Самоҳат (бағрикенглик) сўзи араб луғатларида “саховат”, “осонлик” ва “мулойимлик” маънолари атрофида айланади. Журжонийнинг “Таърифот” китобида бу сўз “шарт бўлмаган нарсани ихтиёрий равишда бериш” деб таърифланган.
Шариат тушунчасида ҳам бу сўз луғавий маънодан кўп ҳам фарқ қилмайди. Бағрикенглик кўпгина ахлоқларни ўз ичига олади: саховат, мулойимлик, яхши муомала, гўзал муносабат, олий ахлоқни қўллаш, камчиликларга кўз юмуш, ўз ҳақ-ҳуқуқларидан кечиш ва тортишувдан воз кечиш.
Бағрикенглик тушунчасини очиқроқ баён қилиш учун Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳнинг гўзал хулқ ҳақида айтган сўзларини келтириш мумкин: “Мусулмон киши ўз ҳақларидан осонлик билан кечадиган, бошқалардан ҳаққини талаб қилмайдиган, бошқаларнинг ундаги ҳақларини тўлиқ адо этадиган киши бўлиши керак. Масалан:
1. Касал бўлса, уни кўргани борилмаса;
2. Сафардан келса, уни зиёрат қилинмаса;
3. Салом берса, саломига алик олинмаса;
4. Меҳмонга борса, унга ҳурмат кўрсатилмаса;
5. Шафоат сўраса, илтимоси инобатга олинмаса;
6. Яхшилик қилсаю, унга раҳмат айтилмаса;
7. Бир жамоага кирсаю, унга жой берилмаса;
8. Гапирсаю, унинг гапига қулоқ солинмаса;
9. Бирор дўстининг ҳузурига кириш учун изн сўрасаю, изн берилмаса;
10. Совчи бўлиб борсаю, унга уйлантирилмаса;
11. Қарз муддатини узайтиришни сўрасаю, муддат берилмаса;
12. Уни камситилсаю, ўзини камситилгандек кўрсатмаса.
Шу каби ҳолатлар юз берганда мусулмон кишининг жаҳли чиқмаслиги, ўч олмаслиги ва аввалги ҳолатини ўзгартирмаслиги унинг самоҳати (бағрикенглиги)дан далолатдир”.
Имом Байҳақий “Шуъабул-Иймон”да ривоят қилган.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан воҳамиз аҳолининг ижтимоий кўмакка муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг кўнглига қувонч улашишга қаратилган хайрли ишлар давом этмоқда.
Бугун, ЎМИ Қашқадарё вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби Раҳматилло домла Усмонов бошчиликларида ҳомийлар жалб этилган ҳолда маҳалла ҳудудидаги хонадонларга ташриф буюриб, хонадон аҳиллари билан самимий суҳбатлар ўтказилди. Уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида совға-саломлар ва хайр-эҳсон қутилари тарқатилди.
Бундай хайрли ташаббуслар халқимизга хос меҳр-оқибат, саховат ва инсонпарварлик фазилатларининг амалий ифодаси бўлиб, эҳтиёжманд оилаларга маънавий далда ва кўмак беришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Юртимизда тинчлик-осойишталик, хонадонларимизда файзу барака бардавом бўлсин!
ЎМИ Қашқадарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати