтган. Шунга биноан, куннинг аввалидан ҳаракатда бўлиш яхши натижаларга сабаб бўлади.
Умматларини эрта туришга ва барвақт ҳаракатда бўлишга ундаган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган гапларига энг аввал ўзлари амал қилардилар. Агар у зот бирон ерга вазифа билан кичик бир гуруҳ ёки каттароқ қўшинни юбормоқчи бўлсалар, куннинг аввалида юборардилар.
“Сохр тижоратчи киши эди. У ҳам тижорат карвонини куннинг аввалида жўнатар эди. Натижада унинг мол-дунёси кўпайиб, бойиб кетди”.
Ушбу ҳадис ровийси Сохр ибн Вадоъа ал-Ғомидий тижорат билан шуғулланар экан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига эргашиб, Сохр ҳам бирон ерга савдо карвони юбормоқчи бўлса, куннинг аввалида барвақт жўнатарди. Суннатга астойдил амал қилгани, қолаверса, эрта тонгда ризқ талабида бўлгани учун унинг савдосига барака кириб, ишлари олға силжий бошлади. Натижада Сохр розийаллоҳу анҳу бой-бадавлат кишилардан бирига айланди.
Оиша розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қиладилар: “Ризқ талабида барвақт ҳаракат қилинглар! Зеро, эрталабдан ҳаракат қилиш барака ва муваффаққият(омили)дир” (Имом Табароний “Авсат”да ривоят қилган).
Ҳар биримиз эрта тонгдан ризқ талабида бўлишга ҳаракат қилишимиз керак. Чунки барвақт қилинган ҳаракат барака ва ютуқлар калитидир. Бунга ҳеч қандай шак-шубҳа йўқ. Сабаби буни Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари айтиб турибдилар. Аввалги саҳиҳ ривоятда ҳам бу маъно таъкидланган эди.
Олдин айтиб ўтганимиздек, “ризқ” бир тарафдан моддий неъматларни, иккинчи тарафдан эса маънавий-руҳий неъматларни ҳам ўз ичига олади. Чунончи, ақл, илм, идрок, зеҳн ва шу кабилар ҳам инсонга бериладиган ризқдир. Шу сабаб ҳам, китобларимизда эрта тонгда илм талаб қилишга тарғиб қилинади ва уламолар ҳаётидан ибратли ҳолатлар мисол қилиб келтирилади. Эрта тонгда илм талаб қилишнинг фазилатли эканига сабаб шуки, ҳадисда айтилаётганидек, бу пайт баракалидир. Маълумки, уйқудан уйғонгач, инсон танасида тетиклик, миясида ҳам бардамлик кузатилади. Бундан ҳолатда ўқилган илм, ёд олинган оят ёки ҳадис хотирага мустаҳкам ўрнашади ва зеҳнга яхши сингийди. Хуллас, хоҳ дунёвий ҳожат бўлсин, хоҳ ухровий – зикр ва дуо каби ибодатлар бўлсин, агар улар эрта тонг адо этилса, Аллоҳ бундай ишларга барака ва ривож ато этади.
Амр ибн Усмон ибн Аффон отасидан ривоят қилади:Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Тонгги (уйқу) ризқни(нг келиши)ни тўсади” (Имом Аҳмад ва Байҳақий ривояти. Ушбу ҳадиснинг санади заиф).
“Ризқни тўсади” жумласи “ризқнинг баракали бўлишини ман қилади” маъносини англатади. Зеро, тонг чоғида то қуёш чиққунча ухлаб ётувчи қанчадан-қанча одамлар борки, улар ризқдан бутунлай маҳрум бўлиб қолмайдилар. Балки уларнинг ризқида барака ва ишларида унумдорлик бўлмайди.
“Файзул-қодийр” китобида шундай дейилган: “Кимки кунини хайрли суратда бошласа, қолган қисми ҳам хайрли-баракали бўлади. Ишлари ўнгидан келади. Аллоҳ тарафидан ўша банданинг ризқига барака берилади. Ривоятларда келишича, қуёш чиққунча бўлган вақт оралиғида ризқлар тақсимланар экан. (Уйғоқ бўлиш билан) ризқ тақсимотида иштирок этмаган банда ундан маҳрум бўлган билан баробардир. Чунки, тонг отгач ҳам уйқудан уйғонмаган банда ўрнидан ланж ва дили хира бўлиб туради. Тирикчилиги ва касб-корида ҳам шижоат ва серғайратлилик йўқолиб, ишига ҳафсаласизлик билан ёндашади. Шу зайл ризқининг баракаси кетади”.
Али розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуёш чиқишидан олдинги уйқудан қайтарганлар” (Ибн Можа ривояти. Ҳадиснинг санади заиф).
“Қуёш чиқишидан олдинги уйқу” бу тонг пайтидаги уйқудир. Аввалги ҳадисда эрталабки уйқу ризқнинг баракасини кетказиши айтилган бўлса, бу ерда ўша вақтда ухлашдан қайтарилмоқда. Чунки тонг чоғи, яъни бомдод намозидан кейинги вақт зикр-тасбеҳ, таҳлил, истиғфор айтиш ёки ризқ талабида ҳаракат қилиш учун қулай фурсатдир.
Бағавийнинг “Шарҳус сунна” китобида: “Бизга хабар қилинишича, Ер бомдод намозидан кейин ухловчи олимдан шикоят қилиб, Аллоҳга мурожаат қилар экан”, дейилган.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қизлари Фотима розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Мен тонг пайтида ухлаб ётганимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдимдан ўтиб қолдилар. У зот мени оёқлари билан қимирлатиб: “Эй қизалоғим, тур, Роббингнинг ризқ (тақсимлаш)ига гувоҳ бўл. Асло ғофиллардан бўлма! Зеро, Аллоҳ азза ва жалла тонгдан қуёш чиққунча бўлган пайт оралиғида одамлар ризқларини тақсимлайди”, дедилар (Байҳақий ривояти. Ҳадиснинг санади заиф).
Ушбу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тонг чоғидаги уйқудан қайтарганлари яна бир бор таъкидланмоқда. Хуллас, банда тонг пайтида уйғоқ ҳолда бўлиб, бирон манфаатли иш билан машғул бўлиши, дунё ва охират ободлиги учун интилиши лозим.
Одилхон қори Юнусхон ўғли
Инсонга меҳр кўрсатиш, муҳтожнинг ҳолидан хабар олиш, беморга тасалли бериш ва эҳтиёжмандларга кўмак қўлини чўзиш халқимиз маънавиятининг азалий фазилатларидандир. Ислом таълимотида ҳам саховат, меҳр-оқибат ва инсон қадрини улуғлаш энг улуғ амаллардан бири сифатида эътироф этилган. Чунки бир инсоннинг кўнглини кўтариш, унинг қалбига умид ва ишонч бағишлаш жамиятда меҳр-муҳаббат, ҳамжиҳатлик ва тотувликни мустаҳкамлайди.
Шу эзгу қадриятларни ҳаётга татбиқ этиш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш ва юртдошларимиз қалбида меҳр-шафқат туйғуларини янада кучайтириш мақсадида 2026 йил 13 август куни Самарқанд вилояти Ургут туманида кенг кўламли маънавий-маърифий ҳамда хайр-саховат тадбирлари ўтказилди.
Мазкур хайрли тадбирларда Самарқанд вилояти бош имом-хатиби вазифасини вақтинча бажарувчи Нурсултонхон домла Абдуманнонов, вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Хайрулло домла Саттаров, ВАҚФ хайрия жамоат фонди Самарқанд вилояти филиали раҳбари Ёқубжон домла Мансуров, унинг ўринбосари А.Султонов, шаҳар ва туман бош имом-хатиблари, «Ҳаж–2026» зиёратчилари, маҳалла фаоллари ва нуронийлар иштирок этдилар.
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ўтказилган ушбу хайрли акция доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган ва боқувчисидан айрилган 300 та оила ҳолидан хабар олинди. Уларнинг хонадонларига ташриф буюрилиб, турмуш шароитлари ўрганилди, оилаларга зарур озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.
Ташрифлар давомида бемор ва кексаларнинг ҳолидан хабар олиниб, улар билан самимий суҳбатлар ўтказилди. Уларнинг ҳаққига шифо, хонадонларига файзу барака, юртимизга тинчлик-хотиржамлик тилаб дуолар қилинди. Зеро, муҳтожнинг кўнглини кўтариш ва уни ёлғиз эмаслигини ҳис эттириш ҳам инсонпарварликнинг юксак кўринишидир.
Шу билан бирга, ҳаётида турли ижтимоий қийинчиликларга дуч келган ҳамда ёт ғоялар таъсирига тушиб қолиш хавфи мавжуд бўлган айрим фуқаролар билан якка тартибда мулоқотлар ташкил этилди. Суҳбатларда соф эътиқод, оила муқаддаслиги, фарзанд тарбияси, ҳалол меҳнат, Ватанга садоқат, миллий ва диний қадриятларга ҳурмат, шунингдек, турли бузғунчи ғояларга нисбатан маънавий иммунитетни мустаҳкамлаш масалалари ҳаётий мисоллар асосида тушунтирилди.
Тадбирлар доирасида Ургут туманидаги жоме масжидларда пешин намозидан сўнг маънавий-маърифий учрашувлар ҳам ўтказилди. Уларда меҳр-оқибат, қўни-қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш, ёшларни миллий ва диний қадриятларга содиқлик руҳида тарбиялаш, оила тинчлигини асраш, жамиятда ўзаро ҳурмат ва аҳиллик муҳитини қарор топтириш каби долзарб мавзулар атрофлича ёритилди.
Учрашувлар якунида мамлакатимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, Ватанимиз равнақи ва ёш авлоднинг илмли, одобли ҳамда ватанпарвар инсонлар бўлиб вояга етиши ҳақида хайрли дуолар қилинди.
Бугун юртимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жамиятда меҳр-саховат ва ўзаро ғамхўрлик муҳитини қарор топтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ургут туманида ўтказилган мазкур хайрли тадбирлар ҳам ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилиб, аҳоли ўртасида ҳамжиҳатлик, бағрикенглик ва инсонпарварлик туйғуларини янада мустаҳкамлади.
Меҳр бор жойда ишонч, саховат бор жойда барака, инсон қадри улуғланган жамиятда эса тинчлик ва фаровонлик қарор топади. Ана шундай эзгу амаллар халқимиз ўртасидаги бирдамлик ришталарини мустаҳкамлаб, юртимизнинг янада обод ва файзли бўлишига хизмат қилади.
Самарқанд вилояти вакиллиги матбуот хизмати