Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Яхши сўз садақадир", дедилар (Имом Бухорий ривояти).
2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Ҳар бир яхшилик садақадир", дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
3. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Йўлдан азият етказовчи нарсаларни олиб ташлаш садақадир", дедилар (Имом Байҳақий ривояти).
4. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Биродаринг юзига табассум билан қарашинг садақадир", дедилар (Имом Термизий ривояти).
5. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариш (амру маъруф ва наҳий аънил мункар) садақадир", дедилар (Имом Термизий ривояти).
6. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Йўлидан адашганга йўл кўрсатиш садақадир", дедилар (Имом Термизий ривояти).
7. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Челагингдаги сувдан биродарингни челагига қуйиб беришинг садақадир", дедилар (Имом Термизий ривояти).
8. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Кўзи ожиз кишига ёрдам беришинг садақа", дедилар (Имом Термизий ривояти).
9. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Кўринганга салом бериш садақадир", дедилар.
10. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Саломга алик олиш садақадир", дедилар.
11. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Ким биродарининг олдига зиммасидаги ҳақни адо этиш учун юриб борса, ҳар бир қадамига садақа ёзилади", дедилар.
12. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Аллоҳ азза ва жаллани зикр қилиш садақадир", дедилар.
Даврон НУРМУҲАММАД
Собит ибн Иброҳим таҳорат ола туриб ариқда оқиб келаётган бир олмага кўзи тушади ва олмани олиб ейди. Олманинг ярмини еб бўлганида, унинг ҳаққи ҳақида ўйлаб қолади. Шу хаёлда Собит ибн Иброҳим ариқ четидан юриб олма оқиб чиққан боғга киради ва боғ эгасига:
– Еб қўйган яримта олмам учун ҳаққингизни ҳалол этинг. Қолган ярми мана, олинг, – дейди.
– Майли, ҳаққимни ҳалол этаман, фақат бир шартим бор, – дейди боғ эгаси йигитнинг ҳалол, тақволи эканини англаб.
– Шартингизни айтинг, – дейди Собит ибн Иброҳим.
Шунда боғ эгаси:
– Бир қизим бор, уни никоҳингга оласан. Лекин рози бўлишингдан аввал унинг ҳолатидан сени огоҳ этишим лозим. Қизимнинг кўзи ожиз, ҳеч нарсани кўрмайди, соқов – гапирмайди ва яна қулоғи эшитмайди – кар, қимирламайди – шол, – дейди.
Боғ эгасининг гапларини эшитган Собит ибн Иброҳим лол бўлиб қолади. Еб қўйган яримта олманинг ҳаққидан қўрқиб, қизга уйланишга рози бўлади ва:
– Майли, таклифингизни қабул қилдим, зора шу билан Аллоҳнинг розилигига эришсам, – дейди.
Ота қизига оқ фотиҳа беради. Тўй-томошалар ўтгач, Собит ибн Иброҳим салом берганича қизнинг ёнига киради. Қиз саломга алик қайтарганча қўли кўксида қуллуқ қилади.
Йигит бўлаётган ишлардан ҳайратланади: “Бу жуда ғалати-ку, соқов эмас экан-да, саломимга жавоб берди. Тик турибди, демак шол ҳам эмас. Қўли кўксида, бундан чиқди кўзлари ҳам кўради”.
Йигит шошганча ташқарига чиқади ва қизнинг отасига: “Бу менга ваъда қилинган қиз эмас-ку, кўр, соқов, кар ва шол деганингизнинг боиси не?!” – дейди.
“Нега энди?” – изоҳ беради қизнинг отаси: “Бу ўша қиз. Кўзи ожиз деганим – унинг кўзлари Аллоҳ ҳаром қилган нарсага боқмаган, қулоғининг карлиги – Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларга қулоқ тутмаган, соқовлиги ҳам рост, чунки тили Аллоҳнинг зикригагина айланган, шоллиги – ёмон ишга юрмаган”.
Собит ибн Иброҳим бировнинг ҳаққидан қўрққанлиги эвазига олий мукофотга эришади. Вақт ўтиши билан унинг аёли ер юзини илм ва фиқҳга тўлдиражак бир зотга, буюк Имом Абу Ҳанифага ҳомиладор бўлади.